[1] Исо Ўзининг ўн икки ҳаворийсини ёнига чақириб, уларга ёвуз руҳларни қувиб чиқариш ва ҳар қандай дарду хасталикларни соғайтириш қудратини берди.
[2] Бу ўн икки ҳаворийнинг исмлари қуйидагичадир: биринчиси Бутрус деб аталган Шимўн, унинг укаси Эндрус, Забадиёнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно,
[3] Филип, Бартоломей, Тўма, солиқчи Матто, Халфей ўғли Ёқуб, Таддеюс,
[4] ватанпарвар Шимўн ва Исога хоинлик қилган Яҳудо Ишқариёт.
[5] Исо ўн икки ҳаворийни жўнатаётиб, уларга қуйидагича кўрсатмалар берди: “Ғайрияҳудийлар яшайдиган жойларга оёқ босманглар, Самарияликларнинг шаҳарларига кирманглар.
[6] Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар.
[7] Борганларингизда: «Осмон Шоҳлиги яқинлашди», деб эълон қилинглар.
[8] Хасталарни соғайтиринглар, ўликларни тирилтиринглар, тери касаллигига чалинганларни покланглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар.
[9] Белбоғларингизга олтин, кумуш, ҳатто мис чақа ҳам қистириб олманглар.
[10] Йўлга тўрва ҳам, қўшимча кийим ҳам, чориқ ҳам, ҳасса ҳам олманглар. Чунки меҳнаткаш ўзининг нон–насибасига муносибдир.
[11] Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ўзингизга муносиб одамни топиб, кетгунингизча ўша одамнинг уйида туринглар.
[12] Уйга кирганингизда: «Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин», деб айтинглар.
[13] Агар у муносиб хонадон бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша хонадонда қолади. Агарда номуносиб бўлса, тилаган тинчлигингиз ўзингизга қайтиб келади.
[14] Агар ким сизни қабул қилмаса ва сўзларингизга қулоқ солмаса, ўша уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.
[15] Сизга чинини айтаман: қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳолидан ҳам баттар бўлади.
[16] Мен сизларни бўрилар орасига қўйлардай юборяпман. Сизлар илондай зийрак, каптардай оқ кўнгил бўлинглар.
[17] Инсонлардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки улар сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда калтаклайдилар.
[18] Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурига олиб борадилар, сизлар эса уларга ва ғайрияҳудийларга Мен ҳақимдаги Хушхабарни айтасизлар.
[19] Сизларни маҳкамага олиб боришганда: «Қандай гапирамиз, нима айтамиз», деб хавотир олманглар. Нима айтишингиз ўша вақтда сизларга билдирилади.
[20] Ўшанда сизлар эмас, балки Отангиз Худонинг Руҳи сизлар орқали гапиради.
[21] Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар.
[22] Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади.
[23] Агар сизларни бир шаҳарда қувғин қилсалар, бошқасига қочиб боринглар. Сизларга чинини айтайин: сизлар Исроилнинг шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмасингиздан, Инсон Ўғли келади.
[24] Шогирд устозидан устун эмас, қул ҳам ўзининг хўжайинидан устун эмас.
[25] Шогирд устозидай, қул хўжайинидай бўлса кифоя. Агар уй эгасини Баалзабул, яъни инс–жинслар ҳукмдори деб атаган бўлишса, уй аҳлини ундан баттар ном билан аташади!
[26] Шундай бўлса–да, одамлардан қўрқманглар! Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.
[27] Сизга қоронғида гапираётганларимни ёруғда айтинглар. Қулоғингизга шивирлаб айтганларимни уйларнинг томи устидан бақириб, эълон қилинглар.
[28] Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар. Худодан қўрқинглар! Чунки У жонни ҳам, танани ҳам дўзахда ҳалок этишга қодир.
[29] Иккита чумчуқ бир тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам осмондаги Отангизнинг хоҳишисиз ерга тушмайди.
[30] Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган.
[31] Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
[32] Ким Мени инсонлар олдида тан олса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни тан оламан.
[33] Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни рад этаман.
[34] Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, қилич олиб келганман.
[35] Ўғилни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнанасидан ажратиш учун келганман.
[36] Инсоннинг душманлари ўз уйидагилари бўлади.
[37] Кимки отасини ёки онасини Мендан ортиқ севса, Менга лойиқ эмас. Кимки ўғлини ёки қизини Мендан ортиқ севса, Менга лойиқ эмас.
[38] Кимки ўз хочини олиб, ортимдан юрмаса, Менга лойиқ эмас.
[39] Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини берган эса, уни асраб қолади.
[40] Сизни қабул қилган одам Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
[41] Кимки пайғамбарни пайғамбар бўлгани учун қабул қилса, пайғамбарга муносиб мукофотни олади. Кимки солиҳ одамни солиҳ бўлгани учун қабул қилса, солиҳга муносиб мукофотни олади.
[42] Агар сиз шогирдларимнинг энг кичигига у Менинг шогирдим бўлгани учун бир пиёла совуқ сув берсангиз, албатта мукофотингизни оласиз, деб сизга чинини айтаман.”