Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:05

[1] Бир куни сарой соқийси билан новвойи Миср фиръавнини қаттиқ хафа қилдилар.

[2] Фиръавн бу иккала аъёнидан — соқийси билан новвойидан ғазабланиб,

[3] уларни ҳам Юсуф ётган зиндонга қаматиб қўйди. Зиндон қўриқчилар бошлиғининг уйида эди.

[4] Қўриқчилар бошлиғи Юсуфни соқий билан новвойнинг хизматига қўйди. Юсуф уларга хизмат қила бошлади. Улар анча вақт зиндонда қолдилар.

[5] Фиръавннинг соқийси билан новвойи зиндонда ётар эканлар, бир куни кечаси иккови ҳам туш кўрдилар. Ҳар бир тушнинг ўзига хос маъноси бор эди.

[6] Эрталаб Юсуф уларнинг ёнига келди. Уларнинг юзи ғамгин эди. Юсуф буни пайқади.

[7] — Нимага бугун жуда ғамгин кўринасизлар? — деб сўради Юсуф улардан.

[8] — Биз туш кўрган эдик, бу ерда тушимизни таъбирлаб берадиган бирон кимса йўқ, — деб жавоб беришди улар. — Тушларни таъбирлаш Худодандир, — деди Юсуф. — Марҳамат, тушингизни менга айтинг–чи.

[9] Аввал соқий тушини Юсуфга айтиб берди: — Тушимда ток кўрибман. Ток олдимда турган эмиш.

[10] Токнинг учта новдаси бор экан. Новдалар дарров куртак отиб, мева тугиб узумлар пишибди.

[11] Фиръавннинг қадаҳи қўлимда эмиш. Мен узумларни олиб, фиръавннинг қадаҳига узумнинг шарбатини сиқибман. Кейин қадаҳни фиръавннинг қўлига берибман.

[12] Юсуф унга деди: — Тушингизнинг таъбири шундай бўлар: учта новда — уч кун дегани.

[13] Уч кун ичида фиръавн сизни зиндондан озод қилиб, олдинги мансабингизга қайтаради: сиз яна соқий бўлиб, илгаригидай шоҳга қадаҳ тутасиз.

[14] Лекин сиздан бир илтимос: ишларингиз яхши бўлиб кетганда, мени ҳам эслаб қўйинг. Сиз менга илтифот кўрсатиб, фиръавнга мен тўғримда ҳам эслатиб қўйинг: мени зиндондан чиқариб олсин.

[15] Мен аслида ибронийлар юртидан ўғирлаб келтирилганман. Бунинг устига, яна бу ерда зиндондаман, лекин ҳеч қандай айбим йўқ.

[16] Новвой қараса, тушнинг таъбири яхшиликка экан. У Юсуфга деди: — Мен ҳам туш кўрибман. Бошимда учта нон саватни олиб кетаётган эмишман.

[17] Энг тепадаги саватда фиръавнга аталган пишириқларнинг ҳар туридан бор экан. Лекин қушлар учиб келиб, бошимдаги саватдан пишириқларни чўқиётган экан.

[18] — Тушингизнинг таъбири шундай бўлар, — деди Юсуф. — Учта сават — уч кун дегани.

[19] Уч кун ичида фиръавн бошингизни танангиздан жудо қилиб, танангизни тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтиради. Қушлар танангизни чўқиб ейди.

[20] Орадан уч кун ўтгач, фиръавн туғилган кунида барча аъёнларига зиёфат берди. Соқийси билан новвойини ҳам зиндондан аъёнлари олдига чақиртирди.

[21] Фиръавн соқийсини озод қилиб, олдинги мансабига қайтарди. Шундай қилиб, соқий яна фиръавнга қадаҳ тутадиган бўлди.

[22] Лекин Юсуф айтгандай, фиръавн новвойнинг бошини олдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди.

[23] Соқий эса Юсуфни эсламади, уни унутиб юборди.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters