Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:32

[1] Шундан кейин Раббимиз Исо етмиш икки одамни танлаб олди. Уларни иккита–иккита қилиб, боришни мўлжаллаган ҳар бир шаҳарга, ҳар бир жойга Ўзидан олдин жўнатди.

[2] Исо уларга шундай деди: “Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз. Ҳосил Эгасидан: «Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор», деб сўранглар.

[3] Боринглар! Сизни бўрилар орасига қўзилардай юборяпман.

[4] Ўзларингиз билан ҳамён, тўрва, чориқ олманглар. Йўлда одамлардан ҳол–аҳвол сўрашга вақтингизни кеткизманглар.

[5] Бирор хонадонга кирганларингизда, аввало: «Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин», деб айтинглар.

[6] Агар ўша хонадонда тинчликсевар одам яшаётган бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша одамда қолади. Бўлмаса, ўзингизга қайтиб келади.

[7] Бир хонадондан бошқа хонадонга кўчиб юрманглар. Кирган хонадонингизда қолинглар. Олдингизга нима қўйишса, ўшани еб–ичинглар. Чунки меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир.

[8] Бир шаҳарга кирганингизда, шаҳар аҳолиси сизларни қабул қилса, олдингизга қўйганларини енглар.

[9] Ўша ердаги хасталарга шифо бериб, шаҳардаги одамларга: «Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашди», деб айтинглар.

[10] Аммо бирон шаҳарга кирганингизда сизларни қабул қилмасалар, ўша шаҳарнинг шоҳ кўчаларига чиқиб шундай деб айтинглар:

[11] «Огоҳлантириш тариқасида шаҳрингиздан оёқларимизга ёпишган чангни ҳам қоқиб кетяпмиз. Аммо билиб қўйинг, Худонинг Шоҳлиги яқинлашди!»

[12] Сизларга айтаманки, қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.

[13] Сенинг ҳолингга вой, эй Хоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда қилинган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, кулга ўтириб, тавба қилган бўлардилар.

[14] Қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади.

[15] Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради, деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради!”

[16] Исо шогирдларига деди: “Сизларга қулоқ солган Менга қулоқ солган бўлади. Сизларни рад қилган Мени рад қилган бўлади. Мени рад қилган эса Мени Юборганни рад қилган бўлади.”

[17] Етмиш икки шогирд хурсанд бўлиб сафардан қайтиб келдилар. Улар Исога шундай дедилар: — Ҳазрат, биз Сизнинг номингиздан буйруқ берганимизда, ҳатто жинлар ҳам итоат этяптилар.

[18] Исо уларга деди: — Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим.

[19] Мен сизларга илону чаёнларни босиб эзиш ҳокимиятини ва иблиснинг бутун куч–қудратини оёқ ости қилиш ҳокимиятини берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди.

[20] Бироқ жинлар сизга бўйсунаётганидан хурсанд бўлманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан хурсанд бўлинглар!

[21] Шу он Исо Муқаддас Руҳнинг шодлигига тўлиб, деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукурлар айтаман. Ҳа, Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.”

[22] Сўнг Исо одамларга деди: “Осмондаги Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилнинг кимлигини Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отанинг кимлигини ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.”

[23] Исо шогирдларига ўгирилиб қаради–да, уларга алоҳида деди: “Сизлар кўраётганларни кўрадиган кўзлар бахтлидир!

[24] Сизларга шуни айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча шоҳлар сизлар кўрган воқеаларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларингизни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар.”

[25] Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири туриб, Унга савол берди: — Устоз, абадий ҳаётга эга бўлишим учун мен нима қилишим керак?

[26] Исо: — Тавротда бу тўғрида нима ёзилган? Сиз нима деб тушунасиз? — деб сўради.

[27] У киши шундай жавоб берди: — У ерда ёзилганки: “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг”, яна: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”

[28] Исо унга: — Тўғри жавоб бердингиз. Сиз ҳам шундай қилинг, ана шунда яшайсиз! — деди.

[29] Аммо у одам ўзини оқламоқчи бўлиб, Исодан: — Менинг яқиним ким? — деб сўради.

[30] Исо шундай жавоб берди: — Бир одам Қуддусдан Ерихога бораётган экан, қароқчилар қўлига тушиб қолибди. Қароқчилар унинг кийимларини ечиб олиб, калтаклаб, чалажон қилиб ташлаб кетибдилар.

[31] Тасодифни қарангки, ўша йўлдан бир руҳоний кетаётган экан. У ҳалиги одамни кўрибди–ю, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди.

[32] Ўша жойдан ўтиб кетаётган леви ҳам худди шундай қилибди. У ярадор одамни кўриб, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди.

[33] Аммо ўша ердан ўтиб кетаётган бир Самариялик ярадор одамни кўриб, унга ачиниб кетибди.

[34] Унинг ёнига келиб, яраларига зайтун мойи, шароб суриб, боғлаб қўйибди. Сўнг уни ўз уловига миндирибди–да, меҳмонхонага олиб келиб, уни парвариш қилибди.

[35] Эртаси куни икки кумуш танга чиқарибди–да, меҳмонхона эгасига бериб: “Унга яхши қаранг, агар бундан ортиқ харажат қилсангиз, қайтишимда сизга тўлайман”, дебди.

[36] Сизнингча, ўша уч одамдан қайси бири қароқчилар қўлига тушган одамнинг яқини ҳисобланади?

[37] Тафсирчи: — Унга шафқат кўрсатган одам–да, — деб жавоб берди. — Боринг, сиз ҳам шундай қилинг! — деди унга Исо.

[38] Исо ва Унинг шогирдлари йўлда давом этдилар. Улар бир қишлоққа кирдилар. У ерда Марта исмли аёл Исони уйига таклиф қилди.

[39] Унинг Марям исмли бир синглиси бор эди. Марям Раббимиз Исонинг оёқлари олдида ўтириб, Унинг сўзларини тинглар эди.

[40] Марта эса меҳмон кутиш билан овора эди. У Исонинг олдига келиб деди: — Ҳазрат! Эътибор бермаяпсизми, синглим ҳамма ишни бир ўзимга ташлаб қўйди–ку! Унга айтинг, менга ёрдам берсин.

[41] Раббимиз Исо унга шундай жавоб берди: — Эҳ, Марта, Марта, бунча уриниб ташвишланмасанг!

[42] Зарур бўлган биттагина нарса бор. Марям ўзи учун энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters