[1] Иблиснинг синовидан ўтиши учун Муқаддас Руҳ Исони саҳрога бошлаб кетди.
[2] Исо қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди, охири оч қолди.
[3] Шунда иблис келиб, Исони васвасага солмоқчи бўлиб деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошларга буюр, нонга айлансин!
[4] Исо унга жавобан деди: — Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”
[5] Кейин иблис Исони муқаддас шаҳар Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб,
[6] шундай деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Ахир, ёзилган–ку: “У Сен тўғрингда фаришталарига амр беради, Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея, Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”
[7] Иблисга Исо деди: — “Эганг Худони синама”, деб ҳам ёзилган.
[8] Сўнг Исони иблис баланд бир тоққа олиб чиқди. Унга оламнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг ҳашаматини кўрсатиб,
[9] деди: — Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман.
[10] Шунда Исо деди: — Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил”, деб ёзилган–ку!
[11] Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар.
[12] Исо Яҳёнинг ҳибсга олинганини эшитгач, Жалила ҳудудига қайтиб борди.
[13] У Носира шаҳрида қолмай, Кафарнаҳумга бориб ўрнашди. Кафарнаҳум шаҳри Забулун ва Нафтали ҳудудидаги Жалила кўли бўйида жойлашган эди.
[14] Шундай қилиб, Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
[15] “Эй Забулун ва Нафтали юрти! Эй денгиз бўйидаги ерлар ва Иорданнинг нариги томонидаги ўлка! Эй ғайрияҳудийлар Жалиласи!
[16] Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди, Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.”
[17] Шу кундан бошлаб Исо: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди”, деб ваъз қиладиган бўлди.
[18] Исо Жалила кўли бўйлаб кетаётган эди, икки ака–укани кўриб қолди. Бирининг исми Бутрус деб аталувчи Шимўн, укасиники Эндрус эди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар.
[19] Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар, Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.”
[20] Улар ўша заҳотиёқ тўрларини ташлаб, Исога эргашдилар.
[21] Исо бир оз юргандан кейин, Ёқуб ва Юҳанно деган икки ака–укани кўриб қолди. Улар отаси Забадиё билан бирга қайиқда тўр ямаётган эдилар. Исо уларни ҳам чақирди.
[22] Улар ҳам дарҳол қайиқни ва отасини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашдилар.
[23] Исо бутун Жалила ҳудудини кезиб юрарди. У синагогаларда таълим бериб, Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қиларди, одамларнинг ҳар хил хасталиклари ва дардларига шифо берар эди.
[24] Исо ҳақидаги хабар бутун Сурияга ёйилди. Турли–туман дарду иллатлардан қийналиб юрганларни, жинга чалинганларни, тутқаноқ ва шол касалига йўлиққанларнинг ҳаммасини Исонинг олдига келтиришарди. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берарди.
[25] Жалиладан, Декаполис ҳудудидан, Қуддусдан, Яҳудиядан ва Иорданнинг нариги томонидаги ерлардан кўплаб одамлар Исога эргашиб келарди.