[1] Исо бу гапларини тугатгандан кейин, Жалила ҳудудини тарк этди. У Иордан дарёсининг шарқ томонига, Яҳудия ўлкасининг нариги томонига борди.
[2] Бир талай оломон Исога эргашиб борган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.
[3] Бир неча фарзийлар Исонинг олдига келдилар ва Уни синамоқчи бўлиб сўрадилар: — Қонунга кўра, эркак киши ҳар қандай сабаб билан ўз хотинидан ажралиши мумкинми?
[4] Исо уларга шундай жавоб берди: — Наҳотки сизлар: азалда Яратувчи “одамларни эркагу аёл қилиб яратди” деган сўзларни ўқимаган бўлсангизлар?
[5] “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”
[6] Бунга кўра, улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.
[7] Фарзийлар эса Исога дедилар: — Ундай бўлса, нима учун Мусо, эркак ўз хотинига талоқ хатини ёзиб бериб, жўнатиб юборсин, деб амр берган?
[8] Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизлар бағри тош бўлганларингиз учун Мусо хотинларингиз билан ажрашишга ижозат берган, аммо азалда бундай бўлмаган.
[9] Мен сизларга шуни айтайин: ким бевафоликдан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашиб, бошқасига уйланса, зино қилган бўлади.
[10] Шогирдлар Исога дедилар: — Агар эркакнинг хотинига нисбатан шундай мажбурияти бўлса, уйланмаган яхшироқ экан–да!
[11] Исо эса шогирдларига: — Ҳа, бу таълимотимни ҳамма ҳам қабул қилавермайди, — деди. — Бу таълимотим Худо атаган одамларгагина тегишли.
[12] Баъзи эркакларнинг уйлана олмаслигига айрим сабаблар бор: баъзиларнинг эркаклиги туғма заифдир. Бошқалари эса одамлар томонидан бичилган. Яна бошқалари Осмон Шоҳлиги йўлида уйланишдан воз кечадилар. Бу таълимотни қабул қила оладиган қабул қилсин.
[13] Исо болаларимизга қўл қўйиб дуо қилсин деб, одамлар Исонинг олдига болаларни олиб келишди. Шогирдлар эса болаларни олиб келган одамларни койидилар.
[14] Аммо Исо деди: — Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Осмон Шоҳлиги шундайларникидир.
[15] Исо болаларнинг бошига қўл қўйиб, дуо қилди, кейин Ўз йўлига кетди.
[16] Шу маҳал бир одам Исонинг ёнига келиб: — Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлишим учун қандай яхши иш қилишим керак? — деб сўради.
[17] Исо унга деди: — Нега Мендан яхши иш тўғрисида сўраяпсан? Фақатгина Худо яхши–ку! Абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишни истасанг, Худонинг амрларига риоя қилгин.
[18] — Қайсиларига? — деб сўради у. Исо деди: — “Қотиллик қилма. Зино қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма.
[19] Ота–онангни ҳурмат қил. Ўзгани ўзингни севгандай севгин” деган амрларга.
[20] Йигит Унга деди: — Буларнинг ҳаммасига амал қилиб келаман. Яна нима қилишим керак?
[21] Исо йигитга айтди: — Агар комил бўлишни истасанг, бориб, мол–мулкингни сотиб, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб, Менга эргашгин.
[22] Йигит бу сўзларни эшитиб, ғамгин бўлиб қайтиб кетди, чунки унинг мол–мулки кўп эди.
[23] Исо шогирдларига деди: — Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади.
[24] Сизларга яна шуни айтай: бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.
[25] Шогирдлар буни эшитиб, ғоят ажабланишди ва: — Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — дейишди.
[26] Исо уларга кўз тикиб деди: — Инсон учун бу имконсиздир, лекин Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор.
[27] Шунда Бутрус деди: — Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига нима оламиз?
[28] Исо уларга шундай жавоб берди: “Сизга чинини айтайин: ҳамма нарса янгиланганда ва Инсон Ўғли Ўзининг улуғвор тахтида ўтирганда, Менинг орқамдан эргашиб келган сизлар ҳам ўн иккита тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.
[29] Мен учун уй–жойини, ака–укаларини, опа–сингилларини, ота–онасини, болаларини ёки ер–мулкини ташлаб кетган ҳар бир киши булардан юз ҳисса ортиқроғини олиб, абадий ҳаётга эга бўлади.
[30] Аммо биринчи бўлганларнинг кўплари охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар.