[1] Исо Маъбаднинг эҳсон қутисига назар солар экан, эҳсон ташлаб турган бой одамларни кўрди.
[2] Шунингдек, икки чақа ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди.
[3] Шунда Исо деди: — Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева ҳаммадан кўпроқ эҳсон берди.
[4] Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Аммо бу аёл камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини ташлади.
[5] Шогирдлардан баъзилари Маъбадни томоша қилиб, унинг гўзал тошлар ва Худога назр қилинган инъомлар билан безатилгани тўғрисида гаплашаётган эдилар. Исо эса деди:
[6] — Шундай кунлар келадики, сиз кўриб турганларнинг ҳаммаси вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.
[7] Улар Исодан сўрадилар: — Устоз, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада юз беришини нимадан билсак бўлади?
[8] Исо деди: — Эҳтиёт бўлинглар, йўлдан озманглар, чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Ўшаман”, “Вақт яқин”, — деб айтади. Уларга эргашманглар.
[9] Сизлар уруш ва исёнлар тўғрисида хабарларни эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, чунки бу ҳодисалар биринчи бўлиб содир бўлиши керак. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмас.
[10] Кейин Исо уларга деди: “Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади.
[11] Айрим жойларда шиддатли зилзилалар, қаҳатчиликлар, ўлатлар бўлади. Осмонда ваҳимали ҳодисалар, буюк аломатлар юз беради.
[12] Лекин буларнинг ҳаммасидан олдин сизларни ҳибсга оладилар, қувғин қиладилар, синагогаларга топшириб, қамоқларга ташлайдилар. Менинг номим туфайли сизларни шоҳлар ва ҳокимлар олдига олиб борадилар.
[13] Булар Хушхабарни айтишингиз учун имконият бўлади.
[14] Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, деб олдиндан қайғурмасликка қарор қилинглар.
[15] Мен Ўзим сизларга сўз, донолик ато қиламанки, рақибларингиздан биронтаси айтганларингизни рад қила олмайдилар ёки эътироз билдира олмайдилар.
[16] Сизларни ҳатто ота–онангиз, ака–укаларингиз, қариндош–уруғларингиз, дўстларингиз тутиб беришади. Улар баъзиларингизни ўлдиришади.
[17] Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади.
[18] Бироқ бошингиздан бир тола соч ҳам тушмайди.
[19] Қатъиятли бўлинглар, шунда ҳаётга эришасиз.
[20] Қуддусни душман лашкарлари ўраб олганини кўрганингизда, билингки, шаҳар яқин орада вайрон қилинади.
[21] Шунда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин, шаҳарнинг ичида бўлганлар ташқарига чиқсин, далаларда бўлганлар шаҳарга кирмасин.
[22] Чунки Худонинг қасос оладиган кунлари келди. Ўша кунларда ҳамма башоратлар амалга ошади.
[23] У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! Чунки ер юзини катта мусибат чулғаб олади, бу халқнинг бошига Худонинг ғазаби ёғилади.
[24] Баъзилари қиличдан ўтказилади, бошқалари барча юртларга асир қилиб олиб кетилади. Ғайрияҳудийларнинг давру даврони тугамагунча, улар Қуддусни оёқ ости қиладилар.
[25] Қуёш, ой ва юлдузларда аломатлар пайдо бўлади. Денгизлар ва тўлқинлар шовқинидан халқлар саросимага тушиб, изтироб чекади.
[26] Одамлар дунёга келадиган фалокатларни кўриб, қўрқувдан ҳушидан кетадилар. Чунки ўшанда самовий кучлар ларзага келади.
[27] Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.
[28] Бу ҳодисалар юз бера бошлаганда, туриб, бошингизни баланд кўтаринг. Чунки қутқариладиган вақтингиз яқинлашмоқда.”
[29] Исо шогирдларига бир масални айтиб берди: “Анжир дарахтига ва бошқа ҳамма дарахтларга қаранглар.
[30] Дарахтлар барг ёзаётганини кўрганингизда, ёз яқинлашиб қолганини биласиз.
[31] Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, Худонинг Шоҳлиги яқин.
[32] Сизларга чинини айтайин, бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.
[33] Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.
[34] Ҳушёр бўлинглар! Кайфу сафога, бу ҳаётнинг ташвишларига берилиб кетманглар. Тағин ўша кун келиб қолганда сизлар тўсатдан тўрга тушган одамларга ўхшаб қолманглар!
[35] Чунки у кун бутун ер юзида яшовчиларнинг бошига тушади.
[36] Доим ҳушёр бўлинглар. Юз берадиган бу ҳамма мусибатлардан қутула олишингиз ва Инсон Ўғли олдида муносиб тура олишингиз учун доимо ибодатда бўлинглар.”
[37] Ҳар куни Исо Маъбадда таълим берарди, кечалари эса шаҳардан чиқиб, тунни Зайтун тоғида ўтказар эди.
[38] Халқ саҳардан Исони тинглагани Маъбадга келарди.