[1] Ўша кунларда Қайсар Август: “Бутун Рим империясидаги аҳоли рўйхатга олинсин”, деган фармон чиқарди.
[2] Бу илк аҳоли рўйхати бўлиб, Сурияда Квириниюс ҳоким бўлган пайтда ўтказилди.
[3] Рўйхатдан ўтиш учун ҳамма ўз шаҳрига борди.
[4] Юсуф ҳам Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳрига йўл олди. Бу шаҳар Довуд шаҳри эди. Юсуф Довуд хонадонидан, унинг наслидан эди.
[5] Юсуф рўйхатдан ўтгани Марямни ҳам ўзи билан олиб кетди. Марям Юсуфга унаштирилган бўлиб, фарзанд кутаётган эди.
[6] Улар ўша ерда бўлганларида Марямнинг ой–куни тўлди.
[7] У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки меҳмонхонада уларга жой йўқ эди.
[8] Байтлаҳм яқинида чўпонлар бор эди. Улар тунда яйловдаги сурувини қўриқлаш учун далада ётиб қолган эдилар.
[9] Уларнинг қаршисида Эгамизнинг бир фариштаси пайдо бўлди, Эгамизнинг улуғворлиги уларнинг атрофини ёритиб юборди. Чўпонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар.
[10] Аммо фаришта уларга шундай деди: — Қўрқманглар! Мен сизларга Хушхабар олиб келдим. Бу хабар ҳаммага буюк қувонч келтиради.
[11] Бугун Довуд шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У Масиҳдир, бизнинг Раббимиздир.
[12] Мана, сизларга Унинг белгиси: охурда ётган, йўргакланган Чақалоқни топасизлар.
[13] Бирдан фариштанинг ёнида само лашкари бўлмиш сон–саноқсиз фаришталар пайдо бўлди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди:
[14] “Фалак тоқидаги Худога шарафлар бўлсин, Худодан марҳамат топган ердаги бандаларга тинчлик келсин!”
[15] Фаришталар осмонга кўтарилиб кетгандан кейин, чўпонлар бир–бирига дедилар: — Қани, Байтлаҳмга борайлик! Эгамиз бизга айтган воқеа юз берганини кўрайлик!
[16] Улар шоша–пиша бордилар, Марям, Юсуф ва охурда ётган Чақалоқни кўрдилар.
[17] Улар Чақалоқни кўриб, фаришта бу Чақалоқ тўғрисида нималар айтганини гапириб бердилар.
[18] Чўпонларнинг гапини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайратга тушди.
[19] Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди.
[20] Чўпонлар қайтиб кетаётиб, Худони улуғлаб, Унга ҳамду санолар айтдилар. Чунки эшитган ва кўрганларининг ҳаммаси худди фаришта айтгандай содир бўлганди.
[21] Орадан саккиз кун ўтди. Чақалоқни суннат қиладиган пайт келди. Унга Исо деб исм қўйдилар. Исо она қорнида пайдо бўлмасдан олдин, фаришта Унга шу исмни берган эди.
[22] Мусонинг қонунига кўра, Марям покланиш кунларига риоя қилди. Бу муддат тугагач, Марям билан Юсуф Қуддусга бордилар. У ерда покланиш қурбонлигини келтириб, Эгамизнинг қонунидаги: “Иккита каптар ёки иккита мусича келтирилсин” деган амрни бажардилар. Улар Болани ҳам Эгамизга тақдим қилмоқчи бўлиб, Уни ўзлари билан Қуддусга олиб борган эдилар. Чунки Эгамизнинг қонунида: “Ҳар бир тўнғич ўғил Эгамизга бағишланиши керак”, деб ёзилган.
[25] Ўша пайтда Қуддусда Шимўн деган бир одам бор эди. У солиҳ, тақводор одам бўлиб, Исроилнинг нажот топишини интизор бўлиб кутар эди. Муқаддас Руҳ унга ёр эди.
[26] Муқаддас Руҳ унга: “Эгамиз ваъда қилган Масиҳни сен кўрмагунингча, ўлмайсан”, деб аён қилган эди.
[27] Шундай қилиб, Шимўн Муқаддас Руҳ бошчилигида Маъбадга борди. Исонинг ота–онаси қонунда буюрилган маросимни бажариш учун Чақалоқни Маъбад ҳовлисига олиб кирдилар.
[28] Шунда Шимўн Чақалоқни қўлига олиб, Худога ҳамду сано айтди:
[29] “Эй Эгам, ваъдангни Сен бажо айладинг, Энди тинчгина ўлишга рози бу қулинг.
[30] Зеро, ўз кўзим ила кўрдим Қутқарувчини,
[31] Барча эллар олдида ҳозирлаган нажотингни.
[32] Ғайрияҳудийларга аён бўладиган нурдир У, Халқинг Исроилнинг шуҳратидир У.”
[33] Юсуф ҳам, Марям ҳам Исо ҳақида айтилган бу сўзлардан ҳайратга тушдилар.
[34] Шимўн уларни дуо қилиб, Исонинг онаси Марямга деди: — Мана шу гўдак Исроил халқи орасида кўп одамларнинг қулашига ва юксалишига сабабчи бўлади. У Худодан аломат бўлади, Уни кўплар рад этади.
[35] Натижада кўпларнинг сирли фикрлари ошкор бўлади. Сенинг қалбингга ҳам қилич санчилади.
[36] У ерда Ханна исмли кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У Ошер қабиласидан Паниёл деган одамнинг қизи эди. У турмушга чиқиб, эри билан етти йил яшади.
[37] Сўнг бева қолган эди. У саксон тўрт йил давомида бева бўлиб, ҳеч қачон Маъбадни тарк этмасди. Рўза тутиб, ибодат қилиб, кечаю кундуз Худога сажда қиларди.
[38] Шимўн Марям ва Юсуфга гапириб турган пайтда Ханна уларга яқинлашиб, Худога шукроналар айтди. У Қуддуснинг озод қилинишини интизорлик билан кутганларнинг ҳаммасига бу Бола ҳақида сўзлай бошлади.
[39] Юсуф билан Марям Эгамизнинг қонунидаги ҳамма талабларни бажарганларидан кейин, Жалилага, ўз шаҳри Носирага қайтиб бордилар.
[40] Бола улғайиб, кучга ва доноликка тўлиб борарди. У Худонинг инояти остида эди.
[41] Исонинг ота–онаси ҳар йили Фисиҳ байрамида Қуддусга борар эдилар.
[42] Исо ўн икки ёшда бўлганда, улар яна одатдагидай байрам қилиш учун Қуддусга бордилар.
[43] Байрамдан кейин улар уйга қайтар эканлар, ўсмир Исо Қуддусда қолди. Ота–онаси эса бундан бехабар эди.
[44] Улар, Исо йўловчилар орасида келяпти, деб ўйлашди. Бир кун йўл босганларидан кейин, Исони қариндош–уруғлари ва таниш–билишлари орасидан қидира бошладилар.
[45] Уни топа олмаганларидан кейин, Қуддусга қайтиб, Исони ўша ердан қидирдилар.
[46] Уч кундан сўнг Уни Маъбаддан топдилар. У муаллимлар орасида ўтирарди, уларнинг гапларига қулоқ солиб, саволлар берарди.
[47] Исонинг гапларини эшитганларнинг ҳаммаси Унинг фаҳм–идрокига ва бераётган жавобларига ҳайрон қолардилар.
[48] Ота–онаси Уни кўриб, ажабландилар. Онаси Унга деди: — Ўғлим, бу нима қилганинг? Отанг икковимиз Сени қидиравериб адойи тамом бўлдик–ку!
[49] — Нега Мени қидирдингизлар? — деди Исо. — Мен самовий Отамнинг уйида бўлишим кераклигини наҳотки билмаган бўлсангизлар?!
[50] Аммо улар Исонинг айтган гапини тушунмадилар.
[51] Исо улар билан Носирага қайтиб кетди. Доим ота–онасига итоат қилди. Онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб қўйди.
[52] Исо улғайиб, йиллар ўтган сари доно бўлиб борарди. У Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонарди.