[1] Парвардигор Эгамиз ҳамма ёввойи ҳайвонларни ҳам яратган эди. Ўша ҳайвонлар орасида анча айёри илон эди. Илон хотиндан: — Ҳақиқатан ҳам Худо, боғдаги биронта дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдими? — деб сўради.
[2] Хотин илонга: — Йўғ–э, биз боғдаги ҳамма дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин, — деб жавоб берди.
[3] — Лекин Худо, боғ ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, тегманглар ҳам, акс ҳолда, ўласизлар, деб айтган.
[4] Илон эса хотинга: — Йўқ, ўлмайсизлар, — деди.
[5] — Чунки Худо биладики, сизлар бу мевалардан есангиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога ўхшаб қоласизлар.
[6] Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан. Хотин: “Қанийди мевалар менга донолик ато қилса”, деб орзу қилди. У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди.
[7] Ўша заҳоти икковининг ҳам кўзлари очилиб, улар яланғоч эканликларини англадилар, анжир баргларини сонлари атрофига тизиб, ўзларига ёпинчиқ ясадилар.
[8] Оқшом пайти шабада эсиб турганда, одам ва хотини боғда Парвардигор Эгамизнинг юрганини билдилар. Улар Парвардигор Эгамизнинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасига яшириндилар.
[9] Парвардигор Эгамиз: — Қаердасан? — деб одамни чақирди.
[10] Одам: — Мен боғда юрганингни билдим–у, яланғоч бўлганим учун қўрқиб, яшириндим, — деди.
[11] — Яланғоч эканингни сенга ким айтди? — деб сўради Худо. — Ёки Мен, еманглар, деб амр этган дарахтнинг мевасидан едингми?
[12] Одам жавоб берди: — Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга берди, мен ҳам едим.
[13] Шунда Парвардигор Эгамиз хотинга: — Бу нима қилганинг? — деди. — Илон мени алдади, мен мевадан едим, — деди хотин.
[14] Парвардигор Эгамиз илонга шундай деди: “Шу қилмишларинг учун Лаънати бўлгайсан барча жонзотлар орасида Ва жамики ёввойи ҳайвонлар орасида. Қорнинг билан судралиб юргайсан, Умринг бўйи тупроқ егайсан.
[15] Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида, Сенинг зотинг билан унинг зоти орасида. Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни, Сен чақиб оласан унинг товонини.”
[16] Хотинга эса шундай деди: “Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман, Машаққат ила бола туғасан. Аммо эрингни қўмсайверасан, Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан.”
[17] Парвардигор Эгамиз одамга шундай деди: “Хотинингнинг гапига кирганинг учун, Мен, ема, деб тақиқлаган мевани еганинг учун Сен туфайли ерни лаънати қилдим. Бутун умринг бўйи тимдалаб ерни, Ердан ўтказасан тирикчилигингни.
[18] Ернинг ҳосили емишинг бўлса ҳам, Ер сен учун тиканлару қушқўнмас ўстиради.
[19] Сен тупроқдан яралгансан, То тупроққа қайтгунингга қадар, Пешана теринг билан нон ейсан. Зеро, сен тупроқдирсан Ва тупроққа қайтасан.”
[20] Хотин жамики инсонларнинг онаси бўлгани учун, Одам Ато унга Момо Ҳаво деб исм берди.
[21] Одам Ато ва унинг хотини учун Парвардигор Эгамиз теридан кийим–кечак ясаб, уларни кийинтириб қўйди.
[22] Кейин Парвардигор Эгамиз шундай деди: “Мана, инсон ҳамма нарсани — яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизга ўхшаб қолди. Энди у қўлини узатиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, мевани еб, абадий яшайдиган бўлиб қолмасин.”
[23] Шу сабабдан Парвардигор Эгамиз Одам Атони ва Момо Ҳавони Адан боғидан чиқариб юборди. У Одам Атони ернинг тупроғидан ясаган эди, унга энди ўша ерни ишлашга берди.
[24] У Одам Атони ҳайдаб юборгандан кейин, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубларни ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди.