[1] Хамиртурушсиз нон байрамига яқин қолган эди. Бу байрам Фисиҳ деб аталарди.
[2] Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари Исони яширинча ўлдириш учун фурсат пойлаб юрган эдилар, чунки улар халқдан қўрқардилар.
[3] Шунда ўн икки ҳаворийдан бири — Яҳудо Ишқариётнинг ичига шайтон кириб олди.
[4] Яҳудо бош руҳонийларнинг ва Маъбад миршаббошиларининг олдига бориб, Исони қандай тутиб бериш тўғрисида улар билан гаплашди.
[5] Улар жуда хурсанд бўлиб, Яҳудога пул берадиган бўлдилар.
[6] Яҳудо рози бўлди ва Исони халқдан яширинча уларнинг қўлига тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.
[7] Хамиртурушсиз нон байрами келди. Шу куни Фисиҳ қўзиси қурбонлик қилинар эди.
[8] Исо Бутрус билан Юҳаннони юбораётиб шундай деди: — Боринглар, биз учун Фисиҳ таомини тайёрланглар.
[9] Улар Исодан сўрадилар: — Байрам таомини қаерда тайёрлашимизни хоҳлайсиз?
[10] Исо уларга деди: — Қуддусга киришларингиз биланоқ, кўзада сув кўтариб кетаётган бир одамни учратасизлар. Ўша одамга эргашиб, у кирадиган уйга киринглар.
[11] Хонадон эгасига шундай деб айтинглар: “Устозимиз шогирдлари билан Фисиҳ таомини емоқчилар. У сиздан: «Бизга тайёрлаб қўйилган меҳмонхона қаерда?» деб сўраб юбордилар.”
[12] Уй эгаси сизларга жиҳозланган катта болохонани кўрсатади. У ерда биз учун ҳозирлик кўринглар.
[13] Шогирдлар кетдилар. Ҳамма нарса худди Исо айтгандай рўй берди. Улар Фисиҳ таомини тайёрладилар.
[14] Зиёфат вақти бўлди. Исо билан ҳаворийлари дастурхон атрофига ёнбошлашди.
[15] Исо уларга деди: — Мен азоб чекмасимдан аввал бу Фисиҳ таомини сизлар билан бирга ейишни жуда ҳам орзу қилгандим.
[16] Сизларга айтай: биз Худонинг Шоҳлигида ҳақиқий Фисиҳ таомини емагунимизча, Мен бу таомдан бошқа емайман.
[17] Кейин Исо шароб қуйилган косани олиб, шукрона дуосини айтиб деди: — Буни олинглар, ўзаро бўлишинглар.
[18] Сизларга айтай: Худонинг Шоҳлиги келмагунча, Мен узум неъматидан бошқа ичмайман.
[19] Сўнгра нонни олди, шукрона дуосини айтиб синдирди ва шогирдларига бериб деди: — Бу нон Менинг танамни билдиради. Танам сизлар учун фидо бўлади. Биргаликда нон синдириб еганингизда Мени хотирланглар.
[20] Овқатланиб бўлганларидан кейин, Исо яна шароб қуйилган косани олиб, шундай деди: — Бу коса Худонинг янги аҳдини билдиради. Бу аҳд сизлар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.
[21] Ана, қаранг! Менга хиёнат қиладиган одам Мен билан бир дастурхонда ўтирибди.
[22] Ҳа, Худо режа қилгандай, Инсон Ўғли жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой!
[23] Шунда улар бир–бирларидан: — Орамизда бундай ишга қўл урадиган ким экан? — деб сўрай бошладилар.
[24] Шогирдлар орасида: “Қайси биримиз энг катта ҳисобланишимиз керак?” деган баҳс бўлди.
[25] Исо уларга деди: “Бутпарастларнинг ҳукмдорлари халқларига ўз ҳукмини ўтказадилар. Эл бошлиқлари ўзларини олийҳиммат деб атайдилар.
[26] Сизлар эса бундай бўлманглар. Аксинча, орангизда ким катта бўлса, ўзини энг кичикдай тутсин. Ким бошлиқ бўлса, хизматкордай бўлсин.
[27] Хўш, ким катта? Дастурхон атрофида ўтирганми ёки унга хизмат қилаётганми? Дастурхон атрофида ўтирган эмасми?! Мен эса орангизда хизматкордайман.
[28] Оғир кунларимда ёнимда бўлдингизлар.
[29] Шунинг учун осмондаги Отам Менга инъом қилган Шоҳликни Мен сизларга инъом қиляпман.
[30] Сизлар Менинг Шоҳлигимда дастурхоним атрофида ўтириб еб–ичасизлар, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.”
[31] Исо деди: — Шимўн, Шимўн! Мана, буғдойни ғалвирдан ўтказишгандай, шайтон сизларни синовдан ўтказишга изн талаб қилди.
[32] Бироқ имондан тоймасин деб, Мен сен учун ибодат қилдим. Сен тавба қилиб, Менга қайтганингдан кейин, биродарларингни имонда мустаҳкамла.
[33] Шимўн Исога жавобан деди: — Ҳазрат! Мен Сиз билан зиндонга ҳам, ўлимга ҳам боришга тайёрман!
[34] Исо эса деди: — Эҳ Бутрус! Сенга шуни айтай: бугун хўроз қичқирмасдан олдин сен уч марта Мени танимаслигингни айтасан.
[35] Исо шогирдларига деди: — Мен сизларни ҳамёнсиз, тўрвасиз, чориқсиз юборганимда, бирон нарсада камчилигингиз бормиди? — Ҳеч нарсада! — жавоб берди улар.
[36] Исо уларга шундай деди: — Энди эса кимнинг ҳамёни ёки тўрваси бўлса, олсин. Кимда қилич йўқ бўлса, чопонини сотиб, қилич харид қилсин.
[37] Сизларга айтай: “У гуноҳкорлар қаторида саналди”, — деб Мен ҳақимда айтилган башорат бажо бўлиши керак. Ҳа, Мен ҳақимда ёзилган бу сўз бажо бўляпти.
[38] Шогирдлар: — Ҳазрат, қаранг, мана бу ерда иккита қилич бор экан! — дедилар. — Бўлди, бас қилинглар! — деди Исо.
[39] Исо шаҳардан чиқиб, одатдагидай Зайтун тоғига йўл олди. Шогирдлари ҳам Унинг орқасидан кетдилар.
[40] Исо ўша жойга етиб келгандан кейин, шогирдларига: — Васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар, — деди.
[41] Ўзи улардан бир тош отар масофача нари борди–да, тиз чўкиб ибодат қилди:
[42] — Эй Ота! Қанийди, бу азоб косасини Мендан узоқлаштирсанг! Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.
[43] Шу орада осмондан бир фаришта Исога зоҳир бўлиб, Унга куч ато қилди.
[44] Исо оғир изтироб ичида жон–жаҳди билан ибодат қилди. Ундан оққан тер эса ерга томаётган қон томчиларига ўхшар эди.
[45] Исо ибодатни тугатиб, шогирдлари ёнига келди. Уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Шогирдлар қайғудан ҳолдан тойган эдилар.
[46] Исо уларга: — Нега ухлаб ётибсизлар? Қани, туринглар, васвасага тушиб қолмайлик, деб ибодат қилинглар, — деди.
[47] Исо ҳали гапини тугатмаган ҳам эдики, оломон келиб қолди. Оломонни ўн икки шогирддан бири — Яҳудо бошлаб келганди. Яҳудо Исони ўпмоқчи бўлиб, Унга яқинлашди.
[48] Исо эса унга деди: — Яҳудо, сен Инсон Ўғлига биргина ўпич билан хиёнат қиляпсанми?!
[49] Исонинг ёнидагилар воқеа қаёққа йўналаётганини пайқаб: — Ҳазрат, қилични ишга солайликми? — дейишди.
[50] Улардан бири эса олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, унинг ўнг қулоғини кесиб ташлади.
[51] Шунда Исо: — Қўйинглар, бас! — деди–да, хизматкорнинг қулоғига қўл теккизиб унга шифо берди.
[52] Сўнг Уни қўлга олишга келган бош руҳонийлар, Маъбад миршаббошилари ва йўлбошчиларга деди: — Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?!
[53] Сизлар билан ҳар куни Маъбадда бирга эдим, Менга қўл теккизмадингизлар. Аммо энди замон сизники, зулмат ҳукмронлиги келди!
[54] Исони ушлаб, олий руҳонийнинг уйига олиб кетдилар. Бутрус эса масофа сақлаб уларга эргашиб борди.
[55] Олий руҳонийнинг ҳовлиси ўртасида гулхан ёқишди. Бутрус гулхан атрофида ўтирган одамларнинг ёнига бориб ўтирди.
[56] Бир чўри қиз гулхан ёнида ўтирган Бутрусни кўрди. У Бутрусга тикилиб қаради–да: — Бу одам ҳам У билан бирга эди! — деди.
[57] Лекин Бутрус инкор этиб: — Эй синглим, мен Уни танимайман! — деди.
[58] Бир оздан кейин бошқа бир одам Бутрусни кўриб: — Сен ҳам улардан бирисан–ку! — деди. Лекин Бутрус унга ҳам: — Йўғ–э, мен улардан эмасман! — деди.
[59] Орадан бир соатлар ўтгандан кейин яна кимдир: — Ҳақиқатан ҳам, манави одам У билан бирга бўлган. Ахир, у ҳам Жалилалик–ку! — деб туриб олди.
[60] — Менга қара, нима тўғрисида гапиряпсан, тушунмаяпман, — деб эътироз билдирди Бутрус. У гапини тугатмасданоқ, хўроз қичқирди.
[61] Раббимиз Исо ўгирилиб, Бутрусга қаради. Шунда Бутрус Раббимизнинг: “Бугун хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан” деган гапини эслади.
[62] Бутрус ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.
[63] Исони қўриқлаган одамлар Уни ҳақоратлаб калтакладилар.
[64] Улар Исонинг кўзларини боғлаб қўйиб: — Пайғамбар, қани, топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар.
[65] Исога яна кўп ҳақоратли сўзлар айтдилар.
[66] Тонг отганда Олий кенгаш аъзолари — бош руҳонийлар ва тафсирчилар йиғилдилар. Исони уларнинг олдига олиб келишди.
[67] — Бизга айт–чи, Сен Масиҳмисан? — деб сўрадилар. Исо шундай жавоб берди: — Агар сизларга айтсам, Менга ишонмайсизлар.
[68] Агар сизларга савол берсам, жавоб бермайсизлар.
[69] Бироқ бундан буён Инсон Ўғли Қодир Худонинг ўнг томонида ўтиради.
[70] Шунда ҳамма бирданига: — Бундан чиқди, Сен Худонинг Ўғли экансан–да? — деб сўрадилар. — Ўзларингиз Менинг кимлигимни айтдингизлар, — деди уларга Исо.
[71] Шунда улар: — Бошқа гувоҳга эҳтиёж қолмади! Ўз оғзидан ўзимиз эшитдик, ахир! — дейишди.