[1] Тонг отганда, бош руҳонийлар ва халқ йўлбошчиларининг ҳаммаси Исони ўлимга маҳкум қилишга келишиб олдилар.
[2] Улар Исони боғлаб, ҳоким Пилатга олиб бориб топширдилар.
[3] Хоин Яҳудо эса Исонинг ўлимга маҳкум этилганини билиб, қилган ишидан пушаймон бўлди. У ўттиз кумуш тангани бош руҳонийлар билан йўлбошчиларга қайтариб олиб келди.
[4] У: — Мен гуноҳ қилдим! Бегуноҳ одамга хоинлик қилдим, — деди. Улар эса: — Бизга нима?! Бу сенинг ишинг! — дейишди.
[5] Яҳудо кумуш тангаларни Маъбадга отиб юборди–да, чиқиб кетди. У бориб, ўзини осиб ўлдирди.
[6] Бош руҳонийлар тангаларни териб олиб: “Бу пулни Маъбад хазинасига қўша олмаймиз, чунки булар қонга беланган”, — дейишди.
[7] Улар маслаҳатлашиб, бу пулга кулолнинг даласини сотиб олдилар, у ерга мусофирлар дафн қилинадиган бўлди.
[8] Шунинг учун ўша ер бугунгача “Қон Ери” деб аталади.
[9] Шундай қилиб, Еремиё пайғамбарнинг башорати бажо бўлди: “Улар ўттиз кумуш тангани олиб, Кулолнинг даласини сотиб олдилар. Бу пул Исроил халқининг У учун белгилаган нархи эди.” Эгамизнинг амри бўйича, Еремиёнинг ҳаётида ҳам худди шундай воқеа юз берган эди.
[11] Исо ҳоким Пилатнинг ҳузурида турганда ҳоким Исодан: — Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради. — Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.
[12] Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар Исони айблаётганларида эса, У ҳеч қандай жавоб бермади.
[13] Шунда Пилат Унга: — Эшитмаяпсанми, Сенинг бўйнингга қанча айблар қўйишяпти! — деди.
[14] Лекин Исо биронта айбловга жавоб қайтармади. Ҳоким бунга қойил қолди.
[15] Ҳокимнинг бир одати бор эди: у ҳар Фисиҳ байрамида оломоннинг хоҳишига кўра, бир маҳбусни озод қилар эди.
[16] Ўша пайтда отнинг қашқасидай таниқли бўлган Ёшуа Бараббас исмли бир маҳбус бор эди.
[17] Халқ тўплангач, Пилат улардан сўради: — Сизлар кимни озод қилишимни истайсизлар: Ёшуа Бараббасними ёки Масиҳ деб аталган Исоними?
[18] Улар Исони ҳасад туфайли қўлга туширишганини Пилат билар эди.
[19] Пилат ҳукм курсисида ўтирган эди, хотини унга шундай хабар юборди: “Бу Одам айбсиз, Унга бирон нарса қила кўрмагин, кеча тушимда У сабабли қаттиқ азоб тортдим.”
[20] Аммо бош руҳонийлар билан йўлбошчилар оломонни қайраб, Пилатдан: “Бараббасни озод қилинг, Исони эса ўлдиринг” деб сўрашга уларни кўндирдилар.
[21] Ҳоким оломондан яна сўради: — Икковидан қайси бирини озод қилишимни истайсизлар? — Бараббасни! — деб жавоб берди улар.
[22] — Масиҳ деб ном олган Исони нима қилай? — деб сўради Пилат. — Хочга михлансин! — дейишди бир оғиздан.
[23] — Нимага? У нима ёмонлик қилди? — деб сўради ҳоким. Лекин оломон: — Хочга михлансин! — деб баттар бақирарди.
[24] Пилат қўлидан ҳеч нарса келмаётганини ва ғалаён бошланаётганини кўриб: — Бу Одамнинг тўкиладиган қони учун мен айбдор эмасман. Бунга ўзларингиз жавоб берасизлар! — деди–да, оломоннинг кўзи олдида сув олиб, қўлларини чайди.
[25] Бутун халқ бунга жавобан: — Унинг қони бизнинг ва болаларимизнинг гарданида бўлсин! — дейишди.
[26] Шундан сўнг Пилат Бараббасни озод қилди. Исони эса қамчилатиб, хочга михлашни буюрди.
[27] Ҳокимнинг аскарлари Исони ҳукумат саройига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг олдига тўплашди.
[28] Улар Исонинг кийимларини ечиб олиб, Унинг эгнига қизил тўн кийдирдилар.
[29] Тиканлардан тож ўриб, бошига кийгиздилар. Ўнг қўлига қамиш тутқизиб, Унинг олдида тиз чўкканча: “Яшавор, эй яҳудийларнинг Шоҳи!” деб масхара қилдилар.
[30] Сўнг Унга тупуриб, қамиш билан қайта–қайта бошига урдилар.
[31] Уни шундай масхара қилганларидан кейин, устидаги тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди. Сўнг Уни хочга михлаш учун олиб кетишди.
[32] Улар йўлда Киринеялик Шимўн деган кишини учратиб қолиб, Исонинг хочини кўтариб боришга уни мажбур қилдилар.
[33] Улар Гўлгота деган жойга етиб келдилар. Гўлгота “бош суяги” маъносини беради.
[34] Аскарлар у ерда Исога ичгани аччиқ ўт аралаштирилган шароб бердилар. Исо уни татиб кўрди, аммо ичмади.
[35] Аскарлар Исони хочга михлаб қўйишди. Кийимлари учун қуръа ташлаб, ўзаро бўлишиб олишди.
[36] Кейин ўша ерда Исони қўриқлаб ўтиришди.
[37] Исонинг бош томонига улар: “Бу яҳудийларнинг Шоҳи Исодир” деган айбномани осиб қўйдилар.
[38] Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаган эдилар. Уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди.
[39] Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаб, Исони ҳақоратлашарди:
[40] — Эй Маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган! Агар Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи! Хочдан тушиб кўр–чи!
[41] Бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди:
[42] — У бошқаларни қутқарарди, Ўзини эса қутқара олмайди! У Исроилнинг Шоҳи эмиш! Қани, хочдан тушсин, шунда биз Унга ишонамиз.
[43] У Худога ишонарди. Агар Худо Ундан мамнун бўлса, ҳозир Уни қутқарсин. Ахир, У Ўзини Худонинг Ўғли деб атаган–ку!
[44] Исо билан бирга хочга михланган қароқчилар ҳам Уни шундай ҳақоратлар эдилар.
[45] Тушдан бошлаб соат учгача ҳамма ёқ зулматга чўмди.
[46] Соат учларда Исо баланд овоз билан: — Эли, Эли, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бунинг таржимаси: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!” демакдир.
[47] У ерда турган баъзилар буни эшитиб: — У Илёсни чақиряпти, — дейишди.
[48] Улардан бири югуриб бориб, шимгични олди ва арзон шаробга ботириб, бир қамишнинг учига илди–да, Исога ичиш учун узатди.
[49] Бошқалари эса: — Қани, кўрайлик–чи, Илёс келиб Уни қутқарармикан, — дейишди.
[50] Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди–ю, жон берди.
[51] Шу заҳоти Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди. Ер ларзага келди, тошлар ёрилди.
[52] Қабрлар очилиб, тақводор одамларнинг кўпчилиги тирилди.
[53] Улар қабрларидан чиқдилар, Исо тирилгандан кейин муқаддас Қуддус шаҳрига бордилар. Кўп одамлар уларни кўрди.
[54] Исони қўриқлаб турган Рим юзбошиси билан ёнидаги аскарлар зилзилани ва содир бўлаётган барча ишларни кўриб, ваҳимага тушдилар. Улар: — Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! — дедилар.
[55] У ерда бир талай аёллар ҳам бор эди, улар узоқдан қараб турган эдилар. У аёллар Жалиладан Исога эргашиб келган ва Унга хизмат қилгандилар.
[56] Уларнинг орасида Магдалалик Марям, Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ва Забадиё ўғилларининг онаси ҳам бор эди.
[57] Оқшом тушаётган пайтда Юсуф деган Ариматеялик бир бой одам келди. У ҳам Исонинг шогирди эди.
[58] Юсуф Пилатнинг ҳузурига бориб, Исонинг жасадини сўради. Пилат жасадни унга беришни буюрди.
[59] Юсуф жасадни олиб, уни тоза зиғир матосига кафанлади
[60] ва ўзи учун қояга ўйдирган янги қабрга қўйди. Юсуф катта тошни юмалатиб келиб, қабрнинг оғзини ёпди ва ўзи кетди.
[61] Магдалалик Марям билан бошқа Марям у ерда қолиб, қабрнинг рўпарасида ўтиравердилар.
[62] Шаббат арафасининг эртасига бош руҳонийлар ва фарзийлар Пилатнинг ҳузурига йиғилишиб,
[63] дедилар: — Ҳазрати олийлари, бир нарса эсимизга тушиб қолди: ўша ёлғончи тириклигида: “Уч кундан кейин Мен тириламан”, деган эди.
[64] Шунинг учун буйруқ беринг: қабр уч кун қўриқлансин. Акс ҳолда, Унинг шогирдлари бориб, жасадни ўғирлаб кетадилар–да, одамларга: “У ўликдан тирилди” деб айтадилар. Бу ёлғон биринчисидан ҳам баттар бўлади.
[65] Пилат уларга деди: — Хўп, қўриқчиларни олиб, қўлингиздан келганча, қабрни қўриқланглар.
[66] Улар бориб, қабр тошига муҳр босдилар ва қабрни қўриқлай бошладилар.