[1] Ёқуб ўғилларини ҳузурига чорлаб деди: “Ёнимга келинглар, келгусида сизларга нима бўлишини айтай.
[2] Келинг, қулоқ солинг, эй Ёқуб ўғиллари, Эшитинг отангиз Исроилнинг сўзларини.
[3] Рубен, сенсан менинг тўнғичим, Қувватимнинг илк меваси, ҳам қудратим, Шуҳрату қудратда юксаги сенсан.
[4] Лекин денгиз тўлқинидай бетизгинсан, Бундан кейин асло устун бўлмайсан. Отангнинг ётоғига сен кирдинг, Тўшагимга чиқиб, уни булғадинг.
[5] Шимўн билан Леви ҳамтовоқлардир, Қиличлари жабр–жафо қуролидир.
[6] Ҳеч қачон шерик бўлмасман уларнинг фитналарига, Асло қўшилмасман уларнинг йиғинларига. Улар ғазаб ила ўлдирдилар инсонларни, Роҳатланиш учун майиб қилдилар ҳўкизларни.
[7] Лаънат бўлсин уларнинг раҳмсиз ғазабига, Лаънат бўлсин уларнинг беаёв зулмларига! Тарқатиб юбораман уларни ҳар томонга, Ёқубнинг юртида — Исроилнинг юртида.
[8] Эй Яҳудо, сени мадҳ этар биродарларинг, Ғанимларинг гарданида бўлар қўлларинг. Сенга таъзим қилишар отангнинг ўғиллари.
[9] Яҳудо шернинг боласига ўхшар, Ўғлим, овдан қайтиб келдинг сен, Шердек чўкиб, чўзилиб ётарсан. Сени уйғотмоққа ким журъат этар?!
[10] Яҳудонинг қўлидан кетмас салтанат ҳассаси, Унинг наслида қолар салтанат тамғаси, Халқлар унга ўлпон келтирарлар, Унга итоат этиб таъзим қиларлар.
[11] Эшагини у доим боғлайди токка, Хўтикчани — ток новдасига. Шаробда ювади кийимларини Аъло шаробда — кўйлакларини.
[12] Шаробдан ҳам қора кўзлари, Сутдан ҳам оппоқ тишлари.
[13] Забулун ўрнашади денгиз бўйида, Кемаларга у бандаргоҳ бўлажак. Унинг чегараси Сидонгача боражак.
[14] Иссахор қўрада ўрнашиб ётган Кучли эшакка ўхшар.
[15] Кўрсаки, ўрнашган ери нақадар яхши, Жуда ёқимли экан бу жойлар. Юкни кўтармак чун елкасин тутди, Оғир меҳнатга у қул бўлиб қолди.
[16] Исроил қабиласининг биттаси бўлиб, Дан ўз халқини ҳукм қилади.
[17] Дан йўлда ётган бир илон бўлади, Сўқмоқда чўзилиб ётган заҳарли илон. Отларнинг тўпиғини у чақиб олар, Чавандоз йиқилар, чалқанча тушар.
[18] Сендан нажот кутарман, эй Эгам!
[19] Гадни талаб кетади босқинчилар, Гад уларнинг изидан бостириб борар.
[20] Ошер тансиқ таом етиштирар, Шоҳона ноз–неъматлар тайёрлар.
[21] Нафтали озод юрган оҳуга ўхшар, Ажойиб оҳучалар дунёга келтирар.
[22] Юсуф ўхшар серҳосил токка — Булоқ бўйидаги серҳосил узумга. Унинг новдалари девордан ошиб ўтар.
[23] Раҳмсиз камонкашлар унга ҳужум қилишди, Ўқ отишди унга, қаттиқ сиқишди.
[24] Лекин Юсуфнинг камони таранг тортилди, Унинг қўллари ҳам чаққонлашди Ёқубнинг қудратли Худоси кучи туфайли, Исроилнинг Чўпони, Қояси туфайли.
[25] Отангнинг Худоси сенга мадад бергай, Қодир Худо сенга марҳамат кўрсатгай Юқоридаги осмон баракалари ила, Ер қаъридан чиққан сувнинг баракалари ила, Она кўкрагию пуштининг баракаси ила.
[26] Абадий тоғлар баракасидан ҳам, Қадим тепаликлар неъматидан ҳам, Отангнинг дуолари кучлидир. Бу баракалар Юсуфга насиб этар, Биродарлари ичра у йўлбошчи бўлар.
[27] Бенямин оч бўрига ўхшар, Сабоҳда у ўлжасини ямлаб ютар, Оқшомда у топганини бўлишар.”
[28] Исроилнинг ўн икки қабиласи ана шулар бўлиб, отаси уларни дуо қилганда, юқоридаги сўзларни айтган эди. Ҳар бирини ўзига лойиқ тарзда дуо қилди.
[29] Шундан сўнг Ёқуб ўғилларига васият қилди: — Менинг куним битиб боряпти. Мени Хет халқидан Эфрўннинг даласидаги ғорга — ота–боболарим ёнига дафн қилинглар.
[30] Ўша ғор Канъон юртида, Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги далада. Бобом Иброҳим бу далани Эфрўндан қабристон учун сотиб олган.
[31] У ерга бобом Иброҳим билан бувим Сора дафн қилинган. Отам Исҳоқ билан онам Ривқо ҳам у ерга дафн қилинган. У ерга мен Леахни дафн қилганман.
[32] Бобом Иброҳим Хет халқидан сотиб олган ғор ўшадир.
[33] Ёқуб ўғилларига васият қилиб бўлгач, яна тўшагига ётди–ю, жони узилиб, ота–боболари ёнига кетди.