[1] Орадан олти кун ўтди. Исо ёнига фақат Бутрус, Ёқуб ва Ёқубнинг укаси Юҳаннони олиб, баланд бир тоққа чиқди.
[2] У ерда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгарди: юзи қуёшдай порлаб, кийимлари кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.
[3] Бирданига уларга Мусо билан Илёс зоҳир бўлишди. Улар Исо билан гаплашдилар.
[4] Бутрус Исога деди: — Ҳазрат, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Истасангиз, учта чайла ясайман: биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.
[5] У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, бирданига оппоқ булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут орасидан шундай овоз келди: — Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!
[6] Шогирдлар овозни эшитганларида, шунчалик қўрқиб кетдиларки, ерга юз тубан йиқилдилар.
[7] Исо эса келиб, уларга қўл теккизди–да: — Туринглар, қўрқманглар! — деди.
[8] Улар бошларини кўтариб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўрмадилар.
[9] Тоғдан тушаётганларида Исо уларга буюрди: — Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар.
[10] Шогирдлари Ундан сўрадилар: — Нега Таврот тафсирчилари, Масиҳдан олдин Илёс келиши керак, деб айтадилар?
[11] Исо уларга шундай жавоб берди: — Тўғри, аввало Илёс келиб, ҳамма нарсани тиклаши керак.
[12] Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган. Аммо одамлар уни танимай, уни хоҳлаганича хўрладилар. Худди шунга ўхшаб, Инсон Ўғли ҳам одамлар қўлида кўп азоб чекади.
[13] Шунда шогирдлар тушундиларки, Исо уларга Яҳё чўмдирувчи тўғрисида гапираётган экан.
[14] Исо шогирдлари билан оломон олдига келганда, бир одам Исонинг олдида тиз чўкиб:
[15] — Ҳазрат, — деди, — ўғлимга раҳм қилинг! Унинг тутқаноқ касали бор, қаттиқ азоб чекмоқда. У кўпинча оловга ёки сувга йиқилиб тушади.
[16] Ўғлимни шогирдларингиз олдига олиб келгандим, аммо улар даволай олмадилар.
[17] Исо шундай деди: — Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Болани бу ерга олиб келинглар!
[18] Исо жинга дўқ қилди. Жин боланинг ичидан чиқиб кетди, шу заҳоти бола соғайиб қолди.
[19] Шогирдлар Исо билан ёлғиз қолганларида, Ундан: — Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик? — деб сўрадилар.
[20] Исо жавоб бериб деди: — Етарли имонингиз йўқлиги учун шундай бўлди. Сизларга чинини айтайин: агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тоққа: “Бу ердан у ерга кўч”, — деб айтсангиз, тоғ кўчади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди.
[22] Исо шогирдлари билан Жалила ҳудудига қайтиб келгандан кейин, уларга деди: — Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади.
[23] Уни ўлдиришади, учинчи куни эса У тирилади. Шогирдлар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар.
[24] Исо билан шогирдлари Кафарнаҳумга келганларида, Маъбад солиғини йиғувчилар Бутруснинг олдига келиб: — Устозингиз Маъбад солиғини тўламайдими? — деб сўрадилар.
[25] — Тўлайди! — деб жавоб берди Бутрус. Бутрус уйга келгач, Исо биринчи бўлиб гапирди: — Бутрус, сенинг фикринг қандай? Бу дунё шоҳлари солиқ ва божни кимдан йиғадилар? Ўзиникиларданми ёки бегоналарданми?
[26] — Бегоналардан–да, — деб жавоб берди Бутрус. — Демак, ўзиникилар солиқдан озод экан–да, — деди Исо. —
[27] Аммо уларни норози қилмайлик. Кўлга бориб қармоқ ташла. Биринчи илинган балиқни олиб оғзини очсанг, кумуш тангани топасан. Тангани олиб, икковимиз учун солиқ тўла.