Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 13:31

[1] Исо бу гапларни айтиб бўлгач, шогирдларига шундай деди:

[2] “Икки кундан кейин Фисиҳ зиёфати бўлишини биласизлар. Ана ўшанда Инсон Ўғлига хоинлик қилишади, Уни хочга михлашади.”

[3] Бу пайтда бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчилари Каяфас исмли олий руҳонийнинг саройида йиғилган эдилар.

[4] Улар Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фитна ўйлаб топдилар.

[5] Аммо улар: “Биз бу ишни байрам кунлари қилмаслигимиз керак, акс ҳолда, халқ ғалаён кўтариши мумкин”, дедилар.

[6] Исо Байтанияда илгари тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида

[7] меҳмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда қимматбаҳо атир мой олиб келиб, Исонинг бошидан қуйди.

[8] Шогирдлар буни кўргач, ғазабланиб: — Бу исрофгарчиликнинг нима кераги бор эди?!

[9] Ахир, бу мойни катта пулга сотиб, камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди–ку! — дейишди.

[10] Шогирдлар нима тўғрисида гапираётганларини Исо билиб қолиб, уларга деди: — Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун ажойиб иш қилди.

[11] Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.

[12] Аёл бу мойни танамга тўкиб, Мени дафнга тайёрлади.

[13] Сизларга чинини айтайин: Хушхабар дунёнинг қайси ерида эълон қилинмасин, бу аёл ҳам эсга олиниб, унинг қилган иши ҳақида айтилади.

[14] Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Ишқариёт бош руҳонийларнинг олдига бориб:

[15] — Агар Исони сизларга тутиб берсам, менга нима берасизлар? — деб сўради. Улар Яҳудога ўттиз кумуш танга бердилар.

[16] Ўша вақтдан бошлаб Яҳудо Исони тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.

[17] Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик.

[18] Исо деди: — Қуддусга фалончининг олдига бориб, унга шундай деб айтинглар: Устозимиз сизга: “Вақтим етди. Мен Фисиҳ зиёфатини шогирдларим билан сизнинг уйингизда ўтказмоқчиман”, деб айтиб юбордилар.

[19] Шогирдлар Исонинг айтганини қилиб, Фисиҳ таомини тайёрладилар.

[20] Кеч кирганда, Исо ўн икки шогирди билан дастурхон атрофига ёнбошлади.

[21] Овқатланаётганларида Исо: — Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттангиз Менга хиёнат қилади, — деди.

[22] Шогирдлар қаттиқ хафа бўлиб, бирин–кетин: — Ҳазрат, наҳотки мени назарда тутаётган бўлсангиз? — деб сўрадилар.

[23] У эса шундай жавоб берди: — Мен билан баравар косага нонни ботирган Менга хиёнат қилади.

[24] Ҳа, Инсон Ўғли У ҳақда ёзилгандай жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой! Унинг туғилганидан кўра, туғилмагани яхшироқ эди.

[25] Сотқин Яҳудо Исога: — Устоз, наҳотки ўша мен бўлсам? — деди. — Ўзинг айтдинг, — деб жавоб берди Исо.

[26] Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди. Нонни шогирдларига бериб: — Олиб енглар, бу Менинг танамдир, — деди.

[27] Шароб қуйилган косани ҳам олди, шукрона дуосини ўқиб, уларга узатди: — Бундан ҳаммаларинг ичинглар, — деди.

[28] — Бу шароб Худонинг аҳдини билдиради. Бу аҳд кўпларнинг гуноҳини ювиш учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.

[29] Сизларга шуни айтай: бир кун келиб, Мен сизлар билан бирга осмондаги Отамнинг Шоҳлигида янги шароб ичаман. Аммо ўша кун келмагунча узум неъматини оғзимга ҳам олмайман.

[30] Сўнг улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.

[31] Исо шогирдларига деди: — Бугун кечаси ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган: “Мен чўпонни ўлдираман, Шунда сурувдаги қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.”

[32] Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.

[33] Бутрус Исога деди: — Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен ташлаб кетмайман!

[34] Исо унга: — Сенга чинини айтайин, шу кечасиёқ, хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди.

[35] Бутрус Унга: — Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлари ҳам шундай дедилар.

[36] Шундан кейин Исо шогирдлари билан Гетсемания деган жойга борди. Исо шогирдларига: — Шу ерда ўтириб туринглар, Мен нарироққа бориб, ибодат қиламан, — деди.

[37] У ёнига Бутрусни ва Забадиёнинг икки ўғлини олди. Исони қайғу, ғам қамради.

[38] У шогирдларига: — Юрагимдаги оғир қайғу Мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар–да, кўз–қулоқ бўлиб туринглар, — деди.

[39] Сўнг бир оз нари кетиб, ерга мук тушди–да, шундай деб ёлворди: — Эй Отам, агар иложи бўлса, бу азоб косаси Мени четлаб ўтсин. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

[40] У шогирдлари ёнига келиб, уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди: — Мен билан бирга бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмабсизлар–да!

[41] Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.

[42] Исо иккинчи марта кетиб, шундай деб илтижо қилди: — Эй Отам! Агар бу азоб косасидан қутулишимнинг иложи бўлмаса, майли, Мен ўша косадан ичаман. Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

[43] У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаётган эди.

[44] Исо уларнинг олдидан яна кетиб, аввалги сўзларини такрорлаб, учинчи марта ибодат қилди.

[45] Сўнг У шогирдлари ёнига қайтиб келиб, уларга деди: — Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Мана, вақт–соати келди, Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти.

[46] Туринглар, кетайлик! Ана, Менга хоинлик қилувчи келяпти!

[47] Исо ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, Яҳудо келиб қолди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, унинг ёнида қилич ва таёқ кўтариб олган оломон бор эди. Бу оломонни бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчилари юборган эдилар.

[48] Хоин Яҳудо оломон билан тил бириктириб, шундай деганди: “Мен кимни ўпсам, У ўша Кишидир. Уни қўлга олинглар.”

[49] У тўғри Исонинг олдига бориб: — Ассалому алайкум, Устоз! — деб, Уни ўпди.

[50] Исо унга: — Дўстим, қиладиган ишингни қила қол, — дейиши биланоқ, одамлар Исони ушлаб, қўлга олдилар.

[51] Шунда Исо билан бирга бўлганлардан бири қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади.

[52] Лекин Исо унга деди: — Қиличингни қинига солиб қўй! Қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади.

[53] Керак бўлганда эди, Мен Отамга илтижо қилган бўлардим. У Менга ўша заҳотиёқ ўн минглаб фаришталарини юборган бўларди. Шуни билмайсанми?

[54] Лекин бундай қилганимда эди, қандай қилиб Муқаддас битиклар амалга ошарди? Ахир, буларнинг ҳаммаси содир бўлиши керак–ку!

[55] Шундан сўнг Исо оломонга деди: — Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?! Мен ҳар куни Маъбадда таълим берардим. Сизлар ўшанда Мени қўлга олмадингизлар.

[56] Аммо буларнинг ҳаммаси пайғамбарларнинг Муқаддас битиклардаги башоратлари бажо бўлиши учун рўй берди. Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони қолдириб, қочиб кетишди.

[57] Исони қўлга олганлар Уни олий руҳоний Каяфаснинг ҳузурига олиб келдилар. У ерда Таврот тафсирчилари билан йўлбошчилар ҳам йиғилишган эди.

[58] Бутрус эса Исонинг орқасидан масофа сақлаб эргашиб, олий руҳонийнинг ҳовлисигача келди. Бутрус ичкарига кириб, охири нима билан тугаркин, деб кузатиш учун соқчиларнинг ёнига ўтирди.

[59] Бош руҳонийлар ва Олий кенгашнинг барча аъзолари Исони ўлимга маҳкум қилиш учун Унга қарши сохта далиллар излар эдилар.

[60] Анча гувоҳлар чиққан бўлса–да, етарлича айбловчи далиллар топилмади. Ниҳоят, икки сохта гувоҳ сўзга чиқиб,

[61] шундай айтишди: — Бу Одам: “Мен Худонинг Маъбадини бузиб, уч кунда уни тиклай оламан”, деган.

[62] Олий руҳоний ўрнидан туриб, Исога: — Индамай тураверасанми?! Уларнинг Сенга қўйган айбларига жавоб қайтармайсанми?! — деди.

[63] Исо эса индамади. Олий руҳоний Унга деди: — Барҳаёт Худо ҳақи қасам ичиб, айт: Худонинг Ўғли — Масиҳ Сенмисан?

[64] Исо унга: — Гапингиз тўғри, — деди. — Бундан буён сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар.

[65] Шунда олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб деди: — У куфрлик қиляпти–ку! Бизларга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор?! Унинг куфрлик қилганини ҳозиргина ўзларингиз эшитдингизлар.

[66] Сизларнинг қарорингиз қандай? — У ўлимга лойиқ! — деб жавоб берди улар.

[67] Сўнг улар Исонинг юзига тупуриб, Уни муштлай бошладилар. Бошқалари эса Унга шапалоқ уриб:

[68] — Эй Масиҳ! Қани, топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар.

[69] Бу пайтда Бутрус ташқарида ҳовлида ўтирган эди. Бир чўри қиз унинг ёнига келиб: — Сиз ҳам ўша Жалилалик Исо билан бирга эдингиз–ку! — деди.

[70] Лекин Бутрус ҳамманинг олдида буни инкор этиб деди: — Нима тўғрисида гапираётганингизни тушунмаяпман.

[71] Сўнг дарвоза олдига борди. Шунда бошқа бир чўри қиз уни кўриб, у ерда турганларга: — Мана бу одам Носиралик Исо билан бирга эди, — деди.

[72] Бутрус эса қасам ичиб: — Мен Уни танимайман! — деб яна Исодан тонди.

[73] Бир оздан кейин у ерда турганлар келиб, Бутрусга: — Сен ўшалардан эканинг шевангдан билиниб турибди, — дейишди.

[74] — Худо урсин! Мен бу Одамни танимайман! — деб қасам ичди Бутрус. Шу пайт хўроз қичқирди.

[75] Шунда Бутрус Исонинг: “Хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан” деган гапини эслади. У ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.

Матто баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters