[1] Қуддусдан фарзийлар ва Таврот тафсирчилари Исонинг олдига келиб, шундай дедилар:
[2] — Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатларига амал қилмаяптилар? Нега овқатланишдан олдин қўлларини ювмайдилар?
[3] Исо уларга жавоб бериб деди: — Ўзларингиз–чи? Нега ўз урф–одатингизни деб, Худонинг амрини бузиб юрибсизлар?
[4] Худо: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин”, деб айтган.
[5] Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: одам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога инъом қилинган, — деса,
[6] — у ота–онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлади.” Шу тариқа сизлар ўз таълимотингиз билан Худонинг каломини бекор қиляпсизлар.
[7] Сизлар иккиюзламачисизлар! Ишаё пайғамбар сиз ҳақингизда тўғри айтган:
[8] “Худо айтди: «Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир.
[9] Улар Менга сажда қиладилар, Аммо саждалари беҳудадир. Чунки улар инсон яратган қоидаларни Илоҳий қонун деб ўргатадилар.»”
[10] Кейин Исо халқни ёнига чақириб, деди: — Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар!
[11] Оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади.
[12] Шунда шогирдлар Исонинг олдига бориб дедилар: — Айтган бу гапингиз фарзийларга қаттиқ ботганини билдингизми?
[13] Исо шундай жавоб берди: — Осмондаги Отам ўтқазмаган ҳар қандай ўсимлик илдизи билан суғуриб ташланади.
[14] Фарзийларга эътибор берманглар. Улар ўзлари кўр ва кўрларга йўлбошчилик қиладилар. Агар кўр одам кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга йиқилиб тушади.
[15] Шунда Бутрус: — Халққа айтган гапингизни бизга тушунтириб беринг! — деди.
[16] — Шунчалик ҳам бефаҳм бўласизларми?! — деди Исо. —
[17] Оғизга кирадиган ҳар бир нарса қоринга ўтиб, керакли жойдан чиқиб кетишини наҳотки тушунмасангизлар?
[18] Аммо оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади. Ана ўшалар инсонни ҳаром қилади.
[19] Чунки инсон юрагидан ёмон фикрлар, қотиллик, фаҳшу зино, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва туҳмат чиқади.
[20] Ана шулар инсонни ҳаром қилади. Ювилмаган қўл билан овқат ейиш эса инсонни ҳаром қилмайди.
[21] Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон ҳудудларига борди.
[22] Шу ерда яшайдиган Канъон халқидан бўлган бир аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди: — Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон!
[23] Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари Исонинг олдига келиб, илтимос қилдилар: — Уни жўнатиб юборинг! Ахир, у кетимиздан қолмай, додлаб юрибди.
[24] Исо эса шундай деди: — Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди.
[25] Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да: — Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди.
[26] Исо эса: — Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.
[27] — Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.
[28] Шунда Исо: — Эй аёл, сенинг ишончинг буюк! — деди. — Майли, сен истаганингдай бўлсин. Шу заҳоти аёлнинг қизи соғайиб қолди.
[29] Исо у ердан чиқиб, Жалила кўли бўйлаб кетди. Сўнг тоққа чиқиб, ўтирди.
[30] Исонинг олдига бир талай оломон келди. Улар ўзлари билан чўлоқ, кўр, майиб, соқов ва бошқа кўплаб хасталарни олиб келиб, Исонинг оёқлари томонига ўтқиздилар. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берди.
[31] Соқовларнинг гапирганини, майибларнинг соғайганини, чўлоқларнинг юрганини ва кўрларнинг кўзлари очилганини халқ кўриб, ҳайратда қолди. Улар Исроил халқининг Худосини олқишладилар.
[32] Исо шогирдларини ёнига чақириб деди: — Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ. Уларга овқат бермай жўнатиб юборишни хоҳламайман, йўлда ҳолдан тойиб қолишлари мумкин.
[33] Шогирдлари Унга: — Шу қадар катта оломонни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда қаердан нон оламиз?! — дейишди.
[34] — Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо. — Еттита нон ва озгина майда балиғимиз бор, — деди шогирдлар.
[35] Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди.
[36] Еттита нон ва балиқларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Нон ва балиқларни синдириб, тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди.
[37] Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, тўла етти сават чиқди.
[38] Болалар билан аёлларни ҳисобга олмаганда, нон еганларнинг сони тўрт мингта эди.
[39] Шундан кейин Исо одамларга кетишга ижозат берди, Ўзи эса қайиққа ўтириб, Магадан ҳудудига йўл олди.