Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:08

[1] Бир куни Исо Маъбадда халққа таълим бериб, Хушхабар айтаётган эди. Шу пайт бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар келиб қолдилар.

[2] Улар Исодан сўрадилар: — Бизларга айтинг–чи, Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?

[3] Исо уларга шундай жавоб берди: — Мен ҳам сизларга бир савол берайин, Менга айтинглар:

[4] Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?

[5] Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар: — Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди.

[6] Агар: “Инсондан”, — десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади, чунки халқ Яҳёнинг пайғамбарлигига қатъий ишонади.

[7] Шундай қилиб, улар: — Қаерданлигини билмаймиз, — деб жавоб бердилар.

[8] Исо уларга деди: — Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.

[9] Исо халққа қуйидаги масални айтди: “Бир одам узумзор барпо қилибди. Узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи узоқ вақтга сафарга кетибди.

[10] Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди. Аммо боғбонлар хизматкорни калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.

[11] Кейин узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини юборибди. Боғбонлар бу хизматкорни ҳам уриб, шарманда қилиб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.

[12] Яна учинчисини юборибди, уни ҳам ярадор қилиб, қувиб чиқаришибди.

[13] Кейин узумзор эгаси ўйлабди: «Энди нима қилсам экан? Энди суюкли ўғлимни юбораман. Балки боғбонлар уни ҳурмат қилишар.»

[14] Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўришлари билан ўзаро муҳокамага тушиб: — Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди–да,

[15] ўғлини узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди. Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси уларни нима қилар экан?

[16] У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорини эса бошқаларга ижарага беради.” Буни эшитганлар: — Худо кўрсатмасин! — деб юборишди.

[17] Исо эса уларга тикилиб, шундай деди: — Ундай бўлса, Муқаддас битиклардаги: “Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди”, деган сўзларнинг маъноси нима?

[18] Кимки бу тамал тошига йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.

[19] Исо айтган бу масал тафсирчилар билан бош руҳонийларга қарши айтилган эди. Улар буни англаб етдилар ва шу заҳоти Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрқдилар.

[20] Тафсирчилар билан бош руҳонийлар Исони кузатиб юрдилар. Унинг ортидан ўзларини самимий кўрсатадиган одамларни қўйдилар. Улар эса Исони тилидан илинтириб, ҳокимнинг қўлига ва ҳукмига бермоқчи эдилар.

[21] Шунинг учун улар Исога дедилар: — Устоз, Сиз айтаётган сўзларингиз ва ўргатаётган таълимотингиз тўғри эканини биламиз. Сиз ҳеч кимга юз–хотир қилмай Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз.

[22] Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?

[23] Исо уларнинг маккорлигини англаб, деди:

[24] — Қани, Менга бир динор кўрсатинглар! Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники? — Қайсарники, — деб жавоб берди улар.

[25] Исо: — Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди.

[26] Улар халқнинг кўз ўнгида Исони тилидан илинтира олмадилар. Исонинг жавобидан лол қолиб, жим бўлдилар.

[27] Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:

[28] — Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин. Туғилган бола марҳум акасиники ҳисобланади.

[29] Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтибди.

[30] Сўнг иккинчиси ўша хотинни олиб, бола кўрмай ўлибди.

[31] Учинчиси ҳам худди шу кўйга тушибди. Хуллас, еттала ака–уканинг ҳаммаси ўша хотинга уйланиб, фарзандсиз ўтиб кетибди.

[32] Охирида хотин ҳам қазо қилибди.

[33] Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда ўша аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!

[34] Исо уларга шундай жавоб берди: — Бу дунёда одамлар уйланадилар ва эрга тегадилар.

[35] Аммо ўликдан тирилишга ва келажакдаги дунёда яшашга сазовор бўлганлар у дунёда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар.

[36] Улар бамисоли фаришталардай бўлганлари учун ҳеч қачон ўлмайдилар. Улар Худонинг фарзандларидир, чунки тирилгандирлар.

[37] Ҳатто Мусонинг ўзи ҳам ўликларнинг тирилишини таъкидлаб, ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада Эгамизни “Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси” деб атаган.

[38] Зотан, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Худо учун ҳамма тирикдир.

[39] Тафсирчиларнинг баъзилари Исога яна савол беришга журъат этмаганлари учун: — Устоз, яхши гапирдингиз, — дедилар. Исо тафсирчиларга деди:

[41] — Нега Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?

[42] Мана, Довуднинг ўзи Забур китобида шундай деган: “Эгамиз айтмоқда Раббимга: Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”

[44] Демак, Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!

[45] Бутун халқ Исони тинглаб турар экан, У шогирдларига деди:

[46] — Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни, бозорларда юрганларида уларга салом беришларини яхши кўрадилар. Синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар.

[47] Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters