[1] Исо ўн икки шогирдига кўрсатмаларни бериб бўлгандан кейин, яқин атрофдаги шаҳарларда таълим бериш ва ваъз айтиш учун кетди.
[2] Яҳё бу пайтда зиндонда эди, у Исонинг қилаётган ишларини эшитиб, шогирдларини Исонинг олдига
[3] шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”
[4] Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди: — Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар:
[5] кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда.
[6] Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!
[7] Яҳёнинг шогирдлари кетаётганларида, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними?
[8] Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Башанг кийинганлар шоҳ саройида бўлади–ку!
[9] Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар!
[10] У ҳақда шундай ёзилган: «Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман, У Сен учун йўлни ҳозирлайди.»
[11] Сизларга чинини айтай: бутун инсон зоти орасида Яҳё чўмдирувчидан улуғи йўқ. Аммо Осмон Шоҳлигида энг кичик ҳисобланган одам ҳам ундан улуғроқдир.
[12] Яҳё чўмдирувчи давридан шу кунгача одамлар Осмон Шоҳлигига шафқатсиз ҳужум қилмоқдалар. Зўравонлар Осмон Шоҳлигини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқдалар.
[13] Яҳё чўмдирувчидан олдин ўтган ҳамма пайғамбарларнинг битикларида ва Таврот китобида Осмон Шоҳлиги ҳақида башорат қилинган.
[14] Агар бу башоратларга ишонишни истасангизлар, Яҳё — келиши башорат қилинган Илёсдир.
[15] Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!
[16] Бу наслни кимга қиёсласам бўлади? Улар болаларга ўхшайдилар, майдонда ўтириб олиб, шундай дея бир–бирларига бақирадилар:
[17] «Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз, Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар қайғурмадингиз.»
[18] Яҳё келганда, у на еди, на ичди, шунинг учун ҳамма: «Уни жин урибди», дейдилар.
[19] Инсон Ўғли келганда эса ҳам еди, ҳам ичди. Аммо Уни: «Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти», дейдилар. Лекин билиб қўйинглар: донолик тўғри эканлиги ўз натижасидан аён.”
[20] Исо баъзи шаҳарларда кўп мўъжизалар кўрсатганди, аммо халқ ўз гуноҳлари учун тавба қилмади. Исо ўша шаҳарлар аҳолисига таъна қилди:
[21] “Сенинг ҳолингга вой, эй Хоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда қилинган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, бошларига кул сочиб, тавба қилган бўлардилар.
[22] Бироқ сизларга айтайин: қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади.
[23] Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради! Агар сенда юз берган мўъжизалар Садўмда бўлганда эди, у шаҳар шу кунгача сақланиб қолган бўлар эди.
[24] Бироқ сенга айтайин: қиёмат кунида сенинг ҳолинг Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.”
[25] Ўша вақтда Исо яна шундай деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукурлар айтаман.
[26] Ҳа, Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.
[27] Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилни Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отани ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.
[28] Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк остида қолганлар, ҳаммаларингиз Менинг олдимга келинглар! Мен сизларга ором бераман.
[29] Менинг бўйинтуруғимни тақиб олинглар, Мендан ўрганинглар. Чунки Мен юмшоқ кўнгил ва камтаринман. Шунда сизларнинг жонларингиз ором топади.
[30] Ахир, Менинг бўйинтуруғим қулай, юким енгилдир.”