Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 9:41

[1] Исо халққа бу сўзларини айтиб бўлгандан кейин, Кафарнаҳум шаҳрига кетди.

[2] У ерда бир Рим юзбошисининг жуда азиз хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди.

[3] Юзбоши Исо тўғрисида эшитиб қолди ва яҳудий оқсоқолларини Унинг олдига юбориб: “Келинг, хизматкоримга шифо беринг”, — деб илтимос қилди.

[4] Улар Исонинг ёнига келгач, ўтиниб ёлвордилар: — У Сизнинг ёрдамингизга муносибдир.

[5] У халқимизни яхши кўради, бизга ҳатто синагога ҳам қуриб берган.

[6] Исо улар билан бирга кетди. У уйга яқинлашиб қолганда, юзбоши дўстлари орқали шундай хабар жўнатди: — Ҳазрат, овора бўлманг! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман.

[7] Мен ўзимни нолойиқ ҳисоблаганим учун Сизнинг олдингизга ўзим бормадим. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади.

[8] Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарларим бор. Бирига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.

[9] Исо бу сўзларни эшитгач, юзбошидан ҳайратланди. У ўгирилиб, орқасидан эргашиб келаётган оломонга деди: — Сизларга шуни айтай: Мен ҳаттоки Исроил халқи орасида ҳам бундай кучли имонга эга бўлган одамни учратмадим.

[10] Юборилганлар юзбошининг уйига қайтиб келганларида, хизматкор соғайиб қолганини кўрдилар.

[11] Орадан кўп вақт ўтмай, Исо Наин деган шаҳарга борди. Унинг шогирдлари ва бир талай оломон Исо билан бирга эди.

[12] Исо шаҳар даровозасига етиб қолганда, вафот этган бир одамни олиб чиқишаётганини кўриб қолди. Марҳум одам бева аёлнинг ёлғиз ўғли экан. Аёл билан бирга шаҳардан бир талай оломон чиқиб келаётган эди.

[13] Раббимиз Исо бу аёлни кўргач, унга раҳми келиб: — Йиғлама! — деди.

[14] Кейин Исо яқинлашиб, тобутга қўлини теккизди. Тобутни кўтариб бораётганлар тўхтаб қолдилар. Исо ўликка: — Эй йигит, сенга айтаман: тур ўрнингдан! — деди.

[15] Ўшанда ўлик ростланиб ўтирди–да, гапира бошлади. Исо уни онасига топширди.

[16] Ҳаммани ваҳима босди. Одамлар: “Орамизда буюк пайғамбар пайдо бўлди, Худо Ўз халқини қутқариш учун келди”, деб Худога ҳамду сано айтардилар.

[17] Исо ҳақидаги бу хабар Яҳудияга ва бутун атрофга ёйилди.

[18] Яҳёга шогирдлари бўлиб ўтган бу воқеалар тўғрисида хабар беришди.

[19] Яҳё шогирдларидан иккитасини чақириб, уларни Раббимиз Исонинг олдига шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”

[20] Улар Исонинг олдига бориб дейишди: — Бизни Яҳё чўмдирувчи юборди. У Сиздан: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?” — деб сўраяпти.

[21] Айни шу пайтда Исо кўп одамларнинг хасталикларию дардларига шифо бераётган, ёвуз руҳларга чалинганларни тузатаётган, кўплаб кўрларнинг кўзларини очаётган эди.

[22] Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди: — Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар: кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда.

[23] Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!

[24] Яҳёнинг хабарчилари кетгандан кейин, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними?

[25] Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Бироқ башанг кийиниб, бой–бадавлат яшайдиганлар шоҳ саройида бўлади–ку!

[26] Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар!

[27] У ҳақда шундай ёзилган: «Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман, У Сен учун йўлни ҳозирлайди.»

[28] Сизларга айтаманки, бутун инсон зоти орасида Яҳёдан улуғи йўқ. Аммо Худонинг Шоҳлигида энг кичик ҳисобланган одам ҳам ундан улуғроқдир.”

[29] Яҳёни эшитган жамики одамлар, ҳатто солиқчилар ҳам Худонинг йўли тўғри эканлигини тан олган эдилар. Улар Яҳё томонидан сувга чўмдирилгандилар.

[30] Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари эса, Яҳё томонидан сувга чўмдирилишни истамай, Худонинг улар учун бўлган мақсадини рад қилдилар.

[31] Исо гапида давом этди: “Шундай экан, замонимиздаги одамларни кимга қиёсласам бўлади?

[32] Улар майдонда ўтирган болаларга ўхшайдилар. Ўша болалар бир–бирларига шундай дея бақирадилар: «Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз, Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар йиғламадингиз.»

[33] Яҳё чўмдирувчи келиб на нон еди, на шароб ичди. Сизлар эса: «Уни жин урибди», дейсизлар.

[34] Инсон Ўғли келиб, ҳам еди, ҳам ичди. Уни эса сизлар: «Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти», дейсизлар.

[35] Аммо билиб қўйинглар: Худонинг донолигини тан олганлар Унинг донолиги тўғри эканлигини кўрсатиб турибдилар.”

[36] Фарзийлардан бири Исони таом ейишга таклиф қилди. Исо фарзийнинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади.

[37] Шаҳарда гуноҳкор бир аёл бор эди. У: “Исо фарзийнинг уйида меҳмонда экан”, деб эшитди ва ганчдан ясалган идишда атир мой олиб келди.

[38] Ўша аёл Исонинг оёқлари томонида туриб йиғлади. Аёлнинг кўз ёшлари Исонинг оёқларига томар эди. Аёл Исонинг оёқларини сочлари билан артиб, ўпа бошлади, оёқларига атир мой суртди.

[39] Исони ўз уйига таклиф қилган фарзий буни кўриб: “Агар бу Одам ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлганда эди, Унга қўл теккизган аёлнинг кимлигини ва қанақалигини билган бўларди, бу аёл гуноҳкор–ку”, деб кўнглидан ўтказди.

[40] Исо фарзийга деди: — Шимўн, сенга бир гап айтмоқчиман. — Айтинг, Устоз! — деди у.

[41] Исо деди: — Икки киши бир одамдан қарздор экан: бири беш юз кумуш танга, иккинчиси эллик кумуш танга.

[42] Улар қарзларини тўлай олмагани учун, қарз берувчи икковининг ҳам қарзидан кечиб юборибди. Хўш, улардан қайси бири қарз берганни кўпроқ яхши кўради?

[43] Шимўн жавоб бериб деди: — Менимча, кўпроқ қарзи кечирилган одам бўлса керак. — Тўғри мулоҳаза қилдинг, — деди унга Исо.

[44] Кейин Исо аёлга ўгирилиб қаради–да, Шимўнга деди: — Мана бу аёлни кўряпсанми? Мен уйингга келганимда, оёқларимни ювгани сув бермадинг. У эса кўз ёшлари билан оёқларимни ювиб, сочлари билан артиб қуритди.

[45] Сен Мени ўпиб кутиб олмадинг. Бу аёл эса, келганимдан бери оёқларимни ўпишдан тўхтагани йўқ.

[46] Сен бошимга зайтун мойи суртмадинг, бу аёл эса оёқларимга атир мой суртди.

[47] Сенга айтай: бу аёлнинг гуноҳлари кўп эди, кечирилди. Чуқур меҳрининг сабаби ҳам шудир. Оз кечирилганнинг меҳри оз бўлади.

[48] Сўнг Исо аёлга: — Гуноҳларинг кечирилди, — деди.

[49] Исо билан дастурхон атрофида ёнбошлаганлар ичларида айтардилар: “Бу ким бўлдики, ҳатто гуноҳларни ҳам кечиради–я!”

[50] Исо эса аёлга: — Ишончинг сени қутқарди, эсон–омон бор, — деди.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters