[1] Иброҳим бошқа аёлга уйланди. У аёлнинг исми Хатуро эди.
[2] У Иброҳимга бир неча ўғил туғиб берди. Ўғилларнинг исми Зимрон, Ёхшон, Мидон, Мидиён, Йишбоқ ва Шувах эди.
[3] Ёхшоннинг Шава ва Дедон деган ўғиллари бор эди. Дедоннинг насли Ашур, Латуш ва Лум халқлари эди.
[4] Мидиённинг ўғиллари Эфах, Ифар, Ханўх, Авидо ва Элдах эдилар. Хатуродан бино бўлган ўғиллари мана шулар эдилар.
[5] Иброҳим бутун мол–мулкини ўғли Исҳоққа берди.
[6] Иброҳим ҳаёт экан, чўрилари туғиб берган ўғилларига ҳадялар берди ва ўша ўғилларини Исҳоқнинг олдидан нарига — шарқ томондаги юртга жўнатди.
[7] Иброҳим 175 йил яшаб,
[8] нуроний ёшда, кексайиб, оламдан ўтди.
[9] Ўғиллари Исҳоқ билан Исмоил уни Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга дафн қилдилар. Бу дала илгари Хет халқидан бўлган Зўхар ўғли Эфрўнники эди.
[10] Бу далани Иброҳим Хет халқидан сотиб олган эди. Иброҳим бу ғорда хотини Соранинг ёнига дафн қилинди.
[11] Иброҳим вафот этгандан кейин, Худо унинг ўғли Исҳоққа барака берди. Исҳоқ Бэр–Лахай–Руй қудуғи ёнида истиқомат қиларди.
[12] Соранинг Мисрлик чўриси Ҳожар Иброҳимга туғиб берган Исмоилнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир:
[13] Туғилиш тартибига кўра, Исмоил ўғилларининг исмлари қуйидагича: тўнғич ўғли — Наваёт, кейингилари Кедар, Адбал, Мивсом,
[14] Мишмо, Думах, Массо,
[15] Ҳадад, Темо, Ятур, Нофиш ва Кедемах.
[16] Исмоилнинг бу ўн икки ўғли ўн икки қабиланинг йўлбошчиси бўлдилар. Ўша қабилалар чодир қуриб жойлашган ерларга уларнинг исмлари берилди.
[17] Исмоил 137 ёшида оламдан ўтди.
[18] Исмоилнинг насли Оссурияга кетаверишда — Мисрнинг шарқидаги Хавила билан Шур орасида ўрнашди. Улар қариндошларига душман бўлиб яшардилар.
[19] Иброҳим ўғли Исҳоқнинг хонадони тарихи қуйидагичадир: Иброҳим Исҳоқнинг отаси эди.
[20] Исҳоқ Ривқога уйланганда қирқ ёшда эди. Ривқо Батувалнинг қизи, Лобоннинг синглиси эди. Батувал Орамлик бўлиб, Паддон–Орамдан эди.
[21] Ривқонинг боласи бўлмади. Исҳоқ хотини учун Эгамизга илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижоларини эшитди. Ривқо ҳомиладор бўлди.
[22] Ривқонинг қорнидаги болалари бир–бири билан уришардилар. Ривқо: “Агар шунақа бўлса, ҳомиладор бўлишимнинг нима фойдаси бор?!” деб бу ҳақда Эгамиздан сўради.
[23] Эгамиз Ривқога шундай деди: “Сенинг қорнингда икки халқ бор, Сендан туғилганлар икки халққа бўлинар. Бири иккинчисидан кучли чиқажак, Каттаси кичигига хизмат қилажак.”
[24] Ривқонинг ой–куни яқинлашиб, эгизак туғди.
[25] Тўнғичи туғилганда, қип–қизил экан. Унинг танаси жун матога ўхшарди. Шунинг учун унинг исмини Эсов қўйдилар.
[26] Укаси эса Эсовнинг товонини ушлаб туғилди, шунинг учун унинг исмини Ёқуб қўйдилар. Эгизаклар туғилганда, Исҳоқ олтмиш ёшда эди.
[27] Болалар улғайдилар. Эсов — дала–даштни яхши кўрадиган моҳир овчи, Ёқуб эса уйда ўтиришни ёқтирадиган, беозор одам бўлди.
[28] Эсов овлаб келган ҳайвонларнинг гўштини Исҳоқ тановул қилиб, лаззат олар, шунинг учун у Эсовни яхши кўрарди. Ривқо эса Ёқубни яхши кўрарди.
[29] Бир куни Ёқуб ясмиқ шавла пишираётган эди, Эсов даладан очқаб, сулайиб келиб қолди.
[30] Эсов Ёқубга: — Менга ана шу қизил овқатингдан бергин, ўлгудай қорним очди, — деди. (Шунинг учун у Эдом деган исм ҳам олган.)
[31] — Бўпти, — деди Ёқуб, — лекин бунинг эвазига менга тўнғичлик ҳуқуқингни сот.
[32] — Э, тўнғичлик ҳуқуқимдан менга нима фойда, қорним очганидан ўлай деб турибман, — деди Эсов.
[33] — Олдин менга қасам ич, — деди Ёқуб. Эсов Ёқубга қасам ичди. Шундай қилиб, у тўнғичлик ҳуқуқини Ёқубга сотди.
[34] Шундан кейин Ёқуб Эсовга нон билан ясмиқ шавла берди. Эсов еб–ичиб, ўрнидан турди–да, ўз ишлари билан чиқиб кетди. Шундай қилиб, Эсов ўзининг тўнғичлик ҳуқуқини менсимади.