[1] Бир пайт Исо ибодат қилаётган эди. Ибодатни тамом қилгач, шогирдларидан бири Унга деди: — Ҳазрат! Яҳё ўз шогирдларига ибодат қилишни ўргатганди. Сиз ҳам бизга ибодат қилишни ўргатинг.
[2] Исо уларга деди: — Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: “Эй осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас номинг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин.
[3] Кундалик ризқимизни бергин.
[4] Гуноҳларимизни кечиргин, Чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз. Бизни васвасага дучор қилмагин.”
[5] Исо шогирдларига деди: “Фараз қилайлик, орангиздан бирортангиз ярим кечаси дўстингизнинг олдига бориб, шундай деб илтимос қилдингиз: — Дўстим, менга учта нон қарзга бериб тур.
[6] Ҳозир уйимга бир дўстим келиб қолди, унинг олдига қўядиган бирон егулигим йўқ.
[7] Ичкаридаги дўстингиз эса сизга шундай жавоб берди дейлик: — Мени безовта қилма! Эшик қулф, болаларим мен билан бир тўшакда ётишибди. Ўрнимдан туриб сенга нон беролмайман!
[8] Мен сизларга айтаман: у сизга нонни дўсти бўлганингиз учун бермаса ҳам, сиз уни ҳоли–жонига қўймай сўрайверсангиз, сўраган нарсангизни албатта сизга беради.
[9] Сизларга айтаман: сўранг ва сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади.
[10] Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.
[11] Орангиздан қайси бир ота, ўғли балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради?
[12] Ёки тухум сўраганда, унга чаён беради?
[13] Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Ота ҳам Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни беришга қанчалар тайёр.”
[14] Бир куни Исо соқов одамдан ёвуз руҳни қувиб чиқарди. Жин чиққандан сўнг, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолди.
[15] Аммо ораларидан баъзилари: “У инс–жинслар ҳукмдори Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти!” дедилар.
[16] Бошқалар эса Исонинг Худодан келганини синаб кўрмоқчи бўлиб, мўъжизали аломат кўрсатишини талаб қилдилар.
[17] Исо эса уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У ўша одамларга деди: “Низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик хароб бўлади, низо туфайли бўлинган хонадон барбод бўлади.
[18] Шу сингари, шайтон шоҳлиги ҳам ўзаро бўлиниб кетса, унинг шоҳлиги қандай тура олади?! Сизларнинг гапингизга кўра, инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабул ато этган қудрат билан Мен жинларни қувиб чиқараётган эмишман.
[19] Агар Мен жинларни Баалзабулнинг кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам шерикларингиз сизларни ҳукм қилади.
[20] Агар Мен жинларни Худонинг қудрати билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган.
[21] Бошдан–оёқ қуролланган кучли одам уйини қўриқлаганда, унинг мол–мулки бехатар бўлади.
[22] Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, унинг таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганига тақсимлаб беради.
[23] Ким Мен томонда бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.
[24] Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади ва топмагач: «Чиққан уйимга қайтиб бораман», дейди.
[25] Уйига келганда, уйни супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради.
[26] Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа еттита руҳни чақиради ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади.”
[27] Исо шу гапларни айтаётганда, оломон орасидан бир аёл баланд овозда Исога деди: — Сизни қорнида кўтариб юрган, Сизни эмизган аёл бахтлидир!
[28] Исо эса жавобан шундай деди: — Тўғри, лекин Худонинг каломини тинглаб, унга риоя қиладиганлар бахтлироқдир!
[29] Исонинг олдига катта оломон йиғилгандан кейин, Исо сўз бошлади: “Ҳозирги насл қабиҳ бир наслдир. Бу насл аломат сўрайди, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.
[30] Юнус Найнаво аҳолисига аломат бўлгани сингари, Инсон Ўғли ҳам ҳозирги насл учун аломат бўлади.
[31] Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани малика дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!
[32] Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!
[33] Ҳеч ким чироқни ёқиб, уни кўринмас ерга қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин деб, уни чироқпояга қўяди.
[34] Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. Агарда кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зимзиё зулмат бўлади.
[35] Шунинг учун эътибор беринг: сиздаги нур зулмат бўлмасин.
[36] Агар танангиз ёп–ёруғ бўлиб, биронта қоронғи жойи бўлмаса, чироқнинг нури сизни ёритиб тургандай, баданингиз тамомила ёп–ёруғ бўлади.”
[37] Исо буларни гапириб турганда, бир фарзий Уни меҳмонга таклиф қилди. Исо унинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади.
[38] Исо овқатдан олдин қўлларини ювмаганини фарзий кўриб, ажабланди.
[39] Раббимиз Исо унга деди: “Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю идишнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла!
[40] Ҳой бефаҳмлар! Нарсанинг сиртини яратган унинг ичини ҳам яратган эмасми?!
[41] Яхшиси, идишингиз ичидагини камбағалларга хайр–садақа қилиб беринглар. Шунда ҳамма нарса сиз учун ҳалол бўлади.
[42] Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ошкўкдан ушр берасизлар–у, аммо адолат ва Худонинг севгисини писанд қилмайсизлар! Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди.
[43] Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар синагогаларнинг тўрида ўтиришни ва бозорларда сизларга салом беришларини яхши кўрасизлар.
[44] Ҳолингизга вой! Сизлар белгиси йўқ қабрларга ўхшайсизлар. Одамлар билмай туриб ўша қабрлар устидан босиб ўтадилар.”
[45] Таврот тафсирчиларидан бири Исога деди: “Устоз, бу сўзларингиз билан бизни ҳақорат қилдингиз!”
[46] Исо эса деди: “Эй тафсирчилар, сизларнинг ҳам ҳолингизга вой! Сизлар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни одамларга юклайсизлар–у, уларга ёрдам бергани ўзларингиз ҳатто бармоғингизни ҳам қимирлатмайсизлар.
[47] Ҳолингизга вой! Сизлар ота–боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар.
[48] Шу тариқа ота–боболарингизнинг қилмишларини маъқуллаганингизни тасдиқлаяпсизлар. Улар пайғамбарларни ўлдиришган бўлса, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар!
[49] Шунинг учун ҳам Худо Ўз ҳикматларида шундай деган: «Мен уларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар юбораман. Улардан баъзиларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар.»
[50] Дунё яратилгандан бери ҳамма пайғамбарларнинг тўкилган қони учун бу насл жазоланади.
[51] Улар Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача жавоб беришади. Ҳа, сизларга айтиб қўяй, бу насл ҳамма қотилликлар учун жавобгар бўлади.
[52] Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар! Сизлар илму маърифат калитини тортиб олдингизлар. Аммо ўзларингиз кирмадингизлар, кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлларини тўсдингизлар.”
[53] Исо у ердан чиқиши биланоқ, тафсирчилар ва фарзийлар Уни қаттиқ сиқувга олдилар, кўп саволларга жавоб беришга мажбурладилар.
[54] Улар Исони тилидан илинтириб олиш учун фурсат пойлардилар.