Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:22

[1] Исо Ўз шогирдларига яна деди: “Гуноҳга етаклайдиган васвасалар доимо келади. Аммо васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!

[2] Бу кичикларнинг биронтасини гуноҳга бошлаганингиздан кўра, бўйнингизга тегирмон тошини осиб, сизни денгизга ташлашгани ўзингиз учун яхшироқдир.

[3] Эҳтиёт бўлинглар! Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг.

[4] Агар ўша одам бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса–ю, етти марта қайтиб келиб, сизга: «Тавба қилдим», деса, уни кечириб юборинг.”

[5] Ҳаворийлар Раббимиз Исога: “Имонимизга имон қўшинг”, — дедилар.

[6] Раббимиз шундай жавоб берди: “Агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига: — Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от, — десангиз, дарахт сизга бўйсунади.

[7] Хизматкорингиз қўш ҳайдаб ёки пода боқиб даладан эндигина қайтиб келганда, қай бирингиз унга: — Кел дарров, дастурхонга ўтир, — деб айтасиз?

[8] Бунинг ўрнига ўша хизматкорингизга: — Кечки овқатимни тайёрла, еб–ичиб бўлгунимча, белингни боғлаб, менга хизмат қил, кейин ўзинг еб–ичасан, — деб айтмайсизми?!

[9] Хизматкор ўз вазифасини бажаргани учун унга ташаккурлар билдирмайсиз–ку!

[10] Шу сингари, сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан сўнг: — Биз бор–йўғи хизматкормиз, вазифамизни бажардик, холос, — деб айтинглар.”

[11] Исо Самария билан Жалилани кесиб ўтиб, Қуддус томон йўл олди.

[12] У бир қишлоққа кираётганда, тери касаллигига чалинган ўн киши Уни қаршилаб олди. Улар узоқдан туриб,

[13] фарёд қилдилар: — Эй Исо! Устоз! Бизга раҳм қилинг!

[14] Исо уларни кўриб: — Боринглар, ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар, — деди. Улар йўлда кетаётганларида, тери касаллигидан покланиб қолдилар.

[15] Улардан бири ўзининг шифо топганини кўриб, баланд овозда Худони улуғлаб орқага қайтди.

[16] Ўзини Исонинг оёқлари остига ташлаб, Унга миннатдорчилик билдирди. Ўша одам Самариялик эди.

[17] Исо шогирдларига деди: — Тери касаллигидан покланган ўн киши эмасмиди?! Қолган тўққизтаси қани?

[18] Худони улуғлаш учун шу бир бегона кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?

[19] Сўнг Исо тери касаллигидан покланган одамга деди: — Ўрнингдан тургин–да, боравер. Сенга ишончинг шифо берди.

[20] Баъзи фарзийлар Исодан: — Худонинг Шоҳлиги қачон келади? — деб сўрадилар. Исо уларга шундай жавоб берди: — Худонинг Шоҳлиги кўзга кўринадиган шаклда келмайди.

[21] Ҳеч ким: “Қара, Худонинг Шоҳлиги бу ерда”, ёки “Ана у ерда”, деб айтмайди. Чунки Худонинг Шоҳлиги сизларнинг орангиздадир.

[22] Кейин Исо шогирдларига деди: “Шундай вақтлар келадики, сизлар Инсон Ўғлининг кунларидан биттасини кўришни орзу қиласизлар, аммо ўша кунни кўролмайсизлар.

[23] Одамлар сизларга: «Ана, Масиҳ анави ерда» ёки «Мана, Масиҳ бу ерда», деб айтадилар. Аммо сизлар улар айтган ерга борманглар, уларнинг ортидан эргашманглар.

[24] Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У осмонни бир четидан бошқа четигача ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.

[25] Лекин ундан аввал Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва бу насл томонидан рад қилиниши керак.

[26] Нуҳ даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келадиган даврда ҳам худди шундай бўлади.

[27] Нуҳ кемага кирган кунгача инсонлар еб–ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Тўфон келганда эса уларнинг ҳаммаси нобуд бўлди.

[28] Лут замонида ҳам худди шундай бўлган эди: одамлар еб–ичардилар, савдо–сотиқ қилардилар, экин экардилар, уй қурардилар.

[29] Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани нобуд қилди.

[30] Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади.

[31] У кунда томнинг устида бўлган киши уйдаги нарсаларни олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлган одам ҳам қайтиб келмасин.

[32] Лутнинг хотинига нима бўлганини ёдингизда тутинглар.

[33] Жонини сақламоқчи бўлган уни йўқотади. Жонини йўқотган эса уни асраб қолади.

[34] Сизга шуни айтай: ўша кеча бир тўшакда икки киши ётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади.

[35] Икки аёл бирга тегирмон тортаётган бўлса, бири олинади, бири қолдирилади.”

[37] Шогирдлар Исодан сўради: — Ҳазрат, бу воқеалар қаерда юз беради? — Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади, — деб жавоб берди Исо. — Бу воқеалар қаерда юз бериши ҳам сизларга шу сингари аён бўлади.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters