[1] Ниҳоят, вақти келиб, Эгамиз Нуҳга айтди: “Сен бутун оила аъзоларинг билан кема ичига кир. Ер юзидаги халқлар орасида Менинг олдимда солиҳ бўлиб юрганлардан фақат сени топдим, холос.
[2] Ўзинг билан ҳалол ҳайвонларнинг урғочи ва эркагидан етти жуфтдан, ҳаром ҳайвонларнинг урғочи ва эркагидан эса бир жуфтдан ол.
[3] Қушларнинг ҳар бир туридан — эркаги ва урғочисидан ҳам етти жуфтдан танлаб ол, токи бутун ер юзида бу жонзотларнинг турлари сақланиб қолсин.
[4] Етти кундан кейин, Мен ер юзига қирқ кечаю қирқ кундуз давомида ёмғир ёғдираман. Ўзим яратган ҳар бир тирик нарсани ер юзидан йўқ қиламан.”
[5] Нуҳ ҳаммасини Эгамиз амр этгандай қилди.
[6] Ер юзини тўфон босганда, Нуҳ 600 ёшда эди.
[7] Нуҳ билан бирга хотини, ўғиллари, келинлари тўфондан омон қолиш учун кеманинг ичига кирдилар.
[8] Ҳалол ва ҳаром ҳайвонлардан, қушлардан, ерда судралиб юрувчи жониворлардан, ҳашаротлардан ҳар бири
[9] — эркак ва урғочиси жуфт–жуфт бўлиб Нуҳ билан бирга кемага кирди. Шундай қилиб, Нуҳ Худонинг ҳамма амрларини бажарди.
[10] Етти кундан кейин ер юзини тўфон боса бошлади.
[11] Нуҳ 600 ёшга кирганда, иккинчи ойнинг ўн еттинчи куни ер остидаги булоқлар отилиб чиқди, осмоннинг қопқалари очилди.
[12] Айни ўша куни Нуҳ билан бирга унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас, хотини ва учала келини кема ичига кирдилар. Қирқ кечаю қирқ кундуз тинмай ёмғир ёғди.
[14] Улар билан бирга ёввойи ҳайвонлардан, чорвадан, ерда судралиб юрувчи ҳамма жонивор ва ҳашаротлардан, қушлардан — ҳаммасининг ҳар бир туридан кемага кирди.
[15] Бу тирик жонзотлар иккита–иккитадан бўлиб Нуҳ билан бирга кемага кирди.
[16] Худо Нуҳга амр қилгандай, ҳамма жониворларнинг эркак ва урғочиси кемага кириб бўлгач, Эгамиз Нуҳнинг орқасидан эшикни ёпди.
[17] Ер юзида қирқ кун давомида тўфон бўлиб, сув ерни кўмди, кемани ердан юқори кўтарди.
[18] Сув ер устида тобора кўпайиб борар, кема сув юзида сузарди.
[19] Сув ер юзида шунчалик тўлиб–тошдики, баланд тоғлар ҳам кўмилиб кетди.
[20] Сув тоғлардан ўн беш тирсак баландликка кўтарилди.
[21] Ер юзида юрган жамики жонзот — қушлар, чорва, ёввойи ҳайвонлар, судралиб юрувчи жониворлар, инсон зоти нобуд бўлди.
[22] Қуруқ ер устида яшаб турган ҳамма тирик жонзот нобуд бўлди.
[23] Ер юзидаги ҳар қандай жонзотни — инсонларни, ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни, қушларни Худо йўқ қилиб юборди, ҳаммаси ер юзидан қирилиб кетди. Фақат Нуҳ ва у билан бирга кемада бўлганларгина тирик қолдилар, холос.
[24] Сув 150 кун давомида ер юзини қоплаб турди.