Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:49

[1] Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди.

[2] Сизлар бошқаларни қандай ҳукм қилсангизлар, Худо ҳам сизларни худди шундай ҳукм қилади. Сизлар бошқаларни ҳукм қилганда қандай ўлчовдан фойдалансангизлар, Худо ҳам сизни ҳукм қилганда худди ўшандай ўлчовдан фойдаланади.

[3] Нега сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?

[4] Ўз кўзингда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингга: «Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай», деб айтасан?

[5] Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.

[6] Муқаддас бўлган нарсани кўппакларга берманг, марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанг. Акс ҳолда, улар муқаддас нарсаларингизни оёқ ости қилиб, ўзингизни ҳам тилка–пора қиладилар!

[7] Сўранг, сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади.

[8] Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.

[9] Орангиздан қайси бир ота ўғли нон сўраганда, унга нон ўрнига тош беради?

[10] Ёки балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради?

[11] Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Отангиз ҳам Ундан сўраганларга аъло неъматлар беришга қанчалар тайёр!

[12] Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар. Таврот ва пайғамбарлар таълимотининг мағзи шундадир.

[13] Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга олиб борадиган дарвоза энли, йўли ҳам кенгдир. Бу йўлдан юраётганлар кўп.

[14] Ҳаётга олиб борадиган эшик эса жуда тор, йўли энсиздир. Бу йўлни топадиганлар оз.

[15] Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй пўстинида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир.

[16] Уларнинг кимлигини қилган ишларидан билиб оласиз. Ахир, тиканзордан узумни, янтоқдан анжирни териб бўлмайди–ку!

[17] Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради.

[18] Яхши дарахт ёмон мева беролмайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди.

[19] Яхши мева бермайдиган ҳар бир дарахт эса кесилиб, оловга ташланади.

[20] Шундай қилиб, сохта пайғамбарларни меваларидан билиб оласиз.

[21] Мени «Ё Раббий, ё Раббий!» деб чақирган ҳар ким Осмон Шоҳлигига киравермайди. У ерга фақат осмондаги Отамнинг иродасини бажарган одамларгина киради.

[22] Қиёмат кунида кўплар Менга шундай дейдилар: «Ё Раббий, ё Раббий, биз Сенинг номинг билан ваъз қилган эдик! Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқаргандик! Сенинг номинг билан кўп мўъжизалар қилган эдик–ку!»

[23] Мен эса уларга дейман: «Мен сизларни асло танимайман! Йўқолинглар, эй бадкирдорлар!»

[24] Ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилса, уйини тош устига қурган доно одамга ўхшайди.

[25] Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Лекин тош устига ўрнатилгани учун уй қуламабди.

[26] Бироқ ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилмаса, ўз уйини қум устига қурган аҳмоқ одамга ўхшайди.

[27] Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Уй қулаб, бутунлай вайрон бўлибди!”

[28] Исо бу гапларини айтиб бўлгандан кейин, оломон Унинг таълимотидан ҳайратга тушди.

[29] Чунки Исо Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берар эди.

Матто баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters