Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:50

[1] Ҳамма солиқчилар ва гуноҳкорлар Исонинг таълимотини тинглаш учун келар эдилар.

[2] Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари: “Ана, У гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан бирга еб–ичяпти”, деб минғирлаб норози бўлдилар.

[3] Исо эса уларга қуйидаги масални айтиб берди:

[4] “Сизларнинг орангизда кимнингдир юзта қўйи бўлса–ю, биттаси адашиб қолса, тўқсон тўққизтасини яйловда қолдириб, адашган қўйни топмагунча қидирмайдими?

[5] Ўша қўйини топганда, хурсанд бўлиб елкасига кўтариб олади.

[6] У уйига келиб, дўстларини, қўшниларини чақиради ва уларга: — Мен йўқолган қўйимни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — деб айтади.

[7] Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавбага ҳожат сезмаган тўқсон тўққизта солиҳ одамдан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун самода кўпроқ шодлик бўлади.

[8] Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси бўлса–да, биттасини йўқотиб қўйса, у чироқ ёқиб тангани топмагунча уйини супуриб–сидириб синчиклаб қидирмайдими?!

[9] Тангани топгач, дугоналарини ва қўшниларини чақириб: — Мен йўқолган тангамни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — дейди.

[10] Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавба қилган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида шодлик бўлади.”

[11] Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан.

[12] Уларнинг кичиги отасига: — Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди. Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди.

[13] Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди.

[14] Борини исроф қилгандан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди.

[15] У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни боқишга юборибди.

[16] Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.

[17] Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди: — Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман.

[18] Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим.

[19] Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”

[20] Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб, ўпибди.

[21] Кейин ўғли отасига айтибди: — Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман.

[22] Отаси эса хизматкорларига буюрибди: — Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар.

[23] Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик.

[24] Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди. Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар.

[25] Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди.

[26] Хизматкорлардан бирини чақириб: — Нима гап? — деб сўрабди.

[27] — Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.

[28] Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди.

[29] Аммо у отасига шундай жавоб берибди: — Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз.

[30] Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!

[31] Отаси унга шундай жавоб берибди: — Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники.

[32] Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters