[1] Шу воқеалардан кейин Худо Иброҳимни синади. — Иброҳим! — деб чақирди Худо. — Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
[2] — Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан.
[3] Эртаси куни Иброҳим саҳарда туриб, эшагини эгарлади. Оловда куйдириладиган қурбонлик учун ўтин тайёрлади. Сўнг икки хизматкори ва ўғли Исҳоқни ёнига олиб, Худо айтган ерга жўнади.
[4] Уч кун йўл юрганларидан кейин, Иброҳим узоқдан ўша жойни кўрди.
[5] Иброҳим хизматкорларига деди: — Сизлар шу ерда — эшакнинг ёнида қолинглар. Ўғлим билан ҳов анави ерга борамиз–у, у ерда сажда қилиб, шу ерга қайтиб келамиз.
[6] Иброҳим қурбонлик куйдириш учун ўтинни олиб, ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди. Ўзи эса пичоқ билан чўғни олиб кетди. Икковлари бирга кетишди.
[7] — Отажон! — деди бир пайт Исҳоқ отасига. — Лаббай, ўғлим, — деб жавоб берди Иброҳим. — Олов билан ўтин бор–у, лекин қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзи қани? — деб сўради Исҳоқ.
[8] — Қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини Худонинг Ўзи беради, ўғлим, — деб жавоб қилди Иброҳим. Шундай қилиб, икковлари бирга йўлда давом этишди.
[9] Улар Худо кўрсатган ерга етиб келганларидан кейин, Иброҳим қурбонгоҳ қуриб, қурбонгоҳга ўтин қалади. Сўнгра у ўғли Исҳоқни боғлаб, қурбонгоҳдаги ўтинлар устига ётқизди.
[10] Иброҳим пичоқни олди ва ўғлини бўғизлашга шайланди.
[11] Шу пайт Эгамизнинг фариштаси самодан унга ҳайқирди: — Иброҳим! Иброҳим! — Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
[12] — Пичоқни ташла! — деб буюрди фаришта. — Бундай қилма, болага зарар етказма. Энди билдим, сен ҳақиқатан Худодан қўрқар экансан. Сен ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг.
[13] Иброҳим бошини кўтариб, қўчқорни кўриб қолди. Қўчқорнинг шоҳлари чакалакларга ўралиб қолган эди. Иброҳим қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди.
[14] Шунинг учун бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетган.
[15] Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси самодан Иброҳимни яна чақирди:
[16] — Эганг айтмоқда: “Менга итоат қилганинг учун, ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямаганинг учун Ўзимнинг номим билан қасамёд қиламан:
[17] сенга албатта қут–барака бераман. Наслингни осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз қилиб кўпайтираман. Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгаллайдилар.
[18] Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади.”
[19] Шундай қилиб, Иброҳим ўғли билан бирга хизматкорлари ёнига қайтиб келди ва Бершебага — уйига йўл олди. Иброҳим Бершебада яшаб қолди.
[20] Шундан кейин Иброҳим: “Уканг Нахўрнинг хотини Милхо саккиз нафар ўғил туққан” деган хабарни эшитди.
[21] Тўнғич ўғлининг исми Уз, кейингисининг оти Буз, ундан кейингисиники Камувол (Камувол Орамнинг отаси бўлди),
[22] Хосит, Хазо, Пилдаш, Йидлаф, Батувал эди.
[23] Батувал бир қиз кўриб, отини Ривқо қўйди.
[24] Милхо туғиб берган саккиз нафар ўғлидан ташқари, Нахўрнинг Равумо деган чўриси ҳам унга тўрт ўғил туғиб берди. Бу ўғилларининг исми Тавах, Гахам, Тахаш ва Махо эди.