[1] Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрга олиб келишгач, уни Мисрлик Пўтифар деган бир одамга сотишди. Пўтифар фиръавннинг аъёнларидан бири бўлиб, қўриқчилар бошлиғи эди.
[2] Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга кўп муваффақият келтирарди. Юсуф Мисрлик хўжайинининг хонадонида хизмат қилиб юраверди.
[3] Пўтифар кўрдики, Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, ҳар бир қилган ишида унга муваффақият келтиряпти.
[4] Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг илтифотига сазовор бўлди, хўжайинининг мулозими бўлиб қолди. Пўтифар Юсуфни ўз хонадони устидан назоратчи қилиб, бутун мол–мулкини унга ишониб топширди.
[5] Пўтифар Юсуфни назоратчи қилиб тайинлаган кундан бошлаб, Эгамиз Юсуф туфайли Пўтифарнинг хонадони аҳлига, унинг уйидаги ва даласидаги бутун мол–мулкига барака берадиган бўлди.
[6] Буни кўрган Пўтифар бутун мол–мулкини Юсуфнинг ихтиёрига топширди. Пўтифарнинг ейдиган овқатидан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди. Юсуф жуда чиройли, келишган йигит эди.
[7] Орадан маълум вақт ўтгач, хўжайинининг хотини Юсуфга кўзларини сузиб: “Мен билан бирга бўл”, деб таклиф қилди.
[8] Лекин Юсуф рад қилди ва хўжайинининг хотинига деди: — Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен бу ерда бўлганим учун, хўжайиним хонадонидаги ҳеч бир нарса тўғрисида қайғурмайди, ҳамма нарсасини менинг қўлимга топшириб қўйди.
[9] Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!
[10] Пўтифарнинг хотини ҳар куни Юсуфга таклиф қилса ҳам, лекин Юсуф рад қилиб, у билан бўлмади.
[11] Бир куни Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорлардан биронтаси ҳам йўқ эди.
[12] Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди.
[13] Аёл кўрдики, Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.
[14] Шунда аёл уйдаги хизматкорларни чақирди. Аёл ҳўнграб деди: — Қаранглар! Эрим манави ибронийни бизни таҳқирлаш учун олиб келган экан! У мен билан ётгани кирган экан, овозим борича бақирдим.
[15] Додлаганимдан кейин, кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.
[16] Хўжайин уйга келгунча, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди.
[17] Аёл эрига ҳам ўша воқеани айтиб берди: “Сиз уйимизга олиб келган анави иброний қулвачча хонамга кириб, мени таҳқирламоқчи бўлди.
[18] Мен дод солган эдим, у кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.”
[19] Пўтифар буни эшитгач, ғазабланди.
[20] У Юсуфни ушлаб, шоҳнинг маҳбуслари сақланадиган зиндонга ташлади. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда қолаверди.
[21] Лекин Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга марҳамат кўрсатарди. Натижада зиндонбоши Юсуфга илтифот қиларди.
[22] Зиндонбоши зиндондаги ҳамма маҳбусларга қараб туришни Юсуфга юклаб қўйди, зиндонда бўладиган ҳамма ишларга Юсуф масъул эди.
[23] Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унинг ҳамма ишларида муваффақият келтирарди. Шунинг учун Юсуф масъул бўлган ишларга зиндонбоши аралашмасди.