[1] Ёқуб йўлида давом этиб, ниҳоят, шарқдаги юртга етиб келди.
[2] У даштда бир қудуқни узоқдан туриб кўрди. Қудуқ ёнида уч тўп пода ётарди. Чорва шу қудуқдан суғорилар, қудуқнинг оғзи каттакон тош билан ёпиб қўйиларди.
[3] Чўпонлар ҳамма қўй–эчкиларни у ерга ҳайдаб келганларидан кейин, қудуқнинг оғзидаги тошни суришиб, қўйларни суғоришарди–да, қудуқнинг оғзини яна ўша тош билан беркитиб қўйишарди.
[4] Ёқуб чўпонларнинг олдига бориб, улардан: — Биродарлар, қаерликсизлар? — деб сўради. — Хоронданмиз, — деб жавоб беришди улар.
[5] — Лобон деган одамни танийсизларми? — деб сўради Ёқуб, — у Нахўрнинг набираси бўлади. — Ҳа, таниймиз, — деб жавоб беришди чўпонлар.
[6] — Лобон тинч–омонми? — деб сўради Ёқуб. — Яхши, — деб жавоб беришди чўпонлар. — Ана, унинг қизи Роҳила ҳам қўйларини ҳайдаб шу ёққа келяпти.
[7] — Сурувни бир жойга тўплабсизлар, лекин ҳозир пайти эмас–ку, оқшомгача ҳали эрта! — деди Ёқуб. — Қўйларни суғориб, ўтлатгани қайтариб олиб бормайсизларми?
[8] Чўпонлар шундай жавоб беришди: — Ҳамма сурувни бу ерга тўплаб, тошни қудуқнинг оғзидан сурганимиздан кейингина қўйларни суғорамиз.
[9] Ёқуб чўпонлар билан гаплашиб турганда, Роҳила отасининг қўйларини ҳайдаб келиб қолди. Роҳила чўпонлик қиларди.
[10] Ёқуб тоғаси Лобоннинг қизи Роҳилани ва унинг қўйларини кўрди. Қудуқ ёнига бориб, қудуқ оғзидаги тошни сурди–да, тоғасининг қўйларини суғорди.
[11] Кейин Роҳилани ўпди, хурсандлигидан кўзларига ёш келди.
[12] — Мен отангнинг жияниман, амманг Ривқонинг ўғлиман, — деб Ёқуб ўзини таништирди. Роҳила югуриб бориб, отасига хабар берди.
[13] Лобон, синглимнинг ўғли келибди, деб эшитди–ю, ўша заҳоти, Ёқубни кутиб олишга шошилди. Ёқуб билан қучоқлашиб кўришди. Лобон Ёқубни уйига олиб келди. Ёқуб бошидан кечирганларини тоғасига айтиб берди.
[14] — Сен менинг жигаримсан, оиламнинг бир аъзосисан, — деди Лобон. Ёқуб Лобонникида бир ой тургандан кейин,
[15] Лобон унга деди: — Сен менинг қариндошим бўлсанг ҳам, текинга ишламаслигинг керак. Айт–чи, хизмат ҳақингга нима истайсан?
[16] Лобоннинг икки қизи бўлиб, каттасининг исми — Леах, кичигиники — Роҳила эди.
[17] Леахнинг кўзлари чиройли, Роҳила эса ҳар жиҳатдан гўзал — юзи чиройли, қадди–қомати келишган эди.
[18] Ёқуб Роҳилани севарди, шунинг учун: “Мен сизга кичик қизингиз Роҳила учун етти йил хизмат қилиб бераман”, деди.
[19] Шунда Лобон унга деди: — Майли, розиман, қизимни бегонага берганимдан кўра, сенга берганим яхши–ку. Меникида қолавер.
[20] Шундай қилиб, Ёқуб Роҳилага қалин учун етти йил хизмат қилди. Лекин Ёқубнинг Роҳилага бўлган севгиси шунчалик кучли эдики, етти йил бир неча кундай туюлди.
[21] Ниҳоят, Ёқуб Роҳилага уйланадиган пайт ҳам келди. — Мен шартни бажардим, — деди Ёқуб Лобонга. — Энди қизингизга уйланишимга ижозат беринг.
[22] Лобон бутун юрт аҳолисини тўплаб, зиёфат берди.
[23] Лекин ўша куни кечаси Лобон Роҳиланинг ўрнига, тўнғич қизи Леахни Ёқубга берди. Леахга хизмат қилсин деб, Лобон ўзининг Зилпо деган чўрисини Леахга берди. Ёқуб Леахнинг ёнига кирди.
[25] Ёқуб эрталаб туриб қараса, ёнида Леах ётибди! — Бу нима қилганингиз?! — деди Ёқуб ғазабланиб Лобонга. — Мен сизга етти йил Роҳила учун хизмат қилдим–ку! Нимага мени алдадингиз?
[26] — Бизнинг юртдаги одат бўйича, катта қиздан олдин кичиги турмушга берилмайди, — деб жавоб берди Лобон.
[27] — Бир ҳафтада бу қизимнинг тўйи тантанаси тугайди, кутиб тур. Агар менга яна етти йил хизмат қилиб берадиган бўлсанг, хизматинг эвазига кичкинасини ҳам сенга бераман.
[28] Ёқуб рози бўлди. Бир ҳафтадан кейин Ёқуб билан Леахнинг тўйи тантанаси тугади. Лобон Роҳилани ҳам Ёқубга берди.
[29] Лобон ўзининг Билхах деган чўрисини қизи Роҳилага берган эди.
[30] Шундай қилиб, Ёқуб Роҳиланинг ёнига кирди. У Леахдан кўра, Роҳилани кўпроқ яхши кўрарди. Ёқуб Лобонга яна етти йил хизмат қилиб берди.
[31] Ёқуб Леахга кўнгилсиз эканини Эгамиз кўриб турарди. Шунинг учун У Леахни туғишга қодир қилди, Роҳила эса бефарзанд ўтаверди.
[32] Леах ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. У: “Эгам менинг бахтсизлигимни кўрди, энди эрим менга албатта кўнгил қўяди”, деб ўғлининг исмини Рубен қўйди.
[33] Леах ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. “Эрим менга кўнгилсизлигини Эгам эшитиб, яна бир ўғил берди”, деб ўғлининг исмини Шимўн қўйди.
[34] Леах яна ҳомиладор бўлди ва яна ўғил туғди. У: “Эримга учта ўғил туғиб бердим, энди у албатта менга боғланиб қолади”, деб ўғлининг исмини Леви қўйди.
[35] Леах яна ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. У: “Энди Эгамга ҳамду сано айтаман”, деб ўғлининг исмини Яҳудо қўйди. Шундан кейин у туғишдан қолди.