[1] Бир Шаббат куни Исо фарзийлар раҳнамоларидан бирининг уйига меҳмонга борди. Уни диққат билан кузатиб ўтиришарди.
[2] Исонинг олдига истисқо дардидан қўл–оёқлари шишиб кетган бир одам келиб қолди.
[3] Исо Таврот тафсирчиларидан ва фарзийлардан сўради: — Қонунимизга кўра, Шаббат куни одамга шифо бериш мумкинми ёки йўқми?
[4] Улар эса индамадилар. Исо хаста одамга қўл теккизиб, шифо берди ва уни жўнатиб юборди.
[5] Сўнг уларга деди: — Бирортангизнинг фарзандингиз ёки молингиз қудуққа тушиб кетса, Шаббат куни бўлишига қарамай, уни дарҳол чиқариб олмайсизларми?!
[6] Улар эса бу гапга бирон жавоб топа олмадилар.
[7] Меҳмонлар тўрдан жой танлашга интилаётган эдилар. Исо буни кўриб, шундай масал айтди:
[8] “Сизни тўй зиёфатига таклиф қилишганда, тўрга чиқиб олманг. Меҳмонга чақирилганлар орасида сиздан ҳам ҳурматлироқ бошқаси бўлиши мумкин.
[9] Икковингизни таклиф қилган мезбон келиб, сизга: — Жойингизни бу одамга бўшатиб беринг, — деб айтиши мумкин. Шунда сиз хижолат тортиб, пойгакда ўтиришга мажбур бўласиз.
[10] Шунинг учун таклиф этилганингизда, пойгакда ўтиринг, токи мезбоннинг ўзи келиб сизга: — Дўстим, илтимос тўрга чиқинг, — деб айтсин. Шунда бошқа меҳмонлар кўзида сизнинг ҳурматингиз ошади.
[11] Зотан, ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”
[12] Исо Ўзини таклиф қилган хонадон соҳибига айтди: — Тушки ё кечки зиёфат берганингизда, дўстларингизни ёки ака–укаларингизни, қариндош–уруғларингизни ё бўлмаса, бой қўшниларингизни таклиф қилманг. Акс ҳолда, улар ҳам сизни меҳмонга чақириб, қилган яхшилигингизни қайтарадилар.
[13] Аксинча, зиёфат берганингизда, камбағал–қашшоқларни, чўлоқ, шолларни, кўрларни таклиф қилинг.
[14] Шунда бахтли бўласиз. Чунки улар қилган яхшилигингизни қайтара олмасалар–да, солиҳлар тирилган замонда бунинг савобини кўрасиз.
[15] Дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлардан бири Исонинг бу сўзларини эшитиб, Унга деди: — Худонинг Шоҳлигида зиёфат ейдиган киши бахтлидир!
[16] Исо ўша одамга шундай деди: “Бир одам катта зиёфат тайёрлаб, кўпчиликни таклиф этибди.
[17] Зиёфат вақти бўлганда: — Келинглар, дастурхон тайёр бўлди, — деб меҳмонларни чақиргани хизматкорини юборибди.
[18] Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммаси бирдай узр сўрай бошлабдилар. Биринчиси унга дебди: — Мен ер сотиб олган эдим, ўша ерни кўргани боришим керак. Илтимос, мени кечиринг.
[19] Бошқаси эса: — Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани кетяпман. Илтимос, мени кечиринг, — дебди.
[20] Яна бошқаси: — Мен янги уйландим, шунинг учун бора олмайман, — дебди.
[21] Хизматкор қайтиб келиб, хўжайинига ахборот берибди. Шунда уй соҳиби ғазабланиб, хизматкорига буюрибди: — Ҳозироқ шаҳар кўчаларини, йўлакларини айланиб чиқ. Қашшоқ, чўлоқ, кўр ва шолларни бу ерга олиб кел.
[22] Бир оз вақтдан кейин хизматкор шундай деб келди: — Хўжайин, буюрганларингизни бажардим, лекин яна бўш жой қолди.
[23] Шунда хўжайин хизматкорига айтибди: — Йўлларга, йўлакларга бор, одамларни кўндириб олиб кел, токи уйим тўлсин.
[24] Сизларга айтай: таклиф қилинганларнинг бирортаси ҳам зиёфат таомларидан асло тотиб кўрмайди.”
[25] Катта бир оломон Исога эргашиб кетаётган эди. Исо уларга қараб деди:
[26] “Менга эргашган одам Мени ота–онасидан, ака–ука ва опа–сингилларидан, ҳатто ўз жонидан ортиқ севиши керак, акс ҳолда, у Менинг шогирдим бўлолмайди.
[27] Ўз хочини кўтариб, ортимдан юрмаган одам ҳам Менинг шогирдим бўлолмайди.
[28] Сизлардан бирортангиз минора қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми?
[29] Акс ҳолда, сиз пойдевор ётқизасиз–у, минорани битказа олмайсиз. Буни кўрганларнинг ҳаммаси устингиздан кулиб, шундай деб айтишади:
[30] «Бу одам қурилишни бошлади, аммо битира олмади.»
[31] Ёки қайси шоҳ бошқа бир шоҳга қарши урушга чиқишдан аввал ўтириб: «Душман йигирма минг аскари билан менга қарши келяпти, мен ўн минг аскарим билан унга бас кела оламанми?» деб ўйламайдими?!
[32] Кучи етмаса, душман ҳали узоқдалигида унинг олдига элчи юбориб, сулҳ тузайлик, деб илтимос қилади.
[33] Худди шу сингари, бор мол–мулкингиздан кечмасангиз, биронтангиз ҳам Менинг шогирдим бўла олмайсиз.
[34] Туз — яхши нарса. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади?!
[35] Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди, уни ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”