[1] Исҳоқ вафот этгандан кейин, Ёқуб яна Канъон юртида — отаси яшаган юртда ўрнашди.
[2] Ёқубнинг хонадони тарихи қуйидагичадир: Юсуф ўн етти ёшга кирганда, кўпинча ўгай акалари — Билхах ва Зилпонинг ўғиллари билан бирга отасининг қўй–эчкиларини боққани борар эди. Юсуф акалари қилаётган баъзи ёмон ишлардан отасини хабардор қилиб турар эди.
[3] Ёқуб Юсуфни қариган чоғида кўргани учун бошқа ўғилларига қараганда кўпроқ яхши кўрар эди. Ёқуб Юсуфга беқасам чопон олиб берди.
[4] Акалари кўрдиларки, оталари Юсуфни улардан ортиқ яхши кўрар экан. Шунинг учун акалари Юсуфни ёмон кўриб қолдилар, унга яхши гапирмасдилар.
[5] Кунларнинг бирида Юсуф туш кўрди. У акаларига тушини айтиб берганда, акалари Юсуфни баттар ёмон кўриб қолдилар.
[6] Юсуф акаларига шундай деди: — Қулоқ солинглар, кўрган тушимни сизларга айтиб берай.
[7] Биз далада буғдой боғлаётган эканмиз. Бирдан менинг боғламим кўтарилиб, тик турди. Сизларнинг боғламларингиз менинг боғламимни ўраб олиб, таъзим қилаётган эмиш.
[8] — Эҳ–ҳа, сен ҳали бизнинг устимиздан шоҳ бўлмоқчимисан, сен–а?! — деб акалари киноя билан ундан сўрашди. Кўрган тушини айтиб бергани учун акалари уни яна ҳам ёмон кўриб қолишган эди.
[9] Кейинроқ Юсуф яна туш кўрди ва тушини акаларига айтиб берди: — Қаранглар, яна туш кўрибман. Тушимда қуёш, ой ва ўн битта юлдуз менга таъзим қилиб турган эмиш.
[10] Лекин Юсуф тушини отаси билан акаларига айтиб берганда, отаси унга танбеҳ берди: — Қанақа туш кўрдинг ўзи?! Мен, онанг, акаларинг сенинг олдингга келиб, тиз чўкишимиз керак экан–да?!
[11] Акалари Юсуфга ҳасад қилишарди. Лекин отаси бу воқеани доимо эсида тутди.
[12] Бир куни Юсуфнинг акалари оталарининг қўй–эчкиларини боқиш учун Шакамга кетишди.
[13] Ёқуб Юсуфга: — Акаларинг Шакамда қўй–эчкиларни боқишяпти, — деди. — Сени акаларинг олдига юборсам, дегандим. — Хўп бўлади, отажон, — деди Юсуф.
[14] — Бориб бил–чи, акаларинг тинч–омон юришибдимикан, қўй–эчкиларнинг аҳволи яхшимикан, — деди Ёқуб, — кейин менга хабарини олиб кел. Шундай қилиб, Ёқуб Юсуфни Хеврон водийсидан йўлга жўнатди. Юсуф Шакамга етиб келди.
[15] Ўша атрофда айланиб юрган эди, бир одам уни кўриб қолди. — Нимани излаб юрибсан? — деб сўради ҳалиги одам.
[16] — Акаларимни излаб юрибман, — деди Юсуф. — Мабодо билмайсизми, қўй–эчкиларни қаерда боқиб юришибди экан?
[17] — Улар бу ердан кетишган, — деди ўша одам. — Акаларинг, Дўтанга борамиз, деб айтганларини эшитган эдим. Юсуф акаларини излаб Дўтанга кетди. Уларни ўша ердан топди.
[18] Улар узоқдан Юсуфни кўришди. Юсуф келмасдан олдин, акалари уни ўлдириш учун фитна тайёрлаб қўйдилар.
[19] Улар бир–бирларига: — Ана, туш кўрувчи келяпти, — дейишди.
[20] — Келинглар, уни ўлдириб, чуқур сардобага ташлаймиз. Уни ёввойи ҳайвон еб кетди, деб гап тарқатамиз. Ўшанда кўрамиз унинг тушлари ҳақиқатга айланишини!
[21] Лекин Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлди: — Унинг жонига қасд қилмайлик,
[22] — деди Рубен, — қон тўкмайлик. Уни анави сардобага тириклайин ташлаб юбора қолайлик. Зинҳор унга қўл теккизмайлик. Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқариб, отаси ёнига қайтармоқчи эди.
[23] Шундай қилиб, Юсуф етиб келгач, акалари унинг беқасам чопонини ечиб олдилар–да,
[24] ўзини сардобага ташлаб юбордилар. Сардоба сув сақлаш учун фойдаланиларди–ю, ўша пайтда қуруқ эди.
[25] Шундан кейин улар овқатланиб ўтиришган эди, узоқдан шу томонга келаётган туялар карвонини кўриб қолишди. Карвон Исмоилий савдогарлари бўлиб, туяларга Гиладдан хушбўй зираворлар, мумиё, мирра юклаб, Мисрга олиб кетишаётган эди.
[26] Шунда Яҳудо ака–укаларига деди: — Укамизни ўлдириб, қонини яширганимиз билан бирор фойда топармидик?!
[27] Яхшиси, анави савдогарларга сотайлик. Шунда унинг ўлимида жавобгар бўлиб қолмаймиз. Нима бўлганда ҳам, у укамиз, жигаримиз–ку! Ҳамма ака–укалари рози бўлишди.
[28] Исмоилий савдогарлари ўтиб кетишаётганда, Юсуфни акалари сардобадан тортиб чиқардилар ва уни йигирма бўлак кумушга сотдилар. Савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.
[29] Бир пайт Рубен сардоба олдига қайтиб келиб қараса, сардобада Юсуф йўқ. Рубен қайғудан кийимларини йиртди.
[30] У укалари олдига қайтиб келди ва: — Бола у ерда йўқ! Энди нима қиламан–а! — деб йиғлади.
[31] Сўнг улар бир эчкини сўйиб, Юсуфнинг чопонини эчкининг қонига ботирдилар.
[32] Улар беқасам чопонни оталарига олиб келдилар. — Мана бу чопонни даладан топиб олдик. Қаранг–чи, бу Юсуфнинг чопонимикан ёки йўқми?
[33] Ёқуб Юсуфнинг чопонини таниди. — Эвоҳ! Бу ўғлимнинг чопони–ку! Юсуф ўғлимни бирорта ёввойи ҳайвон еган! Ўғилгинам тилка–пора бўлган!
[34] Ёқуб қайғудан кийимларини йиртиб, қанорга ўранди. Ўғли учун узоқ вақт аза тутди.
[35] Ўғиллари, қизлари унга тасалли беришга ҳаракат қилишарди. Лекин у тасалли топишни истамасди. “Ўликлар диёрига, ўғлимнинг олдига боргунимча аза тутаман”, деб айтарди. Шундай қилиб, Ёқуб ўғлига аза тутаверди.
[36] Шу орада Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрда Пўтифар деган одамга сотишди. Пўтифар Миср шоҳи — фиръавннинг аъёнларидан бири — сарой қўриқчиларининг бошлиғи эди.