[1] Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди.
[2] Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди.
[3] Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди.
[4] Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар.
[5] Фаришта аёлларга деди: — Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар.
[6] У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди.
[7] Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди.
[8] Аёллар шоша–пиша қабр ёнидан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар.
[9] Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб: — Салом! — деди. Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар.
[10] Исо уларга деди: — Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар.
[11] Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар.
[12] Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб,
[13] шундай дедилар: — Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар.
[14] Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.
[15] Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган.
[16] Ўн бир шогирд Жалила ҳудудига, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар.
[17] Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.
[18] Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган.
[19] Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар.
[20] Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”