Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:34

[1] Қайсар Тиберий ҳукмронлигининг ўн бешинчи йили эди. Яҳудия вилоятида Пўнтий Пилат ҳоким эди. Жалила ҳудудида Ҳирод, Итурея билан Трахонитис ҳудудларида Ҳироднинг укаси Филип, Авилина ҳудудида Лисанияс ҳукмронлик қилар,

[2] Ханан ва Каяфас эса олий руҳоний эдилар. Ўша вақтда чўлда яшаётган Закариёнинг ўғли Яҳёга Худонинг сўзи келди.

[3] У Иордан дарёси атрофидаги ерларни кезиб, одамларга: “Гуноҳларингиздан тавба қилиб, сувга чўминглар, шунда Худо гуноҳларингизни кечиради”, деб ваъз қиларди.

[4] Шу тариқа Ишаё пайғамбар ўз китобида ёзган қуйидагича башорати амалга ошди: “Чўлда бир овоз янграмоқда: «Эгамизга йўл ҳозирланг, Унга тўғри йўл очинг!

[5] Ҳар бир жарлик тўлдирилади, Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди. Қинғир–қийшиқ йўллар ростланади, Ўнқир–чўнқир сўқмоқлар текис бўлади.

[6] Бутун жонзот Худонинг нажотини кўради!»”

[7] Катта бир оломон сувга чўмдирилиш учун Яҳёнинг олдига келди. Яҳё уларга деди: — Ҳой, илонлар зоти! Бошингизга келаётган Худо ғазабидан қочиб қутуласиз, деб сизларга ким уқтирди?

[8] Бундан кейин тавбага яраша иш тутинглар! Ўзингизча: “Биз Иброҳим наслиданмиз”, деб айтишни хаёлингизга ҳам келтирманглар! Сизларга шуни айтай: Худо мана бу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир.

[9] Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди. Яхши мева бермаган ҳар бир дарахт кесилиб, оловга ташланади.

[10] Оломон Яҳёдан сўради: — Ундай бўлса, биз нима қилишимиз керак?

[11] У жавоб бериб, деди: — Кимнинг иккита кўйлаги бўлса, бирини кўйлаги бўлмаган одамга берсин. Кимнинг озиқ–овқати бўлса, у ҳам овқати йўқлар билан бўлишсин.

[12] Солиқчилардан баъзилари ҳам сувга чўмдирилиш учун келиб, Яҳёдан: — Устоз, биз нима қилишимиз керак? — деб сўрашди.

[13] Яҳё уларга шундай жавоб берди: — Белгиланганидан ортиғини одамлардан талаб қилманглар.

[14] Баъзи бир аскарлар ҳам ундан: — Биз–чи?! Биз нима қилишимиз керак? — деб сўрадилар. Яҳё уларга деди: — Бировларни ноҳақ айблаб, пул орттирманглар, маошингиз билан қаноатланинглар.

[15] Халқ Масиҳнинг келишини орзиқиб кутарди. Улар: “Яҳё Масиҳ эмасмикин?” деган фикрни кўнгилдан ўтказишарди.

[16] Яҳё уларнинг ҳаммасига шундай деди: — Мен сизларни сувга чўмдиряпман. Лекин мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради.

[17] Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У Ўз хирмонини шопиради: буғдойни Ўз омборига тўплаб, сомонни эса сўнмас ўтда ёндириб юборади.

[18] Яҳё яна кўп бошқа насиҳатлар бериб, халққа Хушхабарни эълон қиларди.

[19] Вилоят ҳукмдори Ҳироднинг қилмишларини эса фош қилди. Чунки Ҳирод ўз укасининг хотини Ҳиродияга уйланган ва яна бошқа ёмон ишлар ҳам қилганди.

[20] Шуниси етмагандай, у Яҳёни ҳам зиндонга қаматиб қўйди.

[21] Бутун халқ сувга чўмдирилаётганда, Исо ҳам сувга чўмдирилди. У ибодат қилиб турганда осмон очилиб кетди

[22] ва Муқаддас Руҳ каптар шаклида Унинг устига тушиб келди. Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан ниҳоятда мамнунман” деган овоз келди.

[23] Исо хизматини бошлаганда ўттиз ёшларда эди. Одамлар Уни Юсуфнинг ўғли деб ҳисоблардилар. Юсуф эса — Элахнинг ўғли,

[24] Элах — Маттотнинг ўғли, Маттот — Левининг ўғли, Леви — Малкийнинг ўғли, Малкий — Яннайнинг ўғли, Яннай — Юсуфнинг ўғли,

[25] Юсуф — Маттатиёнинг ўғли, Маттатиё — Амоснинг ўғли, Амос — Нохумнинг ўғли, Нохум — Ҳеслининг ўғли, Ҳесли — Нагайнинг ўғли,

[26] Нагай — Махатнинг ўғли, Махат — Маттатиёнинг ўғли, Маттатиё — Шимахнинг ўғли, Шимах — Йўсехнинг ўғли, Йўсех — Йўдонинг ўғли,

[27] Йўдо — Йўханоннинг ўғли, Йўханон — Резонинг ўғли, Резо — Зарубабелнинг ўғли, Зарубабел Шалтиёлнинг ўғли эди. Шалтиёл — Нерийнинг ўғли,

[28] Нерий — Малкийнинг ўғли, Малкий — Йиддонинг ўғли, Йиддо — Қосамнинг ўғли, Қосам — Элмодамнинг ўғли, Элмодам — Ғурнинг ўғли,

[29] Ғур — Ёшуанинг ўғли, Ёшуа — Элиазарнинг ўғли, Элиазар — Йўримнинг ўғли, Йўрим — Маттотнинг ўғли, Маттот — Левининг ўғли,

[30] Леви — Шимўннинг ўғли, Шимўн — Яҳудонинг ўғли, Яҳудо — Юсуфнинг ўғли, Юсуф — Юнамнинг ўғли, Юнам — Элияқимнинг ўғли,

[31] Элияқим — Малиёнинг ўғли, Малиё — Маннонинг ўғли, Манно — Маттатонинг ўғли, Маттато — Натаннинг ўғли, Натан Довуднинг ўғли эди.

[32] Довуд — Эссайнинг ўғли, Эссай — Обиднинг ўғли, Обид — Бўазнинг ўғли, Бўаз — Салмўннинг ўғли, Салмўн — Нахшўннинг ўғли,

[33] Нахшўн — Оминадавнинг ўғли, Оминадав — Админнинг ўғли, Админ — Арнийнинг ўғли, Арний — Хазроннинг ўғли, Хазрон — Паразнинг ўғли, Параз — Яҳудонинг ўғли,

[34] Яҳудо — Ёқубнинг ўғли, Ёқуб — Исҳоқнинг ўғли, Исҳоқ Иброҳимнинг ўғли эди. Иброҳим — Тераҳнинг ўғли, Тераҳ — Нахўрнинг ўғли,

[35] Нахўр — Саруғнинг ўғли, Саруғ — Равунинг ўғли, Раву — Палахнинг ўғли, Палах — Ибирнинг ўғли, Ибир — Шилахнинг ўғли,

[36] Шилах — Хенаннинг ўғли, Хенан — Арпахшоднинг ўғли, Арпахшод — Сомнинг ўғли, Сом — Нуҳнинг ўғли, Нуҳ — Ламакнинг ўғли,

[37] Ламак — Матушалоҳнинг ўғли, Матушалоҳ — Ханўхнинг ўғли, Ханўх — Ёреднинг ўғли, Ёред — Махалиёлнинг ўғли, Махалиёл — Хенаннинг ўғли,

[38] Хенан — Энўшнинг ўғли, Энўш — Шиснинг ўғли, Шис — Одам Атонинг ўғли, Одам Ато Худонинг ўғли эди.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters