[1] Ўша вақтда баъзи одамлар келиб, Исога ҳоким Пилат ўлдирган Жалилаликлар ҳақида хабар қилишди. Жалилаликлар қурбонлик келтираётган пайтда Пилат уларни ўлдириб, қонларини сўйилган қурбонликлар қонига аралаштириб ташлаган эди.
[2] Исо хабарчиларга деди: “Сизнингча, бу Жалилаликлар бошқа ҳамма Жалилаликларга қараганда кўпроқ гуноҳ қилганлари учун шунчалик жафо чекдиларми?
[3] Сизга йўқ, дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммаларингиз улар каби ҳалок бўласизлар.
[4] Ёки Силоам қишлоғидаги минора қулаганда нобуд бўлган ўн саккиз кишини олайлик. Сизларнинг фикрингизча, ўша нобуд бўлганлар Қуддусда яшайдиган қолган ҳамма одамдан кўра, кўпроқ гуноҳ қилган эдиларми?
[5] Сизларга, йўқ, деб айтаман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммангиз улар каби ҳалок бўласизлар.”
[6] Шундан кейин Исо шу масални айтиб берди: “Бир одамнинг узумзорига анжир дарахти экилган экан. Ўша одам келиб, анжир дарахтидан мева излабди, аммо топа олмабди.
[7] У боғбонга дебди: — Менга қара, уч йилдирки, мен мана бу анжир дарахтидан мева излайман, аммо шу пайтгача биронта мева топа олмадим. Уни кесиб ташла! Бекорга ерни эгаллаб туришининг нима кераги бор?!
[8] Боғбон эса шундай жавоб берибди: — Хўжайин, дарахтингиз бу йил ҳам турсин. Мен унинг атрофини чопиб, гўнг солай.
[9] Балки келгуси йил мева берар. Агар бермаса, унда кесиб ташлаймиз.”
[10] Шаббат куни Исо синагогаларнинг бирида таълим бераётган эди.
[11] У ерда ўн саккиз йилдан бери жинга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилиб қолган бўлиб, қаддини умуман ростлай олмасди.
[12] Исо уни кўргач, ёнига чақириб деди: — Эй аёл, сен дардингдан халос бўлдинг!
[13] Сўнг аёлга қўлларини қўйди, шу заҳоти аёлнинг қадди тикланди–қолди. Аёл Худога ҳамду санолар айтди.
[14] Исо Шаббат куни хастага шифо бергани учун синагога бошлиғи аччиқланиб, оломонга шундай деди: — Ишлаш учун олти кун бор. Шифо топмоқчи бўлсангиз, Шаббатдан бошқа куни келинглар.
[15] Раббимиз Исо унга жавобан деди: — Эй иккиюзламачилар! Сизлар ўзларингиз ҳам Шаббат куни ҳўкизингиз ёки эшагингизни охурдан ечиб, суғоргани олиб борасизлар–ку!
[16] Бу эса Иброҳимнинг қизи, ахир! Шайтон ўн саккиз йилдан бери уни боғлаб қўйган эди. Уни Шаббат куни кишанларидан озод қилиш наҳотки мумкин бўлмаса?!
[17] Исо шу гапларни айтганда, Унинг ҳамма рақиблари шарманда бўлдилар. Жамики оломон эса Исо қилган ажойиб ишлардан хурсанд эди.
[18] Исо деди: “Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатсам бўлади?
[19] Худонинг Шоҳлиги бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига ўхшайди. Уруғ униб–ўсиб, дарахт бўлади, қушлар унинг шохларига уя қуради.”
[20] Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсам бўлади?
[21] Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”
[22] Исо Қуддусга йўл олди ва шаҳару қишлоқларга бориб, таълим берар эди.
[23] Бир одам Ундан сўради: “Ҳазрат, наҳотки саноқли одам нажот топса?!” Исо шундай жавоб берди:
[24] “Тор эшикдан киришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар. Сизларга шуни айтай: кўп одам ичкари киришга интилади, аммо кира олмайди.
[25] Уй эгаси ўрнидан туриб эшикни ёпганда, сизлар ташқарида қолиб эшикни тақиллатасизлар ва: — Ҳазрат, бизга эшикни очинг! — деб айтасизлар. У эса сизларга: — Кимлигингизни ва қаердан келганингизни билмайман! — деб жавоб беради.
[26] Шунда сизлар: — Ахир, биз Сиз билан бирга еб–ичганмиз! Кўчаларимизда таълим бергансиз! — деб айтасизлар.
[27] Аммо У сизларга дейди: — Мен сизларни танимайман! Қаерданлигингизни ҳам билмайман! Йўқолинглар олдимдан, эй бадкирдорлар!
[28] Сизларни ташқарига қувиб чиқаришганда, қаттиқ пушаймон бўласизлар, фиғон чекасизлар, чунки Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўрасизлар.
[29] Шундан кейин шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худонинг Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар.
[30] Шунда охирги бўлган баъзи одамлар биринчи бўладилар, биринчи бўлган баъзилар эса охирги бўладилар.”
[31] Шу пайтда фарзийлардан айримлари Исонинг олдига келиб дейишди: — Бу ердан кетишингиз керак. Ҳирод Сизни ўлдирмоқчи.
[32] Исо уларга шундай деди: — Бориб у тулкига айтинглар: “Эшитиб ол, Мен бугун ҳам, эртага ҳам жинларни қувиб, хасталарга шифо бераман. Учинчи куни эса ишимни тугатаман.”
[33] Аммо шундай бўлса ҳам, Мен бугун, эртага ва индинга Ўз йўлимдан қолмаслигим керак. Ахир, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас.
[34] Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг.
[35] Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номидан келадиган Инсон барака топсин”, деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.