[1] Осмон Шоҳлиги эрта саҳарда узумзорига мардикорлар ёллагани чиққан боғ эгасига ўхшайди.
[2] Боғ эгаси мардикорларга, сизларга бир кумуш тангадан, одатдаги бир кунлик иш ҳақини тўлайман, деб улар билан келишибди. Сўнг уларни ўзининг узумзорига юборибди.
[3] Соат тўққизларда у бозор майдонига чиққан экан, бекор турган бир неча одамларни кўриб,
[4] уларга: — Сизлар ҳам менинг узумзоримга боринглар, тегишли иш ҳақингизни тўлайман, — дебди. Улар борибди.
[5] Боғ эгаси соат ўн иккиларда ва учда бозор майдонига чиқиб, яна шундай қилибди.
[6] Соат бешларда тағин бозор майдонига борса, бекор турган яна бошқаларни кўрибди–да: — Нега сизлар бу ерда кун бўйи бекор турибсизлар? — деб сўрабди.
[7] Улар: — Ҳеч ким бизни ишга ёлламади, — деб жавоб берибдилар. Шунда боғ эгаси: — Сизлар ҳам менинг узумзоримга бориб ишланглар, — дебди.
[8] Кеч бўлганда, узумзор эгаси ўзининг ишбошисига: — Мардикорларни чақириб, уларга иш ҳақларини бер. Охир келганлардан бошлагин, биринчи келганларга охирида берасан, — деб буюрибди.
[9] Шундай қилиб, соат бешларда иш бошлаганлар бир кумуш тангадан олишибди.
[10] Биринчи келганларга ҳақ тўлаш навбати келганда, улар: “Биз кўпроқ оламиз”, деб ўйлабдилар. Аммо уларнинг ҳар бирига ҳам бир кумуш тангадан берилибди.
[11] Улар пулларини олгач, боғ эгасига норозилигини билдира бошлашибди:
[12] — Манави охирги келганлар бир соатгина ишлашди, биз эса кун бўйи жазирамада меҳнат қилдик. Аммо сиз бизнинг меҳнатимизни уларнинг қилган иши билан тенг кўрдингиз.
[13] Боғ эгаси улардан бирига шундай деди: — Дўстим, мен сенга ноҳақлик қилганим йўқ. Сен билан бир кумуш тангага келишган эдик–ку!
[14] Энди ҳақингни олгин–у, жўна. Мана бу охирги келганларга сен билан баравар иш ҳақи беришни хоҳладим.
[15] Ўзимнинг пулимни хоҳлаганимча сарф қила олишга ҳақим йўқми?! Ёки менинг сахийлигимни кўролмаяпсанми?
[16] Шундай қилиб, охиргилар биринчи бўладилар, биринчилар эса охирги бўладилар.”
[17] Исо Қуддусга кетаётганда, ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди:
[18] — Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. У ерда Инсон Ўғли бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлига тутиб берилади. Улар Инсон Ўғлини ўлимга маҳкум қиладилар.
[19] Сўнг ғайрияҳудийларга топширадилар. Ғайрияҳудийлар Уни ҳақоратлайдилар, қамчилайдилар ва хочга михлайдилар. Аммо учинчи куни У тирилади.
[20] Ўша пайтда Забадиёнинг хотини икки ўғлини бошлаб, Исонинг олдига келди. У Исодан бир нарса илтимос қилмоқчи бўлиб, Унга таъзим қилди.
[21] Исо аёлдан: — Нима истайсиз? — деб сўради. — Шоҳлигингизда ўғилларимнинг бири Сизнинг ўнг томонингизда, бири чап томонингизда ўтирсин! — деди Унга аёл.
[22] Исо шундай деди: — Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган азоб косасидан сизлар ича оласизларми? — Ича оламиз! — деб жавоб берди улар.
[23] Исо уларга деди: — Сизлар–ку Мен ичадиган азоб косасидан ичасизлар, аммо Менинг ўнг ва чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Ўз ихтиёримда эмас. Бу ўринни осмондаги Отам кимларга атаган бўлса, ўшаларники бўлади.
[24] Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, иккала ака–укадан аччиқланиб кетишди.
[25] Исо эса уларни ёнига чақириб, деди: — Бутпарастларга қаранглар, уларнинг ҳукмдорлари халқларига ўз ҳукмини ўтказадилар, катта амалдорлари элга зўравонлик қиладилар.
[26] Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин.
[27] Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизларга қул бўлсин.
[28] Ахир, Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи бошқаларга хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни озод қилиш учун келган.
[29] Исо билан шогирдлари Ериходан кетар эканлар, бир талай оломон Исога эргашди.
[30] Йўл бўйида иккита кўр одам ўтирган эди. Улар олдиларидан Исо ўтиб кетаётганини эшитиб: — Эй Ҳазрат, Довуд Ўғли, бизларга раҳм қилинг! — деб бақирдилар.
[31] Оломон эса: — Жим бўлинглар! — деб уларга дўқ қилди. Улар эса янада қаттиқроқ бақириб: — Эй Ҳазрат, Довуд Ўғли, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди.
[32] Исо тўхтаб, уларни ёнига чақирди–да: — Мендан нима истайсизлар? — деб сўради.
[33] Улар: — Ҳазрат, кўзларимиз очилсин! — дейишди.
[34] Исонинг уларга раҳми келиб, кўзларига қўл теккизди. Шу заҳоти уларнинг кўзлари очилди. Сўнг улар Исонинг ортидан эргашдилар.