Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:27

[1] Иброҳим ва Довуд авлодидан бўлган Исо Масиҳнинг насабномаси қуйидагича:

[2] Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. Исҳоқдан Ёқуб туғилди. Ёқубдан Яҳудо ва унинг ака–укалари туғилдилар.

[3] Яҳудо ва Тамарадан Параз ва Зерах туғилдилар. Параздан Хазрон туғилди. Хазрондан Рам туғилди.

[4] Рамдан Оминадав туғилди. Оминадавдан Нахшўн туғилди. Нахшўндан Салмўн туғилди.

[5] Салмўн ва Раҳобадан Бўаз туғилди. Бўаз ва Рутдан Обид туғилди. Обиддан Эссай туғилди.

[6] Эссайдан шоҳ Довуд туғилди. Довуд ва Уриёнинг собиқ хотинидан Сулаймон туғилди.

[7] Сулаймондан Рахабом туғилди. Рахабомдан Абиё туғилди. Абиёдан Осо туғилди.

[8] Осодан Ёҳушафат туғилди. Ёҳушафатдан Ёҳурам туғилди. Ёҳурамдан Уззиё туғилди.

[9] Уззиёдан Йўтом туғилди. Йўтомдан Охоз туғилди. Охоздан Ҳизқиё туғилди.

[10] Ҳизқиёдан Манаше туғилди. Манашедан Омон туғилди. Омондан Йўшиё туғилди.

[11] Исроил халқи Бобилга сургун қилинган даврда Йўшиё Ёҳайихинни ва бошқа ўғил фарзандларни кўрди.

[12] Исроил халқи Бобилга сургун қилингандан кейин Ёҳайихиндан Шалтиёл туғилди. Шалтиёлдан Зарубабел туғилди.

[13] Зарубабелдан Абиҳуд туғилди. Абиҳуддан Элияқим туғилди. Элияқимдан Аззур туғилди.

[14] Аззурдан Зодўх туғилди. Зодўхдан Охиём туғилди. Охиёмдан Элиҳуд туғилди.

[15] Элиҳуддан Элазар туғилди. Элазардан Маттон туғилди. Маттондан Ёқуб туғилди.

[16] Ёқубдан Марямнинг эри Юсуф туғилди. Марямдан эса Масиҳ деб аталган Исо туғилди.

[17] Шундай қилиб, Иброҳимдан Довудгача ҳаммаси бўлиб ўн тўрт насл, Довуддан то халқ Бобилга сургун қилингунгача ўн тўрт насл ва сургунлик давридан то Масиҳ туғилгунгача ўн тўрт наслдир.

[18] Исо Масиҳнинг туғилиши шундай содир бўлди: Исонинг онаси Марям Юсуфга унаштириб қўйилган эди. Уларнинг никоҳидан олдин Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор эканини билди.

[19] Марямнинг бўлғуси эри Юсуф солиҳ одам бўлиб, Марямни шарманда қилишни истамай, бировга билдирмасдан фотиҳасини бузмоқчи бўлди.

[20] Юсуф бу ҳақда ўйлаб юрганда, Эгамизнинг бир фариштаси унга тушида зоҳир бўлиб деди: “Эй Довуд ўғли Юсуф! Марямга уйланишдан қўрқма, чунки қорнидаги Бола Муқаддас Руҳдан пайдо бўлган.

[21] Марям ўғил туғади, Унинг исмини Исо қўясан, чунки У Ўз халқини гуноҳлардан қутқаради.”

[22] Бу барча воқеалар Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берган эди:

[23] “Қиз ҳомиладор бўлади, у ўғил туғади, Унинг исмини Иммануил деб қўйишади.” Иммануил “Худо биз билан” деганидир.

[24] Юсуф уйғониб кетди. Эгамизнинг фариштаси буюргандек, у Марямга уйланди.

[25] Аммо Марям Ўғилни туғмагунча Юсуф Марямга яқинлашмади. Бола туғилганда эса Юсуф Унга Исо деб исм қўйди.

Матто баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters