[1] Исо тоғдан тушганда катта бир оломон Унинг орқасидан эргашди.
[2] Шу орада тери касаллигига чалинган бир одам Исонинг олдига келди. У тиз чўкиб, деди: — Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан Сиз поклай оласиз.
[3] Исо қўлини узатиб, унга теккизди–да: — Истайман, пок бўл! — деди. Тери касаллигига чалинган одам шу заҳоти дардидан фориғ бўлди.
[4] Исо унга деди: — Менга қара! Бу тўғрида бировга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.
[5] Исо Кафарнаҳум шаҳрига кириб келганда, бир Рим юзбошиси Унинг олдига келиб, ёлворди:
[6] — Ҳазрат, хизматкорим уйда тўшакка михланиб ётибди. У қаттиқ азоб чекяпти.
[7] — Майли, Мен бориб, хизматкорингизни соғайтираман, — деди Исо.
[8] Юзбоши шундай деди: — Ҳазрат! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади.
[9] Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарларим бор. Бирига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.
[10] Исо юзбошининг бу гапини эшитиб, ҳайратланди. У орқасидан эргашиб келаётганларга деди: — Сизларга чинини айтайин: Мен Исроил халқи орасида бундай кучли имонга эга бўлган биронта одамни учратмадим.
[11] Сизларга шуни айтаман: кўп одамлар шарқу ғарбдан келиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга Осмон Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар.
[12] Осмон Шоҳлигининг меросхўрлари эса ташқаридаги зулматга қувиб чиқарилади. Улар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.
[13] Кейин Исо юзбошига деди: — Боринг, сиз ишонганингиздай бўлсин. Юзбошининг хизматкори ўша заҳоти соғайиб кетди.
[14] Исо Бутруснинг уйига келганда, унинг қайнанаси иситмалаб, тўшакда ётганини кўрди.
[15] Исо унинг қўлига тегиши билан иситмаси тушди. Аёл туриб, Унга хизмат қилди.
[16] Кеч кирганда Исонинг олдига жин чалган кўплаб одамларни олиб келишди. У сўз билан жинларни қувиб чиқарди, хаста одамларнинг ҳаммасига шифо берди.
[17] Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги айтган сўзи бажо бўлди: “Дардларимизни У Ўзига олди, Оғриқларимиздан бизни фориғ қилди.”
[18] Исо атрофида бир талай оломонни кўриб, шогирдларига кўлнинг нариги томонига ўтишни буюрди.
[19] Шу пайт Исонинг олдига Таврот тафсирчиси келиб деди: — Устоз, қаерга борсангиз ҳам, мен ортингиздан бораман.
[20] Исо унга шундай деди: — Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор. Инсон Ўғлининг эса бош қўядиган жойи йўқ.
[21] Шогирд бўлган бошқа бир одам эса Исога: — Ҳазрат, ижозат беринг, аввал бориб отамни дафн қилиб келай, — деди.
[22] Исо эса Унга деди: — Сен ортимдан юр. Марҳумларни руҳан ўлик бўлганлар дафн қилсинлар.
[23] Исо қайиққа тушди, шогирдлари ҳам Унга эргашиб, қайиққа тушдилар.
[24] Шу орада кўлда бўрон кўтарилди, тўлқинлар қайиқни сувга тўлдира бошлади. Исо эса ухлаётган эди.
[25] Шунда шогирдлари Исонинг олдига бориб: — Ҳазрат, бизни қутқаринг! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар.
[26] Исо уларга деди: — Нега қўрқяпсизлар, эй имони сустлар? Сўнг туриб, шамолга ва тўлқинларга дўқ урди. Шу ондаёқ чуқур сукунат чўкди.
[27] Қайиқдагилар ҳайратланиб, бир–бирига: — Бу ким бўлди экан–а? Ҳатто шамол ва тўлқинлар Унга бўйсунади–я! — дейишди.
[28] Исо кўлнинг нариги қирғоғига, Гадара шаҳрининг яқинига етиб борди. Шунда жинга чалинган икки одам қабрлар орасидан югуриб келиб, Исонинг қаршисидан чиқишди. Улар шунчалик ваҳший эдиларки, биронта одам у ердан ўта олмасди.
[29] Улар шундай деб бақиришди: — Эй Худонинг Ўғли! Бизни тинч қўй! Сен бизга вақтидан олдин азоб бергани бу ерга келдингми?
[30] Улардан нарироқда катта бир чўчқа подаси ўтлаб юрган эди.
[31] Жинлар Исога ёлвориб: — Агар бизларни қувиб чиқарадиган бўлсанг, унда чўчқа подасига юборгин, — дейишди.
[32] Исо уларга: — Боринглар! — дейиши биланоқ, жинлар одамлар ичидан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Шу онда бутун чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, сувда нобуд бўлди.
[33] Чўчқа боқувчилар эса қочиб шаҳарга бордилар. Жинга чалинганлар билан бўлиб ўтган ҳодисани ҳаммага гапириб бердилар.
[34] Шунда бутун шаҳар аҳолиси Исонинг олдига борди. Уни кўргач, ҳудудимиздан чиқиб кетинг, деб ўтиниб сўрадилар.