[1] Исо одамларга яна масаллар билан гапира бошлади:
[2] “Осмон Шоҳлигини ўғлига тўй зиёфати берган шоҳга қиёсласа бўлади.
[3] Шоҳ тўйга таклиф этилган меҳмонларни чақириш учун хизматкорларини юборибди. Меҳмонлар эса келишни хоҳламабдилар.
[4] Шоҳ яна бошқа хизматкорларини юбориб, шундай дебди: — Таклиф этилганларга айтинглар: мен зиёфат дастурхонини тайёрлаб қўйдим, буқаю бўрдоқиларим сўйилди, ҳаммаси тайёр. Тўйга келаверинглар!
[5] Бироқ улар бу таклифни ҳам назарга илмабдилар, бири даласига, бошқаси ўз ишига кетибди.
[6] Қолганлар эса шоҳ хизматкорларини тутиб, хўрлаб, ўлдиришибди.
[7] Шоҳ буни эшитиб, ғазабланибди. Лашкарини юбориб, қотилларни қатл қилдирибди, шаҳарларини эса ёндириб кул қилибди.
[8] Шундан кейин у хизматкорларига айтибди: — Тўй зиёфати тайёр, лекин таклиф этилганлар бунга муносиб эмас эканлар.
[9] Шунинг учун чорраҳаларга боринглар, кимни кўрсангиз, тўй зиёфатига таклиф қилинглар.
[10] Хизматкорлар йўлга чиқиб, учратганларининг ҳаммасини — ёмонларни ҳам, яхшиларни ҳам йиғиб келибдилар. Хуллас, тўйхона меҳмонларга тўлибди.
[11] Шоҳ меҳмонларни кўриш учун кирганда, у ерда тўй кийимини киймаган бир одамни кўрибди
[12] ва ундан: — Дўстим, тўй кийимисиз бу ерга қандай кирдингиз? — деб сўрабди, у ҳеч қандай жавоб бера олмабди.
[13] Шунда шоҳ хизматкорларига айтибди: — Бу одамнинг қўл–оёқларини боғлаб, ташқарига, қоронғиликка ташланглар. У ерда у қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.
[14] Ахир, даъват этилганлар кўп, аммо танланганлар оздир.”
[15] Шунда фарзийлар келиб, Исони тилидан илинтириш учун режа туздилар.
[16] Улар ўз шогирдларини Ҳирод тарафдорлари билан бирга Исонинг олдига юборишди. — Устоз, — дейишди улар, — Сиз одил эканингизни биламиз. Сиз Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Бирор кишига хушомадгўйлик, юз–хотирчилик қилмайсиз.
[17] Бизга айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?
[18] Аммо Исо уларнинг нияти ёмон эканини билиб турарди. У шундай деди: — Ҳой иккиюзламачилар! Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар?
[19] Солиққа тўланадиган тангани Менга кўрсатинглар. Улар Исога бир динор келтирдилар.
[20] — Бу сурат ва ёзув кимники? — деб сўради Исо.
[21] — Қайсарники, — деб жавоб берди улар. — Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди Исо.
[22] Улар буни эшитиб лол қолдилар. Исони ўз ҳолига қўйиб, қайтиб кетдилар.
[23] Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари ўша куни Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:
[24] — Устоз! Мусо айтган эдики: “Агар одам фарзанд кўрмай ўлиб кетса, марҳумнинг укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.”
[25] Хўш, бизда етти ака–ука бор эди. Биринчиси уйланди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтди, хотини эса укасига қолди.
[26] Иккинчи, учинчи, ҳатто еттинчисигача, ҳаммасининг бошига шу кўргилик тушди.
[27] Охирида хотин ҳам қазо қилди.
[28] Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин еттовидан қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир, ҳаммаси унга уйланган эди–ку.
[29] Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар.
[30] Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли самодаги фаришталардай бўладилар.
[31] Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки Худонинг сизларга айтган гапларини ҳеч қачон ўқимаган бўлсангизлар?!
[32] У: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”, — деган–ку! Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир.
[33] Оломон буни эшитиб, Исонинг таълимотидан ҳайратда қолди.
[34] Исо саддуқийларни мот қилиб қўйганини эшитиб, фарзийлар бир жойга йиғилдилар.
[35] Исони синаш мақсадида улардан бири — Таврот тафсирчиси Унга шундай савол берди:
[36] — Устоз, Тавротдаги қайси амр энг буюк?
[37] Исо унга деди: — “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан севинг.”
[38] Бу биринчи ва энг буюк амр.
[39] Иккинчиси эса шунга ўхшашдир: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”
[40] Бутун Таврот ва пайғамбарларнинг ҳамма битиклари мана шу икки амрга таянади.
[41] Фарзийлар йиғилишганда, Исо улардан сўради:
[42] — Масиҳ ҳақида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг ўғли? — Довуднинг Ўғли, — деб жавоб берди улар.
[43] Исо уларга деди: — Ундай бўлса, қандай қилиб Довуд Муқаддас Руҳ орқали Масиҳни Раббим деб айтади? Довуд шундай деган эди:
[44] “Эгамиз айтмоқда Раббимга: Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”
[45] Агар Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!
[46] Исонинг саволига ҳеч ким жавоб бера олмади. Ўша кундан бошлаб ҳеч ким Унга савол беришга журъат этолмайдиган бўлди.