[1] Исо қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳум шаҳрига сузиб борди. У ўша пайтда Кафарнаҳумда яшарди.
[2] Исо шаҳарга кириши биланоқ бир неча киши Унинг олдига тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга: — Дадил бўл, ўғлим, гуноҳларинг кечирилди, — деди.
[3] Шунда Таврот тафсирчиларидан баъзилари ўзларича: “Бу Одам куфрлик қиляпти–ку!” дейишди.
[4] Уларнинг бу ўй–фикрларини билган Исо деди: — Нега сизлар бундай ёмон нарсаларни ўйлайсизлар?
[5] Қайси бири осонроқ? “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми?
[6] Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар. Исо шундай деди–ю, шолга: — Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.
[7] Шол ўрнидан туриб, уйига кетди.
[8] Оломон бу воқеани кўриб, қўрқиб кетди. Улар инсон зотига бундай ҳокимият берган Худони улуғладилар.
[9] Исо йўлда давом этаркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Маттони кўриб қолди. Исо унга: — Ортимдан юр! — деди. Матто ўрнидан туриб, Исога эргашди.
[10] Бир оздан кейин Исо Маттонинг уйида меҳмон бўлди. Кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар келиб, Исо ва Унинг шогирдлари билан бирга дастурхон атрофига ўтирдилар.
[11] Фарзийлар буни кўриб, Исонинг шогирдларидан: — Нега Устозингиз солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибди? — деб сўрадилар.
[12] Исо бу гапни эшитиб, уларга шундай жавоб берди: — Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир.
[13] Боринглар–да, Тавротдаги: “Мен қурбонликни эмас, раҳм–шафқатни истайман” деган сўзларнинг маъносини ўрганиб келинглар. Ахир, Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.
[14] Бир куни Яҳёнинг шогирдлари Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар: — Бизлар ва фарзийлар кўп рўза тутамиз, нега Сизнинг шогирдларингиз рўза тутмайдилар?
[15] Исо уларга деди: — Куёв даврада бўлганда тўйдаги меҳмонлар қайғурадими? Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.
[16] Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди. Чунки янги ямоқ эски кийимни баттар йиртиб юборади.
[17] Шунингдек, янги шаробни ҳам эски мешга қуймайдилар. Чунки меш ёрилиб кетади, шароб ҳам тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади. Аксинча, янги шаробни янги мешга қуядилар, шунда униси ҳам, буниси ҳам сақланиб қолади.
[18] Исо уларга бу сўзларни айтиб турганда, бир синагога бошлиғи келиб қолди. У Исонинг олдида тиз чўкиб, шундай деб ёлворди: — Қизим ҳозиргина вафот этди. Юринг, қизимга қўлингизни теккизинг, у тирилиб кетади.
[19] Исо ўрнидан туриб, шогирдлари билан ўша одамнинг орқасидан борди.
[20] Шу пайт ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди.
[21] У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди.
[22] Исо орқасига ўгирилди. Аёлни кўриб, деди: — Дадил бўл, қизим, ишончинг сени соғайтирди. Аёл шу заҳоти дардидан халос бўлди.
[23] Исо синагога бошлиғининг уйига етиб борганда, най чалувчиларни ва дод–фарёд қилаётган оломонни кўрди.
[24] Исо: — Ҳаммаларингиз чиқинглар! — деб буюрди. — Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди. Одамлар Исонинг устидан кулишди.
[25] Оломон ташқарига чиқарилгандан сўнг Исо ичкарига кириб, қизчанинг қўлидан ушлади. Қизча ўрнидан туриб кетди.
[26] Бу хабар бутун атрофга ёйилди.
[27] Исо у ердан жўнаб кетаётганда, икки кўр Унинг орқасидан эргашганча дод солиб: — Эй Довуд Ўғли Исо, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди.
[28] Исо уйга кирганда, кўрлар Унинг ёнига келишди. Исо улардан сўради: — Сизларга шифо бера олишимга ишонасизларми? — Ҳа, Ҳазрат! — деб жавоб беришди улар.
[29] Шунда Исо уларнинг кўзларига қўлини теккизиб: — Сизларнинг ишончингизга яраша бўлсин, — деди.
[30] Уларнинг кўзлари очилиб кетди. Исо уларга: — Буни ҳеч ким билмасин! — деб қатъий огоҳлантирди.
[31] Аммо улар ўша ердан чиқибоқ, бутун атрофга Исо ҳақида овоза қилдилар.
[32] Улар кетгандан кейин, Исонинг олдига жин чалган бир соқовни олиб келишди.
[33] Исо жинни қувиб чиқаргандан кейин, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолиб: — Исроил халқи орасида бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмаган, — деди.
[34] Аммо фарзийлар шундай дердилар: — У инс–жинслар ҳукмдорининг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.
[35] Исо ҳамма шаҳару қишлоқларга бориб, синагогаларда таълим берарди, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилиб, одамларнинг турли хасталигу дардларига шифо берарди.
[36] Исо оломонни кўриб, уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар.
[37] Шунда Исо шогирдларига деди: — Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз.
[38] Шунинг учун ҳосил Эгасидан: “Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор”, деб сўранглар.