Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:19

[1] Ёқуб қараса, Эсов келаётган экан, ёнида тўрт юзта одами ҳам бор. Ёқуб болаларини Леахга, Роҳилага ва иккала чўрисига тақсимлади.

[2] Чўрилари билан уларнинг болаларини энг олдинга, Леах билан унинг болаларини улардан кейин, Роҳила билан Юсуфни эса охирига қўйди.

[3] Ёқубнинг ўзи уларнинг олдида борди. Акасининг олдига етиб боргунча етти марта эгилиб таъзим қилди.

[4] Эсов ҳам укасини кутиб олгани югуриб бориб, уни қучоқлаб олди. Ёқубнинг бўйнига осилиб, ўпди. Иккови ҳам йиғлар эди.

[5] Эсов аёлларга ва болаларга қараб: — Ёнингдаги бу одамлар сенга ким бўлади? — деб сўради. — Мен, қулингизга Худо иноят қилиб берган болаларим, — деди Ёқуб.

[6] Шундан кейин чўрилар билан уларнинг болалари Эсовнинг олдига келишиб, унга эгилиб таъзим қилдилар.

[7] Улардан кейин Леах билан унинг болалари яқин келиб, эгилиб таъзим қилишди. Охирида Юсуф билан Роҳила яқин келиб, эгилиб таъзим қилдилар.

[8] — Менга сурувлару подалар жўнатибсан, бундан мақсадинг нима эди? — деб сўради Эсов. — Ҳазратимнинг илтифотига сазовор бўлишим учун ҳадя қилиб юборган эдим, — деб жавоб берди Ёқуб.

[9] — Раҳмат, ука, ўзимники жуда кўп, ўзингники ўзингга буюрсин, — деди Эсов.

[10] — Йўқ, илтимос, агар мени илтифотингизга сазовор билсангиз, ҳадяларимни оласиз, — деб туриб олди Ёқуб. — Сиз мени шундай яхши кутиб олдингизки, мен учун сизнинг юзингизни кўриш — Худонинг юзини кўришга ўхшайди.

[11] Илтимос қиламан, ҳадяларимни олинг. Худо менга иноят қилиб, керакли ҳамма нарсани берди. Ёқуб қаттиқ илтимос қилавергандан кейин, охири, Эсов ҳадяларни олишга рози бўлди.

[12] — Қани, энди кетайлик, мен сенга йўл кўрсатиб бораман.

[13] Ёқуб эса шундай деди: — Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳазратим, болаларим чиниқмаган, қўй–сигирларим ҳам болалаган. Қўй–сигирларимни бир кунгина қистаб ҳайдасалар, бутун чорва нобуд бўлади.

[14] Шунинг учун мендан олдинда кетаверсангиз. Мен чорванинг юришига ва болаларнинг қадамига қараб секин боравераман. Сиз билан Сеир юртида учрашамиз.

[15] — Бўпти, бўлмаса, одамларимдан баъзиларини сен билан қолдирай, ҳам сизларга йўл кўрсатиб боради, ҳам қўриқлаб кетади, — деди Эсов. — Нима қиласиз овора бўлиб?! Менга кўп меҳрибонлик кўрсатяпсиз, шунга ҳам раҳмат.

[16] Эсов ўша куни Сеирга қайтиб кетди.

[17] Ёқуб эса оиласи билан Сухотга қараб кетди. У ерда ўзига бир уй, чорваси учун қўралар қурди. Шунинг учун бу жойга Сухот деб ном берилди.

[18] Шундай қилиб, Ёқуб Паддон–Орамдан Канъон юртидаги Шакам шаҳрига эсон–омон қайтиб келди. Шаҳар ташқарисида чодирларини тикди.

[19] У чодир тиккан жойлар Хамўр деган одамнинг ўғилларига қарашли мулк эди. Хамўр Шакамнинг отаси эди. Ёқуб бу жойларни Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга сотиб олди.

[20] Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, бу жойни “Худо Исроилнинг Худосидир” деб атади.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters