Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:02

[1] Исо Иордан дарёсидан Муқаддас Руҳга тўлиб қайтди. Руҳ Уни саҳрога бошлаб кетди.

[2] Саҳрода Исони иблис қирқ кун васвасага солди. Ўша кунлар давомида Исо ҳеч нарса емади, охири оч қолди.

[3] Шунда иблис Исога деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошга буюр, нонга айлансин!

[4] Исо унга шундай жавоб берди: — Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан яшамайди.”

[5] Сўнг Исони иблис тепаликка олиб чиқиб, бир лаҳзада Унга оламнинг барча шоҳликларини кўрсатди.

[6] У Исога деди: — Сени ана шу шоҳликлар устидан ҳукмрон қиламан, уларнинг шон–шуҳратини Сенга бераман. Буларнинг ҳаммаси менга берилган, мен эса истаганимга бераман.

[7] Менга сажда қил, шунда ҳаммаси Сеники бўлади.

[8] Исо жавоб бериб деди: — Ёзилганки: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил.”

[9] Кейин иблис Исони Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла.

[10] Ахир, ёзилган–ку: “Худо Сен тўғрингда фаришталарига амр беради, Фаришталар Сени қўриқлайди.

[11] Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея, Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”

[12] Исо иблисга жавобан деди: — Яна ёзилганки: “Эганг Худони синама.”

[13] Иблис ҳар томонлама Исони васвасага солиб бўлгандан сўнг Унинг ёнидан кетди, бироқ қайтиб келиш учун фурсат пойлаб юрди.

[14] Исо Руҳ қудратига тўлиб, Жалила ҳудудига қайтди. У ҳақидаги овоза бутун атрофга тарқалди.

[15] У синагогаларда таълим берарди, ҳамма Уни мақтарди.

[16] Сўнг Исо Ўзи улғайиб ўсган шаҳри Носирага борди. Ўз одати бўйича Шаббат кунида синагогага кириб, Муқаддас битикларни ўқиш учун ўрнидан турди.

[17] Унга Ишаё пайғамбарнинг ўрамини узатдилар. У ўрамни очиб, қуйидаги парчани топиб ўқиди:

[18] “Эгамизнинг Руҳи мени қамради. Йўқсилларга Хушхабар етказмоқ учун Эгам мени танлади. Зиндондагиларга эркин бўласиз, деб айтмоқ учун, Кўрларга, кўзингиз очилади, деб хабар бермоқ учун, Асирларни озод қилмоқ учун,

[19] Эгамнинг марҳамат йилини маълум этмоқ учун Эгам мени юборди.”

[20] Кейин Исо ўрамни қайта ўради–да, хизматчига бериб, жойига ўтирди. Синагогадаги барчанинг кўзи Унга тикилди.

[21] Исо уларга деди: — Сизлар эшитган бу калом шу бугун бажо бўлди.

[22] Ҳамма Исони мақтар эди. Унинг латиф сўзларига маҳлиё бўлиб: “Наҳотки бу Одам Юсуфнинг ўғли бўлса?!” деб айтишарди.

[23] Исо уларга деди: — Билиб турибман, сизлар: “Эй табиб, ўзингни ўзинг даволаб кўр–чи!” деган иборани юзимга солмоқчисизлар. “Кафарнаҳумда қилган мўъжизалар ҳақида хабар топдик. Ўшаларни Ўз шаҳрингда ҳам қил”, деб айтмоқчисизлар.

[24] Сўнг Исо гапида давом этиб, деди: — Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди.

[25] Сизларга яна бир ҳақиқатни айтаман: Илёс пайғамбар даврида Исроил юртида кўп бевалар бор эди. Осмондан уч йилу олти ой давомида бир томчи ҳам ёмғир ёғмади, бутун юртда даҳшатли очарчилик бўлди.

[26] Аммо Худо Илёсни уларнинг биронтасига юбормай, фақатгина Сидон шаҳри яқинидаги Зорафатда яшовчи бир бевага юборган эди.

[27] Худди шу сингари, Элишай пайғамбар даврида ҳам Исроил юртида тери касаллигига чалинган кўп одамлар бор эди. Аммо биронтаси ҳам шифо топмади, фақат Суриялик Нўъмон шифо топди, холос.

[28] Синагогадаги одамлар буларни эшитгач, ҳаммалари ғазабланишди.

[29] Ўринларидан сакраб туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Носира шаҳри тепалик устида жойлашган эди. Одамлар Исони ўша тепаликнинг четига олиб бориб, жарликка ташламоқчи бўлишди.

[30] Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, Ўз йўлига кетди.

[31] Исо Жалиладаги Кафарнаҳум шаҳрига борди. Шаббат кунларида халққа таълим берадиган бўлди.

[32] Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У ҳокимият билан гапирарди.

[33] Шаҳардаги синагогада жинга чалинган бир одам бор эди. У овози борича бақириб деди:

[34] — Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми?! Сенинг кимлигингни биламан: Сен Худонинг Азизисан!

[35] Бироқ Исо жинга дўқ уриб: — Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди. Шунда жин ҳамманинг кўзи олдида ҳалиги одамни ерга ағнатиб, унинг ичидан чиқиб кетди. Одам ҳеч қандай зарар кўрмади.

[36] Ҳамма ҳайратда қолди. — Нима бўляпти ўзи?! У қудрату ҳокимият билан буйруқ берганда ёвуз руҳлар чиқиб кетяпти! — деб бир–бирларига гапирардилар.

[37] Исо ҳақидаги овоза бутун теварак–атрофга тарқалди.

[38] Исо синагогадан чиқиб, Шимўннинг уйига кирди. Шимўннинг қайнанаси қаттиқ иситмалаб ётган эди. Исодан, касални кўриб қўйинг, деб илтимос қилишди.

[39] Исо аёлнинг ёнига келиб, иситмага: “Аёлни тарк эт!” — деб буйруқ берди. Иситма аёлни тарк этди. Аёл ўша заҳоти ўрнидан туриб, уларга хизмат қила бошлади.

[40] Қуёш ботаётган пайтда, одамлар турли хасталикдан азоб чекаётган қариндош–уруғларини Исонинг олдига олиб келдилар. Исо ҳамма хасталарга қўлини қўйиб, шифо берди.

[41] Жинлар эса: “Сен Худонинг Ўғлисан!” — деб бақирганларича, кўплаб одамларни тарк этардилар. Исо жинларга дўқ уриб, уларнинг гапиришларига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг Масиҳ эканини билишарди.

[42] Тонг отгач, Исо шаҳарни тарк этиб, кимсасиз бир жойга кетди. Бир тўда оломон Уни излаб ортидан борди. Улар Исони топганларидан сўнг: “Ёнимиздан кетманг”, деб Уни олиб қолишга ҳаракат қилдилар.

[43] Исо эса одамларга шундай деди: — Мен Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларда ҳам эълон қилишим керак, Мен шу мақсадда юборилганман.

[44] Шундай қилиб, Исо юртдаги синагогаларда воизлик қилишни давом эттирди.

Луқо баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters