[1] Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда, шогирдлари келиб, Исонинг диққатини Маъбаднинг биноларига қаратдилар.
[2] Исо уларга деди: — Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: булар вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.
[3] Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирганда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: — Бизларга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Сизнинг келишингизни ва охирзамон яқинлашганини нимадан билсак бўлади?
[4] Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин!
[5] Чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: «Мен Масиҳман», — деб бир қанча одамни йўлдан оздирадилар.
[6] Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! Булар содир бўлиши шарт, аммо бу ҳали охири дегани эмас.
[7] Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади.
[8] Бу ҳодисалар тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.
[9] Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади.
[10] Шунда кўплар имондан қайтади, улар бир–бирини сотиб, бир–биридан нафратланади.
[11] Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради.
[12] Ёмонлик кўпайгани учун одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади.
[13] Лекин охиригача бардош берган нажот топади.
[14] Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади.
[15] Дониёр пайғамбар айтганидай, кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг муқаддас жойда турганини кўрганингизда — ўқиган тушуниб олсин! —
[16] Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.
[17] Томнинг устида бўлганлар уйидан бирон нарса олиш учун пастга тушмасин.
[18] Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин.
[19] У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!
[20] Қочишингиз қишга ёки Шаббат кунига тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар.
[21] Чунки ўша вақтда шундай азоб–уқубатлар бўладики, дунё яратилгандан то ҳозиргача бунақаси бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.
[22] Лекин танланган одамлар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмасди.
[23] Агар ўшанда кимдир сизларга: «Масиҳ мана бу ерда» ёки: «Ана у ерда», деб айтса, ишонманглар.
[24] Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни ҳам йўлдан оздириш учун буюк аломату мўъжизалар кўрсатадилар.
[25] Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.
[26] Шундай қилиб, агар улар сизларга: «Қаранглар! У саҳрода!» деб айтсалар, борманглар. Агар улар: «У яширин жойда», деб айтсалар, ишонманглар.
[27] Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У шарқдан ғарбга қадар бутун осмонни ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.
[28] Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади. Менинг келишим ҳам шу сингари, ҳаммага аён бўлади.
[29] Ўша кунлардаги азоб–уқубатлар ўтиши биланоқ, «Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади. Осмондан юлдузлар қулаб тушади, Самовий кучлар ларзага келади.»
[30] Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар қайғуради. Шунда ҳамма одамлар Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.
[31] Карнайнинг баланд садоси остида У фаришталарини ернинг тўрт томонига юборади. Улар дунёнинг бир бурчагидан тортиб, нариги бурчагигача танланган одамларни тўплаб олишади.
[32] Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.
[33] Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизда турибди.
[34] Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.
[35] Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.
[36] Ўша кун ва соат ҳақида самовий Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, самодаги фаришталар ҳам билмайдилар.
[37] Нуҳ даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келишида ҳам шундай бўлади.
[38] Тўфонгача бўлган даврда одамлар еб–ичардилар, уйланиб, турмушга чиқардилар. Нуҳ кемага киргунга қадар ҳаёт шу зайлда давом этарди.
[39] Тўфон келиб, уларнинг ҳаммасини ювиб кетмагунча, улар ҳамма нарсадан бехабар эдилар. Инсон Ўғли келганда ҳам худди шундай бўлади.
[40] Ўшанда икки киши далада бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.
[41] Тегирмон тортаётган икки аёл бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.
[42] Шунинг учун ҳушёр бўлинглар. Мен — Раббингиз қайси куни келишимни сизлар билмайсизлар.
[43] Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси туннинг қай пайтида ўғри келишини билганда эди, у уйғоқ ўтириб, ўғрининг уйга бузиб киришига йўл қўймаган бўларди.
[44] Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.
[45] Ишончли ва доно хизматкор ким? Хўжайин бундай одамни бошқа хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади.
[46] Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтлидир!
[47] Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди.
[48] Борди–ю, у хизматкор ёмон бўлиб, кўнглида: «Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди» деб,
[49] бошқа хизматкорларни ура бошласа ва шаробхўрлар билан еб–ичса,
[50] хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади.
[51] У хизматкорини қаттиқ жазолаб, бошига иккиюзламачиларнинг кунини солади. Шунда хизматкор қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.