Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 9:13

[1] Азалда Калом бор эди. Калом Худо билан бирга эди, Калом Худо эди.

[2] Азалда У Худо билан бирга эди.

[3] Бутун борлиқ Калом орқали яратилган, Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.

[4] Калом ҳаёт манбаи эди, Бу ҳаёт инсонларнинг Нури эди.

[5] Нур зулматда порлайди, Ахир, зулмат Нурни енголмади.

[6] Худо Яҳё исмли бир одамни юборди.

[7] Яҳё Нур ҳақида шаҳодат қилгани келган эди, токи ҳамма унинг шаҳодати орқали имон келтирсин.

[8] Яҳёнинг ўзи Нур эмас эди, у фақат Нур ҳақида шаҳодат қилгани келганди.

[9] Ҳар бир одамни ёритадиган ҳақиқий Нур дунёга келаётган эди.

[10] Ҳа, Калом дунёда эди, Дунё У орқали яратилганди, Бироқ дунё Уни танимади.

[11] У Ўз юртига келди, Лекин Ўз халқи Уни қабул қилмади.

[12] Аммо Уни қабул қилганларнинг ҳаммасига, Унга имон келтирганларга, У Худонинг фарзанди бўлиш ҳуқуқини берди.

[13] Улар тана хоҳишидан эмас, Эр хоҳишидан ҳам эмас, Табиий йўл билан эмас, Балки Худодан туғилган фарзандлардир.

[14] Калом инсон бўлди, Орамизда яшади. У иноят ва ҳақиқатга тўлганди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.

[15] Яҳё У ҳақда гувоҳлик бериб, баланд овозда деди: “Менинг кетимдан келаётган Зот мендан улуғдир, чунки У мендан олдин мавжуд бўлган, деб мана шу Киши ҳақида айтган эдим.”

[16] Унинг чексиз инояти туфайли Биз ҳаммамиз барака устига барака олдик.

[17] Худо қонунни Мусо орқали берди, Иноят ва ҳақиқатни эса У Исо Масиҳ орқали кўрсатди.

[18] Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас, Самовий Отанинг бағридаги, Аслида Худо бўлган ягона Ўғил Уни бизга танитди.

[19] Қуддусдаги яҳудийлар Яҳёнинг олдига руҳонийларни ва левиларни юбордилар. Улар келиб, Яҳёдан: — Сен кимсан? — деб сўрадилар. Яҳё жавоб беришдан бош тортмади. У шаҳодат бериб, очиқ–ойдин: — Мен Масиҳ эмасман, — деб айтди.

[21] Яна ундан: — Бўлмаса кимсан? Илёсмисан? — деб сўрадилар. — Йўқ! — деди у. — Биз кутаётган пайғамбармисан? — деб савол бердилар. У яна: — Йўқ! — деб жавоб берди.

[22] — Унда кимсан? Бизни юборганларга жавоб беришимиз керак. Сен ўзинг ҳақингда нима дейсан? — деб сўрадилар.

[23] — Ишаё пайғамбар айтганидай: “Эгамизга тўғри йўл очинг”, деб чўлда янграётган овоз менман, — деди Яҳё.

[24] Фарзийлар томонидан юборилган бу одамлар

[25] Яҳёга дедилар: — Модомики, сен Масиҳ ҳам, Илёс ҳам, биз кутган пайғамбар ҳам эмас экансан, нега халқни сувга чўмдириб юрибсан?

[26] Яҳё уларга жавобан шундай деди: — Мен одамларни сувга чўмдиряпман, холос. Лекин орангизда сизлар танимайдиган бир Зот бор.

[27] У менинг ортимдан келяпти, шундай бўлса–да, мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман.

[28] Бу ҳодиса Иордан дарёсининг шарқий қирғоғидаги Байтания қишлоғида юз берган эди. Яҳё ўша ерда одамларни сувга чўмдириб юрарди.

[29] Эртаси куни Яҳё Исонинг яқинлашиб келаётганини кўриб, шундай деди: — Ана, Худонинг Қўзиси! У дунёни гуноҳдан поклайди!

[30] Мен ана шу Киши ҳақида: “Менинг кетимдан келаётган Зот мендан улуғдир, чунки У мендан олдин мавжуд бўлган”, деб айтган эдим.

[31] Мен Унинг кимлигини билмас эдим. Лекин Уни Исроил халқига танитиш мақсадида, мен одамларни сувга чўмдиргани келдим.

[32] Яҳё яна шундай шаҳодат берди: — Мен Руҳнинг осмондан каптардай учиб келганини ва Унинг устига қўнганини кўрдим.

[33] Ўша пайтгача мен Унинг кимлигини билмас эдим. Лекин “Одамларни сувга чўмдирасан”, деб мени юборган Худо менга шундай деган эди: “Муқаддас Руҳ кимнинг устига тушиб қўнганини кўрсанг, билки, Муқаддас Руҳга Чўмдирувчи Ўшадир.”

[34] Мен буни кўрдим ва сизларга: “Бу Худонинг Ўғлидир”, деб айтяпман.

[35] Эртаси куни Яҳё шогирдларининг иккитаси билан яна кечаги жойда эди.

[36] У ўтиб кетаётган Исога қараб: — Ана, Худонинг Қўзиси! — деди.

[37] Иккала шогирд Яҳёнинг бу сўзларини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашиб боришди.

[38] Исо ўгирилиб, уларнинг эргашиб келаётганини кўрди–да, улардан: — Сизларга бирон нарса керакми? — деб сўради. — Раввий, Сиз қаерда турасиз? — дейишди улар. (Раввий “устоз” демакдир.)

[39] — Юринглар, кўрасизлар, — деди Исо. Улар бориб, Исонинг турар жойини кўрганларида, соат тўрт бўлиб қолган эди. Шунинг учун улар ўша куни Исо билан қолишди.

[40] Яҳёдан Исо ҳақида эшитиб, Унга эргашганлардан бири Эндрус эди. Эндрус Шимўннинг укаси эди.

[41] У дарров акаси Шимўнни топди–да, унга: — Биз Масиҳни топдик, — деди. (Масиҳ “Худонинг танлагани” демакдир.)

[42] Эндрус акасини Исонинг олдига олиб келди. Исо унга қараб: — Сен Юҳанно ўғли Шимўнсан. Сенинг исминг Кифас бўлади, — деди. (Кифас юнончада Бутрус, яъни “тош” демакдир.)

[43] Эртаси куни Исо Жалила ҳудудига бормоқчи бўлди. У Филипни учратиб, унга: — Ортимдан юр! — деди.

[44] Филип Байтсайда шаҳридан бўлиб, Эндрус ва Бутруснинг ҳамшаҳари эди.

[45] Филип Натанилни топиб, унга деди: — Мусо Таврот китобида, бошқа пайғамбарлар ҳам ўзларининг битикларида бир Зот тўғрисида ёзишган эди. Биз ўша Зотни топдик. У Носира шаҳридан, Юсуф ўғли Исо экан!

[46] — Носира шаҳридан? У ердан бирон яхшилик чиқармиди?! — деди Натанил унга. — Юр, кўрасан! — деди унга Филип.

[47] Исо яқинлашиб келаётган Натанилни кўриб, у ҳақда шундай деди: — Ана Исроилнинг ҳақиқий авлоди. У ҳийла деган нарсани билмайди.

[48] Натанил Исодан сўради: — Сиз мени қаердан танийсиз? — Филип сени чақирмасдан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, — деб жавоб берди Исо.

[49] Шунда Натанил деди: — Устоз, Сиз Худонинг Ўғлисиз! Исроилнинг Шоҳисиз!

[50] Исо унга жавобан деди: — Мен сенга: “Сени анжир дарахти тагида кўрдим” деганим учунгина ишоняпсан. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан!

[51] Сўнг яна шундай деб қўшиб қўйди: — Сизларга чинини айтайин: сизлар осмон очилганини ва Худонинг фаришталари Инсон Ўғли олдига тушиб–чиқаётганини кўрасизлар.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters