Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:00

[1] Бир куни Ёқуб ва Леахнинг қизи Дина шу ерлик қизларни кўришга борди.

[2] Бу ернинг беги Хамўр бўлиб, у Хив уруғидан эди. Хамўрнинг ўғли Шакам қизни кўриб қолиб, ушлади ва унинг номусига тегди.

[3] Шакам Динани қаттиқ севиб қолди, қизнинг севгисини қозонишга ҳаракат қилди.

[4] Отасига: “Шу қизни менга олиб беринг”, деб айтди.

[5] Ёқуб қизининг номуси топталганини эшитди. Ёқубнинг ўғиллари эса далада мол–қўйларини боқиб юрган эдилар. Улар қайтиб келгунларича Ёқуб ўзини босиб турди.

[6] Шакамнинг отаси Хамўр бу иш юзасидан гаплашгани Ёқубнинг олдига келди.

[7] Шу пайтда Ёқубнинг ўғиллари даладан келиб қолишди. Сингиллари шарманда бўлганини эшитишди–ю, қаттиқ ғазабланиб, тутақиб кетдилар. Шакам Ёқубнинг қизини булғаб, Исроилда шармандали иш қилган эди. Бундай иш ҳеч бўлмаслиги керак эди.

[8] Хамўр уларга: — Ўғлим Шакамнинг қизингизга ишқи тушиб қолибди, илтимос, қизингизни ўғлимга берсангизлар, — деди.

[9] — Бир–биримиз билан қуда–андачилик қилайлик, қизларингизни ўғилларимизга олиб берайлик, ўғилларингизга қизларимизни олиб беринглар.

[10] Шунда юртимизда биз билан бирга, хоҳлаган ерингизда яшайверасизлар, бемалол савдо–сотиқ қилаверасизлар, ерларимиздан ўзларингизга мулк орттирасизлар.

[11] Шакам ҳам Динанинг отаси билан акаларига илтимос қилиб, деди: — Менга мурувват қилинглар, Динани менга беринглар, эвазига истаган нарсаларингизни бераман.

[12] Қанча қалин ёки совға талаб қиласизлар — мен учун аҳамияти йўқ, бераман. Фақат қизингизга уйлансам бўлди.

[13] Шакам Динани шарманда қилгани учун, Шакам билан Хамўрни Динанинг акалари алдадилар.

[14] Улар Шакам билан Хамўрга дедилар: — Синглимизни қандайдир суннатсиз одамга беролмаймиз. Агар берсак, биз иснодга қоламиз.

[15] Биз фақат бир шарт билан рози бўламиз: ҳамма эркакларингиз бизга ўхшаб суннат қилинишлари керак.

[16] Шунда биз қизларимизни сизларга берамиз, сизларнинг қизларингизни оламиз. Сизларнинг орангизда яшаб, сизлар билан бир халқ бўламиз.

[17] Лекин бизнинг шартимизга кўнмасдан, суннат қилинмасангизлар, синглимизни олиб кетамиз.

[18] Уларнинг гапига Хамўр билан Шакам бажонидил рози бўлишди.

[19] Шакам Динага хуштор бўлиб қолганидан, бу талабни бажаришни тезлаштирди. У оиласида ҳурматга сазовор, энг обрўли одам эди.

[20] Хамўр билан Шакам шаҳар дарвозасига келиб, шаҳарнинг оқсоқолларига шундай дейишди:

[21] — У одамлар — бизнинг дўстларимиз. Улар бизнинг юртимизда яшаб, савдо–сотиқ қилаверсинлар. Юртимиз кенг, уларга ҳам етади. Шунда бир–биримиз билан қиз олиб, қиз беришамиз.

[22] Улар фақат бир шарт билан бизнинг орамизда яшаб, биз билан бир халқ бўлишга рози: орамиздаги ҳамма эркаклар, улар сингари, суннат бўлишлари керак экан.

[23] Агар биз шундай қилсак, уларнинг ҳамма қўй–эчкилари, мол–мулки бизники бўлади. Келинглар, уларнинг айтганларига рози бўлайлик, токи улар бизнинг орамизда яшаб қолишсин.

[24] Шаҳар дарвозасига борганлар Хамўр билан унинг ўғли Шакамнинг гапларини эшитгач, рози бўлдилар. Бутун шаҳар эркаклари суннат қилиндилар.

[25] Орадан уч кун ўтди. Шаҳарнинг ҳамма эркаклари суннат қилинганлари учун ҳали ҳам оғриб ётган эдилар. Ёқубнинг икки ўғли — Динанинг акалари Шимўн билан Леви қиличларини олдилар ва бамайлихотир шаҳарга кирдилар. Шаҳардаги ҳамма эркакни ўлдирдилар.

[26] Хамўр билан унинг ўғли Шакамни ҳам ўлдириб, Шакамнинг уйидан Динани олиб кетдилар.

[27] Ёқубнинг қолган ўғиллари, синглимизни шарманда қилганлари учун қасос оламиз деб, жасадларни талаб, шаҳарни талон–тарож қилдилар.

[28] Улар шаҳардаги ва далалардаги жамики қўй–эчкиларни, мол подаларини, эшакларни олиб кетдилар.

[29] Шаҳар халқининг ҳамма бойликларини, уйларидаги ҳамма нарсасини ўлжа қилиб, болаларини ва аёлларини асир қилиб олиб кетдилар.

[30] Шунда Ёқуб Шимўн билан Левига деди: — Сизлар бошимга бало келтирдингиз. Энди бу юртдаги Канъон ва Париз халқлари, қолаверса, ҳамма мени ёмон кўради. Биз озчилик бўлсак, ахир. Улар биргалашиб ҳужум қилиб қолгудек бўлса, ҳаммамиз қирилиб кетамиз–ку!

[31] Шунда ўғиллари: — Синглимизга фоҳишадай муомала қилишларига йўл қўймаймиз! — деб эътироз билдирдилар.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters