[1] Фарзий ва саддуқий мазҳабидагилар Исонинг олдига келиб, Уни синаб кўриш мақсадида: — Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг. Шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз, — дедилар.
[2] Исо уларга шундай жавоб берди: — Қуёш ботганда, сизлар, осмон қизғиш, ҳаво яхши бўлади, дейсизлар.
[3] Эрталаб эса, осмон қизил, ҳавонинг авзойи бузуқ, бугун бўрон бўлади, дейсизлар. Сизлар осмоннинг авзойига қараб, об–ҳавони аниқлай оласизлар–ку! Нега замон аломатларини талқин қила олмайсизлар?!
[4] Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди. Исо уларни қолдириб кетди.
[5] Нариги қирғоққа етиб келган шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эдилар.
[6] Исо уларга деди: — Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!
[7] Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олиб келмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар.
[8] Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди: — Эй имони сустлар! Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар?
[9] Ҳали ҳам тушунмадингизларми? Беш мингта одамга бешта нонни бўлиб берганим эсингиздами? Ўшанда қолган–қутган нонларга нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар?
[10] Ёки еттита нонни тўрт минг кишига бўлиб берганим–чи? Ўшанда, нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар?
[11] Мен сизларга нон ҳақида гапирмаганимни ҳали ҳам англамадингизларми? Мен сизларга: “Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!” деб айтяпман.
[12] Шундан кейин шогирдлар тушундиларки, Исо уларни нонга ишлатиладиган хамиртурушдан сақланиш тўғрисида эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан эҳтиёт бўлиш тўғрисида огоҳлантираётган экан.
[13] Исо Филип Қайсарияси атрофидаги ҳудудга келди. Ўша ерда У шогирдларидан сўради: — Одамлар Инсон Ўғлини ким деб билади?
[14] Шогирдлар Унга шундай жавоб бердилар: — Баъзилар Яҳё чўмдирувчи, баъзилар Илёс, баъзилар Еремиё, бошқалар эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.
[15] Исо улардан сўради: — Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?
[16] Шимўн Бутрус жавоб бериб деди: — Сиз Масиҳсиз, Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз!
[17] Шимўн Бутрусга Исо деди: — Сен бахтлисан, эй Юҳанно ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган.
[18] Шимўн, сенга шуни айтай: Бутрус исминг “қоя” дегани–ку! Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди.
[19] Осмон Шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. Ер юзида сен нимани тақиқласанг, самода ҳам тақиқланади. Ер юзида сен нимага ижозат берсанг, самода ҳам ижозат берилади.
[20] Бундан сўнг Исо: “Масиҳ эканимни ҳеч кимга айтманглар”, деб шогирдларига қатъий буюрди.
[21] Шу вақтдан бошлаб, Исо шогирдларига қуйидагиларни очиқчасига тушунтира бошлади: “Мен Қуддусга бориб, йўлбошчилар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлида кўп азоб чекаман. Мени ўлдиришади, лекин учинчи куни Мен тириламан.”
[22] Шунда Бутрус Исони четга тортиб деди: — Бундай деб айтманг, Ҳазратим! Худо сақласин! Бошингизга асло бундай кунлар келмасин!
[23] Исо эса Бутрусга қараб: — Йўқол кўзимдан, шайтон! — деди. — Мени йўлдан урма! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан.
[24] Кейин Исо Ўз шогирдларига деди: — Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва хочини кўтариб, орқамдан юрсин.
[25] Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади.
[26] Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?! Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?!
[27] Инсон Ўғли самовий Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келганда, ҳар кимни ўз ишига яраша тақдирлайди.
[28] Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари, Инсон Ўғлининг Шоҳ бўлиб келганини кўрмагунча, ўлмайдилар.