Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:26

[1] Шогирдлар доимо ва безмасдан ибодат қилсин деб, Исо уларга шундай бир масал айтиб берди:

[2] “Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан.

[3] Ўша шаҳарда бир бева аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига тез–тез бориб туриб: — Мени рақибимдан ҳимоя қилинг, — деб ўтинаркан.

[4] Қози анча вақтгача унга ёрдам беришдан бош тортиб юрар экан. Охири у ўзи–ўзига шундай дебди: — Мен Худодан қўрқмайман, одамлардан ҳам уялмайман.

[5] Аммо бу бева хотин мени ҳолу жонимга қўймагани учун уни ҳимоя қила қолай. Бўлмаса, у келавериб мени безор қилади.”

[6] Раббимиз Исо гапида давом этди: “Адолатсиз қозининг гапини эшитдингизми?

[7] Шундай экан, наҳотки Худо туну кун илтижо қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса?! Йўқ, Худо уларни куттириб қўймайди!

[8] Сизларга айтаман: уларни зудлик билан ҳимоя қилади! Аммо Инсон Ўғли келганда, ер юзида имони бор одамларни топармикин?”

[9] Ўзларининг солиҳлигига ишониб, бошқаларни менсимайдиган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди:

[10] “Икки одам ибодат қилгани Маъбадга киришибди. Уларнинг бири фарзий, иккинчиси солиқчи экан.

[11] Фарзий ўрнидан туриб, шундай ибодат қилибди: — Худойим, Ўзингга шукур! Чунки мен бошқаларга ўхшаб ўғри, жиноятчи, зинокор ёки манави солиқчидай эмасман.

[12] Мен ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр қилиб бераман.

[13] Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто осмонга ҳам қарашга ботинолмай, кўкрагига урганича: — Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил! — деб илтижо қиларди.

[14] Сизга айтаман: фарзий эмас, мана шу одам оқланиб уйига қайтди. Зотан, ўзини ўзи юксалтирган одам камситилади, ўзини паст олган одам эса юксалтирилади.”

[15] Исо болаларимизга қўл теккизсин деб, одамлар Унинг олдига ҳатто гўдакларни ҳам олиб келишарди. Шогирдлар буни кўриб, одамларни койидилар.

[16] Исо эса болаларни ёнига чақириб, деди: “Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир.

[17] Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч қачон киролмайди.”

[18] Обрўли бир одам Исодан сўради: — Валинеъмат Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак?

[19] Исо унга деди: — Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас–ку!

[20] Сен амрларни биласан: “Зино қилма. Қотиллик қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма. Ота–онангни ҳурмат қилгин.”

[21] — Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман, — деди бояги бошлиқ.

[22] Буни эшитиб, Исо деди: — Сенга биргина нарса етишмайди: бор нарсангни сот, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб, Менга эргашгин.

[23] Бошлиқ буни эшитиб, қаттиқ хафа бўлди, чунки у жуда бой эди.

[24] Исо унинг хафа бўлганини кўриб деди: — Мол–дунёси бор одамларнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин!

[25] Бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.

[26] Буни эшитганлар эса: — Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — деб сўрашди.

[27] Исо шундай жавоб берди: — Одамлар учун имконсиз бўлган нарсанинг Худо учун имкони бор.

[28] Шунда Бутрус деди: — Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик.

[29] Исо шогирдларига деди: — Сизларга чинини айтайин, Худонинг Шоҳлиги учун уй–жойини ёки хотинини ё ака–укаларини ёки ота–онасини ё бола–чақасини қолдирган одам

[30] бу дунёнинг ўзидаёқ бир неча баробар ортиғи билан олади, нариги дунёда эса абадий ҳаётга эга бўлади.

[31] Кейин Исо ўн икки шогирдини четга олиб, уларга деди: “Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. Пайғамбарларнинг Инсон Ўғли тўғрисида ёзган ҳамма башоратлари бажо бўлади.

[32] Уни ғайрияҳудийларга тутиб берадилар. Уни масхаралаб ҳақорат қиладилар. Унга тупурадилар.

[33] Ғайрияҳудийлар Уни қамчилайдилар, кейин ўлдирадилар. Аммо учинчи куни У тирилади.”

[34] Шогирдлар эса бу сўзлардан ҳеч нарса тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси уларга қоронғи эди, Исонинг айтганларини улар англамадилар.

[35] Исо Ерихо шаҳрига кириб келаётганда, бир кўр одам йўл чеккасида садақа сўраб ўтирар эди.

[36] Олдидан катта бир оломон ўтиб кетаётганини эшитган ўша кўр: — Нима гап? — деб сўради.

[37] — Носиралик Исо ўтиб кетяпти, — деб жавоб беришди унга.

[38] Шунда кўр: — Эй Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қилинг! — деб бақирди.

[39] Олдинда кетаётганлар эса: — Жим бўл! — деб унга дўқ қилишди. У эса янада қаттиқроқ бақирди: — Эй Довуд Ўғли! Менга раҳм қилинг!

[40] Шунда Исо тўхтаб, кўрни ёнига олиб келишларини буюрди. Кўр келгач, Исо ундан сўради:

[41] — Мендан нима истайсан? Сен учун нима қилай? — Ҳазрат, кўзларим кўрсин! — деди у.

[42] Исо унга: — Кўзларинг кўрсин, ишончинг сенга шифо берди, — деди.

[43] Ўша заҳоти у кўра бошлади. Сўнг Худони улуғлаганча Исога эргашди. Буни кўрган бутун халқ Худога ҳамду санолар айтди.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters