[1] Исо Ерихо шаҳрига кириб, шаҳар бўйлаб ўтаётган эди.
[2] Бу шаҳарда Заккай деган бир одам бор эди. У солиқчилар бошлиғи бўлиб, бой эди.
[3] Заккай “Исо ким экан?” деб Уни кўришга уринарди, аммо одам кўплигидан кўра олмасди, чунки унинг бўйи паст эди.
[4] У олдинга югуриб, Исони кўриш учун шикамора–анжир дарахти устига чиқиб олди. Исо ўша ердан ўтиши керак эди.
[5] Исо у ерга келганда, юқорига қараб, Заккайга деди: — Заккай! Тезроқ пастга туш, Мен бугун сенинг уйингда меҳмон бўлишим керак.
[6] Заккай дарров пастга тушди, Исони қувонч билан уйига таклиф қилди.
[7] Буни кўрганларнинг ҳаммаси: “Исо бир гуноҳкор одамнинг уйига меҳмонга борди”, деб норозилик билдиришди.
[8] Заккай эса ўрнидан туриб, Раббимиз Исога деди: — Ҳазрат, мен мол–мулкимнинг ярмини камбағалларга бераман. Бирон кимсанинг нарсасини ноҳақ олган бўлсам, тўрт баробар қилиб қайтараман.
[9] Исо унга шундай жавоб берди: — Бугун бу хонадонга нажот келди, чунки бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғлидир.
[10] Инсон Ўғли йўқолганни излаб топиш ва уни қутқариш учун келган.
[11] Оломон Исонинг бу сўзларини тинглар экан, Исо гапини бир масал билан давом эттирди. Чунки Исо Қуддусга яқинлашиб қолган эди, одамлар ҳам, Худонинг Шоҳлиги ҳозир зоҳир бўлиши керак, деб ўйлардилар.
[12] Исо шундай деди: “Бир зодагон одам узоқ мамлакатга кетмоқчи бўлибди. У ерда шоҳлик тахтини эгаллаб, қайтиб келмоқчи эди.
[13] Кетишдан олдин у хизматкорларидан ўнтасини чақирибди–да, ҳар бирига бир тилладан бериб, шундай дебди: — Мен қайтиб келгунимча, бу пулларни ишга солинглар.
[14] Ҳолбуки, бу зодагоннинг ҳамюртлари уни ёмон кўришар экан. Унинг орқасидан: «Бу одам бизга шоҳ бўлмасин, истамаймиз», деб айтиш учун элчилар юборишибди.
[15] Аммо зодагон шоҳлик тахтини эгаллаб, қайтиб келибди. Сўнг ўзи пул берган хизматкорларини чақиртириб, ким қанча фойда олганини билмоқчи бўлибди.
[16] Биринчиси келиб: — Шоҳ ҳазратлари, сизнинг тиллангиз ўн тилла фойда олиб келди, — дебди.
[17] Шоҳ унга: — Баракалла! Сен яхши хизматкорсан! Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун ўнта шаҳар устидан ҳоким бўласан, — дебди.
[18] Иккинчиси келиб: — Шоҳ ҳазратлари, сизнинг тиллангиз беш тилла фойда келтирди, — дебди.
[19] Унга ҳам: — Сен ҳам бешта шаҳарга ҳокимлик қиласан, — дебди.
[20] Сўнг учинчи хизматкори келиб: — Шоҳ ҳазратлари! — дебди, — мана сизнинг тиллангиз, мен уни рўмолчага тугиб сақладим.
[21] Мен сиздан қўрқдим, сиз қаттиққўл одамсиз. Сиз бермасдан оласиз, экмасдан ўрасиз.
[22] Шоҳ эса унга: — Эй ёмон хизматкор! — деб дўқ урди, — мен сени ўз сўзларинг бўйича ҳукм қиламан! Менинг қаттиққўллигимни ҳамда бермасдан олишимни, экмасдан ўришимни билар экансан,
[23] нега пулимни муомалага киритмадинг? Мен қайтиб келганимдан кейин, пулимни фойдаси билан олган бўлардим.
[24] Сўнг ёнида турганларга дебди: — Унинг қўлидан тиллани олиб, ўн тилласи борга беринглар.
[25] — Эй олампаноҳ, унинг ўн тилласи бор–ку! — дейишибди улар.
[26] — Сизларга шуни айтай: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади.
[27] Энди менинг шоҳ бўлишимни истамаган душманларимга келсак, уларни шу ерга олиб келиб, кўз олдимда қатл қилинглар.”
[28] Исо шу гапларни айтгандан кейин, йўлида давом этиб, Қуддусга кетди.
[29] Зайтун тоғи этагидаги Байтфагия билан Байтания қишлоқларига яқинлашгач, У шогирдларидан иккитасига деди:
[30] — Анави қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, боғлиқ турган ва ҳеч қачон минилмаган хўтикни кўрасизлар. Ўша хўтикни ечиб, бу ерга олиб келинглар.
[31] Агар кимдир сизлардан: “Хўтикни нега ечяпсизлар?” — деб сўраб қолса, “Бу хўтик Раббимиз Масиҳга керак”, — деб айтинглар.
[32] Шогирдлар бориб, худди Исонинг айтганини топдилар.
[33] Хўтикни ечаётганларида унинг эгалари: — Нега хўтикни ечяпсизлар? — деб сўрашди.
[34] Шогирдлар: — У Раббимиз Масиҳга керак, — дедилар.
[35] Хўтикни Исонинг олдига келтиришди–да, устига тўнларини ташлаб, Исони миндиришди.
[36] Исо хўтикни миниб кетаётганда, одамлар тўнларини йўлга пойандоз қилдилар.
[37] Исо Зайтун тоғидан тушадиган жойга етиб келганда, кўпдан–кўп шогирдлар кўрган барча мўъжизаларни эслаб шодландилар ва баланд овозда Худога ҳамду санолар айтдилар:
[38] “Эгамиз номидан келаётган Шоҳ барака топсин! Осмонда тинчлик, фалак тоқида шон–шарафлар бўлсин!”
[39] Шунда оломон орасидан баъзи фарзийлар Исога: — Устоз, шогирдларингизни жим қилинг! — дейишди.
[40] Исо эса уларга деди: — Сизларга шуни айтай: агар булар жим бўлса, тошлар чинқиради!
[41] Исо Қуддусга кирай деганда, шаҳарни кўриб, йиғлаб юборди:
[42] “Тинчлик учун нималар зарурлигини бугун сен билсайдинг! Аммо булар сенга қоронғи.
[43] Бошингга шундай кунлар келади: душманларинг атрофингга тупроқ уядилар, сени ўраб оладилар, ҳар томондан сиқувга оладилар.
[44] Бағрингдаги фарзандларингни қириб ташлайдилар. Сени шу қадар вайрон қиладиларки, шаҳрингда ҳатто тош устида турган тош қолмайди. Чунки Худо сени қутқаргани келганди, аммо сен бу имкониятни қўлдан бой бердинг.”
[45] Исо Маъбадга кириб, ичкарида савдо–сотиқ қилаётганларни қувиб чиқара бошлади.
[46] Уларга шундай деди: — “Менинг уйим ибодат уйи бўлади”, деб Муқаддас битикларда ёзилган–ку! Сизлар эса Худонинг уйини қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар!
[47] Исо ҳар куни Маъбадда таълим берарди. Бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва халқ йўлбошчилари эса Уни ҳалок қилиш пайига тушдилар.
[48] Лекин бунинг чорасини топмадилар, чунки бутун халқ Исонинг сўзларини жону дили билан тинглар эди.