[1] Шу орада вилоят ҳукмдори Ҳирод Исо тўғрисидаги хабарларни эшитиб,
[2] амалдорларига деди: “Бу Яҳё чўмдирувчи эканлиги аниқ! У тирилиб келган, шунинг учун мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга.”
[3] Унинг бу гапни айтишига сабаб шу эди: бундан анча вақт олдин Ҳирод Яҳёни ҳибсга олганди. У ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродия дастидан Яҳёни кишанлаб, зиндонга ташлаган эди.
[4] Чунки Яҳё унга: “Бу хотин билан яшашингиз қонунга зид”, деб айтар эди.
[5] Ҳирод Яҳёни ўлдиришни хоҳлаган бўлса–да, халқдан қўрққан эди. Чунки одамлар Яҳёни пайғамбар деб билишарди.
[6] Ҳироднинг туғилган куни бўлганда, Ҳиродиянинг қизи ўртага чиқиб рақсга тушди. Қизнинг рақси Ҳиродга шунчалик ёқдики,
[7] Ҳирод унга: — Онт ичаман, сўраган нарсангни муҳайё қиламан, — деб ваъда берди.
[8] Қиз эса онасининг гапига кириб: — Менга Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беринг! — деди.
[9] Шоҳ айтган гапидан афсус чекди, аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини бажаришни буюрди.
[10] У зиндонга одам юбориб, Яҳёнинг бошини олдирди.
[11] Унинг бошини лаганда келтириб қизга бердилар, қиз эса онасига олиб бориб берди.
[12] Яҳёнинг шогирдлари келиб, устознинг жасадини олдилар, уни дафн этдилар. Сўнг бориб, Исога хабар бердилар.
[13] Яҳё ҳақидаги хабарни эшитгандан кейин, Исо қайиққа тушиб, ёлғиз Ўзи кимсасиз жойга сузиб кетди. Оломон эса бу ҳақда эшитиб, шаҳарлардан пиёда Унинг орқасидан эргашди.
[14] Исо қайиқдан чиққанда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетиб, хасталарига шифо берди.
[15] Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди. Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.
[16] Исо уларга деди: — Кетишларига ҳожат йўқ, сизлар уларга овқат беринглар.
[17] — Бизда бор–йўғи бешта нон ва иккита балиқ бор, — деб жавоб берди шогирдлар.
[18] — Ўша нарсаларни Менга олиб келинглар, — деди Исо.
[19] У одамларга майсалар устига ўтиришни буюрди. Сўнг бешта нон билан иккита балиқни олди–да, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. У нонларни синдириб, шогирдларига берди, шогирдлар нонларни одамларга тарқатишди.
[20] Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди.
[21] Аёллар ва болаларни ҳисобга олмаганда, тахминан беш мингга яқин одам нон еган эди.
[22] Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди.
[23] У одамларни кеткизиб юборгандан кейин, ибодат қилиш учун бир Ўзи тепаликка чиқди. Оқшом тушди, У ҳамон ўша ерда ёлғиз эди.
[24] Қайиқ эса қирғоқдан анча узоқлашиб қолганди. Шамол қайиққа қарши эсаётгани учун тўлқинлар қайиққа келиб уриларди.
[25] Эрта саҳарда Исо кўл устида юриб, шогирдлари ёнига келди.
[26] Шогирдлар эса кўл юзида юриб келаётган Исони кўриб, қаттиқ ваҳимага тушишди. Қўрққанларидан: — Бу арвоҳ–ку! — деб бақириб юборишди.
[27] Лекин Исо ўша заҳоти уларга: — Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.
[28] Шунда Бутрус: — Ҳазрат, агар ҳақиқатан бу Сиз бўлсангиз, амр беринг, мен сув устида юриб Сизнинг олдингизга борай, — деди.
[29] Исо: — Кел! — деди. Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юрганича Исо томон йўл олди.
[30] Аммо шамолнинг кучли эканлигидан қўрқиб кетди. У сувга чўка бошлаб: — Ҳазрат, мени қутқаринг! — деб бақирди.
[31] Исо шу заҳоти қўлини чўзиб, Бутрусни ушлади–да: — Эй имони суст, нега иккиландинг?! — деди.
[32] Улар қайиққа тушганларидан кейин, шамол тинди.
[33] Қайиқдагилар Исога сажда қилиб: — Сиз ҳақиқатан ҳам Худонинг Ўғлисиз! — дедилар.
[34] Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар.
[35] У ердаги одамлар Исони танидилар ва атрофга хабар юбориб, ҳамма хасталарни Исонинг олдига олиб келдилар.
[36] Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топишарди.