[1] Худо Нуҳни ва у билан кемада бирга бўлган барча жонзотларни эсдан чиқармаган эди. Худо ер узра шабада эстирган эди, сув пасая бошлади.
[2] Ер остидаги булоқлар, осмоннинг қопқаси беркилди, қаттиқ қуяётган жала тўхтади.
[3] Сув аста–секин ер юзида камая бошлади. Ниҳоят, 150 кундан кейин сув камайди.
[4] Еттинчи ойнинг ўн еттинчи куни кема Арарат тоғи чўққиларига тиралиб тўхтаб қолди.
[5] Ўнинчи ойгача сув камайиб бораверди. Ниҳоят, ўнинчи ойнинг биринчи куни тоғ чўққилари кўринди.
[6] Яна қирқ кун ўтгач, Нуҳ кеманинг дарчасини очди–да,
[7] қарғани чиқариб юборди. Ер юзидаги сув қуригунча, қарға у ёқдан–бу ёққа учиб юраверди.
[8] Ер юзидаги сув қуриганини билиш учун энди Нуҳ кемадан каптарни учириб юборди.
[9] Ҳали ер юзини сув босиб ётгани учун каптар қўнгани жой тополмай, кемага — Нуҳнинг ёнига қайтиб келди. Нуҳ каптарни ушлаб, ичкарига олди.
[10] Етти кундан кейин Нуҳ яна каптарни кемадан учирди.
[11] Кечга яқин каптар унинг ёнига қайтиб келди. Каптарнинг тумшуғида янги ўсиб чиққан зайтун барги бор эди. Нуҳ билдики, ер юзидаги сув пасайибди.
[12] Нуҳ яна етти кунни ўтказиб, каптарни учириб юборди. Каптар Нуҳнинг ёнига бошқа қайтиб келмади.
[13] Нуҳ 601 ёшга кирганда, биринчи ойнинг биринчи кунида ер юзидаги сув қурий бошлади. Нуҳ кеманинг қопқоғини очиб қаради, ер юзи ҳали тўлиқ қуримаган экан.
[14] Ниҳоят, иккинчи ойнинг йигирма еттинчи куни ер бутунлай қуп–қуруқ бўлди.
[15] Кейин Худо Нуҳга шундай деди:
[16] “Кемадан чиқ, хотининг, ўғилларинг, келинларинг ҳам сен билан бирга кемадан чиқишсин.
[17] Ўзинг билан бирга ҳамма тирик жонзотларни — қушлару ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни ҳам олиб чиқ, токи улар ер юзида серпушт бўлиб, кўпайиб, ғиж–ғиж қайнасин.”
[18] Шундай қилиб, Нуҳ ўғилларини, хотини ва келинларини бошлаб, кемадан ташқарига чиқди.
[19] Ҳамма ҳайвонлар, судралиб юрувчи жониворлар, ҳашаротлар, қушлар — ерда яшайдиган жамики жонзотлар ҳам ўз жуфти билан кемадан чиқди.
[20] Сўнгра Нуҳ Эгамизга атаб қурбонгоҳ қурди. Сўнг ҳар бир ҳалол ҳайвондан ва ҳалол қушдан олиб, қурбонгоҳ устида уларни қурбонлик қилиб куйдирди.
[21] Эгамиз қурбонликнинг хушбўй ҳидидан мамнун бўлиб, Ўзига Ўзи деди: “Инсоннинг кўнглида болалигиданоқ қабиҳ ният бор экан. Шундай бўлса ҳам, Мен бундан буён жамики тирик жонзотни олдингидай қириб ташламайман. Инсон туфайли бутун дунёни лаънатламайман.
[22] Бу олам турар экан, баҳорда экин–тикин, кузда ўрим–йиғим, ёз ва қиш, совуқ ва иссиқ, кундуз ва тун бўлаверади.”