Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:37

[1] Исо шогирдларига шундай деди: “Бир бой одамнинг иш бошқарувчиси бор экан. Бойга, иш бошқарувчингиз мол–мулкингизни совуриб юрибди деган хабар етиб келди.

[2] Бой одам иш бошқарувчисини чақириб, унга шундай дебди: — Сен ҳақингда баъзи гапларни эшитдим. Бу нимаси?! Менга бошқарувинг тўғрисида ҳисобот бер, энди ишларимни сен бошқармайсан.

[3] Шунда иш бошқарувчи ўзига ўзи дебди: — Хўжайиним мени ишдан бўшатяпти. Энди нима қиламан? Ер чопишга кучим етмайди, садақа сўрашга уяламан.

[4] Эҳа, топдим! Бир иш қиламан, шунда бўшатилганимдан кейин одамлар уйларининг эшикларини мен учун очиб беришади.

[5] У вақтни бой бермай, хўжайиннинг қарздорларини бирма–бир чақирибди. Биринчисидан сўрабди: — Хўжайинимдан қанча қарзинг бор?

[6] — Икки юз кўза зайтун мойи, — деб жавоб берибди у. — Тилхатингни ол, тезда ўтириб юз кўза деб ёз! — дебди унга иш бошқарувчи.

[7] Кейин бошқасидан ҳам сўрабди: — Сенинг қанча қарзинг бор? — Минг тоғора буғдой, — деб жавоб берибди у. Унга ҳам: — Тилхатингни ол, саккиз юз тоғора деб ёз! — дебди иш бошқарувчи.

[8] Ҳа, айёр иш бошқарувчи ишини боплаб бажарди! Чиндан ҳам бу дунёнинг одамлари замондошлари орасида нур аҳлига қараганда ўз ишига анча пишиқдирлар.

[9] Мен сизларга айтаман: бу дунёнинг бойлигидан фойдаланиб дўст орттиринглар, токи бу бойлик тугагач, Худо сизни абадий масканига қабул қилсин.

[10] Кичик ишда садоқатли бўлган одам катта ишда ҳам садоқатли бўлади. Кичик ишда садоқатсиз бўлган эса катта ишда ҳам садоқатсиз бўлади.

[11] Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?!

[12] Агар сизга бошқаларнинг нарсасини ишониб топшириб бўлмаса, ўзингизга аталган нарсани сизга ким беради?!

[13] Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.”

[14] Пулпараст фарзийлар буларни эшитиб, Исони мазах қилдилар.

[15] Исо уларга деди: “Сизлар одамлар олдида ўзингизни тақводор қилиб кўрсатасизлар, лекин Худо юрагингизни билади. Одамзод кўкка кўтарган нарсалар Худонинг назарида жирканчдир.

[16] Яҳё ва ундан олдин келганлар Таврот ва Пайғамбарлар битикларини эълон қилганлар. Энди эса Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар эълон қилинмоқда ва ҳар бир одам бу Шоҳликка киришга ундалмоқда.

[17] Бироқ Тавротдан бир нуқтанинг йўқолишидан кўра, еру осмоннинг йўқолиши осонроқдир.

[18] Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, эри билан ажрашган хотинга уйланган киши ҳам зино қилган бўлади.

[19] Бир бой одам бор экан. У қимматбаҳо либослар кийиб юрар, ҳар куни дабдабали ҳаёт кечирар экан.

[20] Бойнинг дарвозаси олдида бутун баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ гадой ётар экан.

[21] У бой дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорин тўйдиришни орзу қилар экан. Итлар келиб унинг яраларини ялаб кетар экан.

[22] Бир куни гадой ўлиб қолибди, фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига олиб кетибдилар. Кейин бой ҳам ўлиб, дафн қилинибди.

[23] Жаҳаннамда азоб чекаётган бой бошини кўтариб, узоқда Иброҳимни ва унинг ёнидаги Лазарни кўрибди.

[24] Сўнг шундай деб фарёд қилибди: — Эй Иброҳим ота! Менга раҳм қилиб Лазарни юборинг. У бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин. Бу аланга ичида азоб чекяпман!

[25] Иброҳим унга шундай деб жавоб берибди: — Унутма, ўғлим, сен ҳаётлигингда ҳамма яхши нарсаларингни олиб бўлдинг, Лазар эса фақат ёмонлик кўрди. Энди у бу ерда тасалли топяпти, сен бўлсанг, азоб чекяпсан.

[26] Бундан ташқари, сен билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Бу ердан сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўта олмайдилар ва у ердан биз томонга ҳам ўтмайдилар.

[27] Шунда бой айтибди: — Ундай бўлса, эй ота, сиздан ўтиниб сўрайман, Лазарни отамнинг уйига юборинг.

[28] Менинг бешта укам бор. Улар ҳам бу азобли жойга келмасликлари учун уларни огоҳлантириб қўйсин.

[29] Иброҳим жавоб берибди: — Уларда Мусонинг ва пайғамбарларнинг битиклари бор–ку, ўшаларга қулоқ солишсин.

[30] Бой эса: — Йўқ, Иброҳим ота, улар қулоқ солмайдилар. Аммо ўликлардан бири уларнинг олдига борса, ўшанда тавба қиладилар, — дебди.

[31] Иброҳим шундай дебди: — Агар Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солмаган бўлсалар, ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар.”

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters