Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:27

[1] Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган хушбўй мойларини олиб, қабрга келдилар.

[2] Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар.

[3] Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар.

[4] Улар гангиб қолдилар. Шунда тўсатдан аёлларнинг қаршисида икки одам пайдо бўлди. Уларнинг кийимлари ярқираб турарди.

[5] Аёллар ваҳимадан бошларини ерга эгиб туришди. Одамлар эса аёлларга шундай дейишди: — Нега сиз тирикни ўликлар орасидан қидиряпсизлар?

[6] У бу ерда йўқ, У тирилди! Ҳали Жалилада бўлган пайтида сизларга нима деганини эсланглар.

[7] У сизга: “Инсон Ўғли гуноҳкор одамлар қўлига тутиб берилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, деган эди–ку.

[8] Шунда аёллар Исонинг бу сўзларини эсладилар.

[9] Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар.

[10] Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди.

[11] Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар.

[12] Бутрус эса ўрнидан туриб, қабр томон югурди. Ичкарига энгашиб қараб, у ерда фақатгина кафанни кўрди. Юз берган воқеадан ҳайрон қолиб, уйига қайтиб кетди.

[13] Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Эммаус деган қишлоққа кетишаётган эди. Бу қишлоқ Қуддусдан тахминан ўн чақирим узоқликда жойлашган эди.

[14] Улар юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар.

[15] Улар гаплашиб, бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди.

[16] Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.

[17] Исо улардан: — Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди.

[18] Шогирдларидан Клеопас дегани Унга жавоб берди: — Шу кунларда Қуддусда кўп воқеалар юз берди. Булардан бехабар қолган мусофир ёлғиз Сиз бўлсангиз керак.

[19] — Қандай воқеалар? — деб сўради Исо улардан. — Носиралик Исо тўғрисидаги воқеалар–да, — деб жавоб берди улар. — Исо пайғамбар эди, Худо олдида ва бутун халқ олдида сўзлари ва ишлари билан қудратини кўрсатди.

[20] Аммо бош руҳонийларимиз билан йўлбошчиларимиз Уни ўлимга маҳкум қилиб, хочга михлаш учун тутиб бердилар.

[21] Биз эса, У Исроилни халос этади, деб умид қилган эдик. Бу ҳодисалар содир бўлганига бугун уч кун бўлди.

[22] Бунинг устига–устак, орамиздаги айрим аёллар бизни ҳайратда қолдиришди. Улар бугун саҳарда қабрга борган эканлар,

[23] Унинг жасадини топа олмабдилар. Аёллар қайтиб келиб: “Бизга фаришталар зоҳир бўлди, улар бизга, Исо тирик, деб айтишди” деган хабарни олиб келишди.

[24] Шунда орамиздан баъзилар қабрга бориб, аёлларнинг гапи тўғри эканини кўрдилар. Исо қабрда йўқ эди.

[25] Исо уларга деди: — Бунчалик бефаҳм бўлмасангизлар?! Пайғамбарларнинг гапларига ишониш нега сизлар учун шунчалик қийин?!

[26] Ахир, Масиҳ улуғланишидан олдин бу азобларни бошдан кечириши керак эди–ку!

[27] Кейин Мусодан тортиб, барча Пайғамбарлар битикларида Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди.

[28] Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди.

[29] Лекин улар Исога: — Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар. Исо улар билан бирга қолгани ичкарига кирди.

[30] Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди.

[31] Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди.

[32] Шогирдлар бир–бирига дедилар: — У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!

[33] Шу заҳоти ўринларидан туриб, Қуддусга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан тўпланиб турганларни топдилар.

[34] Ҳаворийлар уларга: — Раббимиз Исо ҳақиқатан ҳам тирилибди! У Бутрусга кўринибди! — деб айтдилар.

[35] Шунда Эммаусдан қайтиб келган икки шогирд ҳам йўлдаги воқеаларни, Исо нонни синдираётганда Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар.

[36] Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди. — Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.

[37] Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди.

[38] Лекин Исо уларга деди: — Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти?

[39] Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.

[40] Исо шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди.

[41] Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо улардан сўради: — Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?

[42] Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ беришди.

[43] Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди.

[44] Кейин Исо шогирдларига деди: — Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Мусонинг Таврот китобида, Пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.

[45] Сўнгра Исо, Муқаддас битикларни тушуниб етсинлар деб, уларнинг онгини очди

[46] ва уларга деди: — Масиҳ азоб чекиши ва учинчи куни ўликдан тирилиши керак, деб ёзилган.

[47] Яна, тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги хабар Унинг номи билан жамики халқларга ваъз қилиниши керак, деб ҳам ёзилган. Шундай экан, Қуддусдан бошлаб,

[48] ҳамма одамларга кўрган–билганларингизни айтинглар.

[49] Мен сизларга осмондаги Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман. Шунинг учун юқоридан қудрат келиб сизларни қамраб олмагунча, шу шаҳарда қолинглар.

[50] Шундан кейин Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига — Байтания яқинига олиб чиқди. Исо қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди.

[51] Дуо қилаётиб, улардан узоқлашиб бораверди ва осмонга кўтарилди.

[52] Шогирдлар эса Унга сажда қилдилар ва катта севинч ила Қуддусга қайтиб бордилар.

[53] Улар доимо Маъбадда бўлиб, Худони олқишлар эдилар.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters