Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:14

[1] Ўша кунларда Яҳё чўмдирувчи Яҳудия чўлида ваъз қила бошлади.

[2] У одамларга: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!” деб айтарди.

[3] Яҳё тўғрисида Ишаё пайғамбар шундай деган эди: “Чўлда бир овоз янграмоқда: «Эгамизга йўл ҳозирланг, Унга тўғри йўл очинг!»”

[4] Яҳё туя жунидан тўқилган кийим кийиб, чарм камар тақиб юрарди. Унинг егулиги чигиртка ва ёввойи асал эди.

[5] Унинг олдига Қуддус шаҳри ва Яҳудия ўлкасининг қолган ҳамма жойларидан ҳамда Иордан дарёси атрофларидан одамлар келарди.

[6] Улар гуноҳларини эътироф этишар, Яҳё эса уларни Иордан сувига чўмдирарди.

[7] Фарзий ва саддуқий мазҳабларидан бўлган кўп одамлар сувга чўмдирилиш учун келаётганларини Яҳё кўриб, деди: “Ҳой, илонлар зоти! Бошингизга келаётган Худо ғазабидан қочиб қутуласиз, деб сизларга ким уқтирди?

[8] Тавбага яраша иш тутинглар!

[9] Ўзингизча: «Биз Иброҳим наслиданмиз», деб айтишни хаёлингизга ҳам келтирманглар! Сизларга шуни айтай: Худо мана бу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир.

[10] Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди. Яхши мева бермаган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади.

[11] Тавба қилганингизни кўрсатиш учун мен сизларни сувга чўмдиряпман. Лекин мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен Унинг чориқларини кўтариб юришга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради.

[12] Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У Ўз хирмонини шопиради: буғдойини омборга тўплаб, сомонни эса сўнмас ўтда ёндириб юборади.”

[13] Шу орада Исо Жалила ҳудудидан Иордан дарёси бўйига борди. У Яҳё томонидан сувга чўмдирилмоқчи эди.

[14] Лекин Яҳё Исони тўхтатмоқчи бўлиб деди: — Аслида Сиз мени сувга чўмдиришингиз керак! Сиз бўлсангиз менинг олдимга келдингиз!

[15] Исо унга деди: — Келинг, бу сафар шундай бўла қолсин. Ахир, биз Худонинг иродасини тўла бажаришимиз зарур. Шундан кейин Яҳё рози бўлди.

[16] Исо сувга чўмдирилди. У сувдан чиққан заҳоти, осмон очилиб кетди ва Исо Ўз устига Худонинг Руҳи каптар шаклида тушиб қўнганини кўрди.

[17] Шу пайт осмондан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан ниҳоятда мамнунман”, деган овоз келди.

Матто баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters