[1] Исо билан шогирдлари Қуддусга яқинлашиб, Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия қишлоғига етиб келишганда, Исо икки шогирдига деди:
[2] — Анави қишлоққа боринглар. У ерга боришингиз биланоқ, боғлаб қўйилган эшакни ва ёнидаги хўтикни кўрасизлар. Уларни ечиб, Менинг олдимга олиб келинглар.
[3] Агар кимдир сизга бирон нима деса, “Булар Раббимиз Масиҳга керак. У дарҳол буларни қайтариб юборади”, деб айтинглар.
[4] Бу воқеа пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берган эди:
[5] “Қуддус халқига айтинг: Мана Шоҳингиз келяпти. Камтариндир Шоҳингиз, У эшакнинг устида, Ҳа, эшакнинг боласини — Хўтикни миниб келяпти.”
[6] Шогирдлар бориб, Исо уларга буюрганидай қилишди.
[7] Улар эшак билан хўтикни Исонинг олдига олиб келишди. Эшак ва хўтик устига тўнларини ташлашди, Исо хўтикка минди.
[8] Бир талай оломон тўнларини йўлга пойандоз қилди. Баъзилари эса дарахт шохларини кесиб, йўлга тўшадилар.
[9] Олдинда ва орқада юраётган оломон шундай деб ҳайқирарди: “Довуд Ўғлига тасанно! Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин! Фалак тоқида Унга тасанно ўқилсин!”
[10] Исо Қуддусга кириб келганда, бутун шаҳар: “Бу ким бўлди?” деб ғимирлаб қолди.
[11] Оломон эса шундай деб жавоб берарди: “У Жалиланинг Носира шаҳридан бўлган Исо пайғамбар!”
[12] Исо Маъбадга кириб, ичкарида олди–сотди қилаётган ҳаммани қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди.
[13] Исо уларга шундай деди: — “Менинг уйим, ибодат уйи деб аталади”, деб Тавротда ёзилган–ку! Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!
[14] Маъбадда Исонинг олдига кўрлар ва чўлоқлар келди. Исо уларга шифо берди.
[15] Бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари Исонинг қилаётган ажойиб ишларини кўриб ва Маъбаддаги болаларнинг: “Довуд Ўғлига тасанно!” деб ҳайқираётганини эшитиб, қаттиқ ғазабландилар.
[16] — Уларнинг нима деяётганларини эшитяпсанми? — дедилар Унга. — Ҳа, эшитяпман! — деб жавоб берди Исо. — Наҳотки сизлар: “Сен болалар ва чақалоқларга мадҳия айтишни ўргатдинг” деган сўзларни ҳеч қачон ўқимаган бўлсангиз?
[17] Сўнг Исо уларни тарк этиб, Қуддусдан чиқиб кетди. У Байтания қишлоғига бориб, у ерда тунаб қолди.
[18] Эрталаб Исо шаҳарга қайтиб келаётганда оч эди.
[19] Йўл четида бир анжир дарахтини кўриб, унинг ёнига борди. Исо барглардан бошқа ҳеч нарса топмай, дарахтга: — Бундан буён сенда асло мева бўлмасин! — деди. Анжир дарахти шу заҳоти қуриб қолди.
[20] Шогирдлар буни кўриб: — Қандай қилиб анжир дарахти дарров қуриб қолди? — деб ҳайрон бўлдилар.
[21] Исо уларга шундай деди: — Сизларга чинини айтайин, агар шубҳаланмай ишонсангиз, нафақат анжир дарахтини шу кўйга сола оласиз, балки мана бу тоққа: “Қўпорилиб, денгизга отил”, — десангиз, айтганингиз бўлади.
[22] Ишонинг, шунда ибодатда нимаики сўрасангиз, оласиз.
[23] Исо Маъбадга кириб таълим бераётганда, бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчилари Унинг олдига келиб, савол бердилар: — Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?
[24] Исо уларга шундай жавоб берди: — Мен ҳам сизларга бир савол берайин. Агар Менга жавоб берсангизлар, Мен ҳам бу ишларни қандай ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтаман.
[25] Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми? Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар: — Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди.
[26] Агар: “Инсондан”, — десак, халқдан қўрқамиз, чунки ҳамма Яҳёни пайғамбар деб ҳисоблайди.
[27] Шундай қилиб, улар Исога: — Билмаймиз, — деб жавоб бердилар. Исо уларга деди: — Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.
[28] Сўнг Исо уларга деди: “Сизлар мана бунга нима дейсизлар? Бир одамнинг икки ўғли бор экан. У катта ўғлининг ёнига келиб: — Ўғлим, бор, бугун узумзорда ишла, — дебди.
[29] — Бормайман! — дебди ўғил. Аммо кейин айтган гапига пушаймон бўлиб, борибди.
[30] Ота кенжа ўғлининг олдига бориб, ўша гапини айтибди. Бу ўғил: — Бўпти, бораман, ота, — дебди, аммо бормабди.
[31] Икковидан қайси бири отасининг хоҳишини бажарди?” “Биринчиси”, — деб жавоб берди улар. Исо уларга: “Сизларга чинини айтайин, — деди. — Солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кириб борадилар.
[32] Чунки Яҳё чўмдирувчи сизнинг олдингизга тўғри йўлни кўрсатгани келди, аммо сизлар унга ишонмадингизлар. Солиқчилар билан фоҳишалар эса ишонишди. Сизлар буни кўриб туриб ҳам пушаймон бўлмадингизлар, ишонмадингизлар.
[33] Энди бошқа бир масални эшитинглар: бир ер эгаси бор экан. У узумзор барпо қилибди. Атроф–теварагини девор билан ўраб, узум сиқиш чуқурини қазибди, кузатув минорасини қурибди. Кейин узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи сафарга кетибди.
[34] Йиғим–терим мавсумида хўжайин: «Ҳосилдан менга тегишли улушни олиб келинглар», деб хизматкорларини боғбонлар олдига юборибди.
[35] Боғбонлар эса унинг хизматкорларини тутиб олишибди, бирини уриб, бирини ўлдириб, бошқа бирини эса тошбўрон қилишибди.
[36] Шундан кейин у олдингидан кўпроқ хизматкорларини боғбонлар олдига жўнатибди. Боғбонлар эса улар билан ҳам худди шундай қилишибди.
[37] Охирида узумзор эгаси: — Ўғлимни албатта ҳурмат этадилар, — деб боғбонлар олдига ўз ўғлини юборибди.
[38] Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўрганларида бир–бирига: — Бу меросхўр–ку! Келинглар, уни ўлдириб, меросига эга бўлайлик, — дейишибди.
[39] Уни тутиб, узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди.
[40] Хўш, сизнингча, узумзорнинг эгаси қайтиб келганда, у боғбонларни нима қилади?”
[41] “У бу ярамасларни шафқатсизларча ўлдиради, — деб жавоб берди улар. — Узумзорни эса бошқа боғбонларга ижарага беради. Бу боғбонлар узум ҳосилини унга ўз вақтида беришади.”
[42] Исо уларга деди: “Наҳотки сизлар Муқаддас битиклардаги шу сўзларни ҳеч ўқимаган бўлсангиз: «Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди. Бу Эгамизнинг қилган ишидир, Кўз олдимиздаги ажойиботдир.»
[43] Шунинг учун сизларга айтаман: Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олинади ва Шоҳлик учун ҳосил етиштирадиган одамларга берилади.
[44] Ким бу тамал тошига йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.”
[45] Бош руҳонийлар ва фарзийлар бу масални эшитиб, Исо улар ҳақида гапирганини тушундилар.
[46] Уни ҳибсга олмоқчи бўлдилар, аммо халқдан қўрқдилар. Чунки халқ Исони пайғамбар деб билар эди.